Узумини енгу дорисини «суриштирманг»

2418

Узумчилик жаҳон миқёсида даромадли соҳалардан бири ҳисобланади. Масалан, юртимиз шароитида 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм сарфлаб, 4 йилдан сўнг ҳар мавсумда 250 миллион сўмдан соф даромад олиш мумкин.
Ёки бошқа мисол: агар 1 гектар ғаллазорда кўпи билан 20 миллион сўмлик маҳсулот етиштирилса, узумчиликда 300 миллион сўмгача даромад олиш мумкин.

Фикримизни Олтиариқ тумани мисолида давом эттирадиган бўлсак, бундан беш йил олдин бу ерда 30 минг тонна узум етиштирилган эди, эндиликда бу кўрсаткич икки баробарга кўпайиб, 60 минг тоннага етди.
– Айни вақтда ҳудудда 3 минг 700 гектар токзор бор, – дейди Олтиариқ тумани ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлимининг боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчилик бўйича бош мутахассиси Умиджон Бозоров. – Шундан 1,5 минг гектари аҳоли томорқаларида, қолган 2 минг 200 гектари ғаллазорлар қисқартирилиши ҳисобига янги ташкил этилган узумзорлар. Ўтган йили 86 миллион 400 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилгандик. Бу йил хорижлик харидорларимизга 100 миллион долларлик узум етказиб бермоқчимиз. Икки йилдан кейин эса янги токзорлар ҳосилга кириши эвазига экспорт ҳажмини кескин оширамиз.
Таҳлилларга кўра, жаҳон бозорида уруғсиз узумга талаб-эҳтиёж кес­кин суръатда ошиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, Олтиариқ туманида 100 гектар ерда узумнинг «Сўғдиёна» номли данаксиз нави етиштирилмоқда. У бош­­қа навлардан серҳосиллиги ва бозорбоплиги билан ажралиб туради.
Келинг, шу ўринда, узум етиштиришдаги қийинчиликлар ва муаммолар ҳақида ҳам бирров тўхталиб ўтайлик. Сиртдан кузатганда, узумни етиштириш осонга ўхшаб кўринади.
Аслида-чи?.. Унинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Масалан, олтиариқлик Ҳасан ва Ҳусан Ғофуровлар узумдан мўл ҳосил олишнинг ва уни сақлашнинг сир-асрорларини жуда яхши билишади. Шунинг учун ҳам одамлар уларни узумнинг «пири» ­дейишади. Бироқ эгизаклар бу борада катта тажрибага эга бўлишларига қарамай, уларни ҳам қийнаб келаётган муаммолар кўп. Мана, ўзингиз бир эшитиб кўринг.
– Олдинги мавсумдаги сингари бу йил ҳам узум йили бўлди, – дейди Ҳасан Ғофуров. – Натижада мўлжалдагидан кўпроқ ҳосил олдик. Биз салкам 50 сотих ерда узум етиштирамиз. Уни совутгичли омборхоналарда сақлашда ва хорижга олиб боришда ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо узумнинг душмани бўлмиш занг, чанг, шўр касаллик­лари ва зараркунандаларга қарши курашиш жуда оғир кечяпти. Сабаби – ўзимизда ишлаб чиқарилаётган препаратлар самарадорлиги анча паст. Йўриқнома бўйича фойдалансангиз ҳам, зараркунандаларни нобуд қилолмаяпти. Чет эллардан келтирилаётган дорилар эса қиммат. Жумладан, зараркунандаларга қарши қўлланиладиган «Ridomil gold» препарати ўтган йили 120-130 минг сўм атрофида эди, бу йил 300 минг сўмгача чиқиб кетди. Энг ачинарлиси, зарур пайтда уни топиш амримаҳол. Ёки бошқа мисол. Ток яхши ҳосил бериши учун минерал озуқалар керак. Тажрибамиздан ўтказдикки, маҳаллий заводларда тайёрланаётган маъданли ўғитларнинг самарадорлиги анча паст. Хориждан келадиган «Yara Mila» минерал ўғити анча фойдали. Фақат баҳоси қиммат, 25 килоси 450 минг сўм! Бунақа харажатни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтара олмайди. Демоқчи бўлганим, ўзимизда ҳам зараркунандаларга қарши яхши самара берадиган препаратлар ва минерал ўғитлар ишлаб чиқарилса, айни муддао бўларди.
Узум етиштиришда бой тажрибага эга Адҳамжон Юнусхўжаев ҳам касаллик­ларга нисбатан қўлланиладиган дорилар «қувватсиз»лигидан азият чекмоқда.
– Авваллари узум касалликлари кам бўларди, улардан қутулиш учун фақат олтингугуртдан фойдаланардик, – ­дейди у. – Ҳозир эса узум касалликларининг ўнга яқин тури пайдо бўлди.Баъзида қайси бири билан қандай курашишни ҳам билмай қоляпмиз. Устига-устак, зараркунандаларга қарши ишлатиладиган дорилар фойда бермаяпти. Шунинг учун ҳосилни сақлаб қолиш учун ­хориждан келтирилган қиммат дорилардан фойдаланишимизга мажбур бўляпмиз. Баъзан ўйлаб қоламан, наҳотки, ўзимизда шундай препаратларни ишлаб чиқаришнинг имкони бўлмаса…
Элёржон Отабоев ҳам тажрибали миришкорлардан. У 8 гектардан ортиқ майдонда ток парваришламоқда. Айни пайтда қора мерс, келинбармоқ ва хориждан келтирилган уруғсиз «Аватар» навли узумлар етиштирмоқда.
– Илгари айни узум пишган паллада четга чиқиш йўллари ёпиб ­қўйиларди. Оқибатда узумни арзон гаровга сотардик, – дейди у. – Ҳозир бундай тўсиқлар йўқ. Лекин узум етиштиришда энг катта муаммо унинг касалликларига қарши қўлланиладиган дорилар кутилган натижа бермаётгани бўлиб қолмоқда. Яқинда «Нурел» дорисидан фойдалангандим, заррача нафи тегмади. Унинг ўрнини босувчи хориждан келтирилган дори бор. Аммо 100 граммининг нархи 400 минг сўм атрофида. Ундан фойдаланмасак, узумдан ҳосил олишимиз даргумон. Агар самарадорлиги юқори шунақа дорилар ўзимизда ишлаб чиқарилса, фойдадан холи бўлмасди.
Кўриб турганингиздек, узум етиштирувчи боғбонларни бугунги кунда сув тақчиллиги ёки маҳсулотни сақлаш ­омборлари камлиги эмас, балки касалликларга қарши курашиш учун зарур препаратлар ва минерал ўғитларнинг самарадорлиги сустлиги қийнамоқда. Бу эса ушбу муаммога жиддий эътибор қаратиш, деҳқонларни ташвишлантираётган масалаларни ижобий ҳал этиш бўйича кескин чоралар кўриш зарурлигини англатади.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»