Болалар расмлари кўргазмаси очилди

1508

21 сентябрь – Халқаро тинчлик куни

 Дунёнинг турли нуқталарида уруш оловини пуркаб турганини яхши биласиз. Қаердадир гўзалликка, тинчликка ташна қалблар нидоси оламни тутса, қаердадир инсоният жаҳл отига миниб, бир-бирига қурол ўқталади: ер талашади, нефтга, олтинга, кўпроқ моддий бойликларга эгалик қилиш истагида билинар-билинмас, сезилар-сезилмас кураш олиб боради. Ўртада эса барчамизга бирдек зарур бўлган, буюк неъмат – тинчлик олислаб кетади. Унга қанча-қанча болажонлар, оталар, оналар зор. Ҳаловат саргаштаи сарсон, момолар, боболар қалбида хотиржамлик йўқ. Сўрагани тинчлик, омонлик!

21 сентябрь – Халқаро тинчлик куни. Ушбу сана БМТ бош ассамблеяси томонидан 1981 йил таъсис этилган ва 2001 йилдан буён нишонлаб келинади.       Шу муносабат билан Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ ваколатхонаси ҳамкорликда республикамиздаги болаларнинг санъат ва маданиятга бўлган қизиқишларини янада ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни тасвирий санъатга, бадиий ижодга бўлган қизиқиш ва эътиборини мустаҳкамлаш мақсадида республикамиздаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида “Яхшилик ва тинчлик диёри” мавзусида болалар расмлари кўргазмасини ташкил этди.

Бугун Ўзбекистон бадиий академиясига қарашли Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида мазкур кўргазманинг расмий очилиш тадбири бўлиб ўтди. Унда юртимиздаги  мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болажонларнинг тинчлик ва меҳр-оқибат мавзуларидаги тасаввурини намойиш этувчи энг сара ижодий ишлари  намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин  Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари – Фарҳод Тошмуҳамедов, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде,  Мактабгача таълим вазирлиги қошидаги жамоат кенгаши раиси, ШҲТ эксперти Эътибор Султоновалар сўзга чиқдилар. Кўргазма жорий йилнинг 30 сентябригача давом этади.

 

Зебо НАМОЗОВА,

«Ishonch»