Вақтинчалик қувват зарари

432

ёхуд энергетик ичимликлар ҳақида нималарни биламиз?

Гапнинг дангалини айтганда, бугун озиқ-овқат дўконлари турли қувватбахш (энергетик) ичимликлар билан тўла. Демак, улар ниҳоятда кўп истеъмол қилиняпти.
Энди савол туғилади: хўш, уларнинг соғлиққа зарари йўқми? Фойдаси қандай?
Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, мутахассисларнинг бир маълумотига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Яъни, энергетик ичимликлар таркибида 150 миллиграммдан ортиқ миқдорда кофеин, таурин ва инсон организмининг ҳаётий фаолиятини ўзгартирувчи бошқа таркибий қисмлар мавжуд.

Энди уларнинг оммалашишига келсак. Буни ҳам бир маълумотда кўрамиз. Мазкур ичимликлар таркибидаги кофеин психостимулятор модда бўлиб, у вақтинчалик тетиклик ҳиссини бериб, чарчаш ҳолатини енгиллаштириши, ақлий фаолиятни кучайтириши мумкин. Мана шу жиҳати билан улар «қувватбахш»дир.
Аммо маълум бир вақтдан сўнг (1-1,5 соат) инсон организмида чарчоқ баттар кучаяди, бош оғриғи пайдо бўлиб, ақлий ва жисмоний фаолият сусаяди. Тез-тез ва сурункали истеъмол қилувчиларда кейинчалик бўғим оғриқлари юзага келади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўсмирлар ва болалар учун ҳафта мобайнида кофеин истеъмолини 60 миллиграммдан оширмаслик зарурлигини тавсия қилган. Битта энергетик ичимлик таркибида ўртача 30 миллиграмм кофеин мавжудлиги инобатга олинса, унинг қанчалик зарарли экани маълум бўлади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 18 ёшга тўлмаган болалар ва ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабетга чалинган беморларга энергетик ичимликларни ичиш тақиқланади. Бундай ичимлик­ларни кўп истеъмол қилиш инсон танасидаги ҳужайра ва тўқималарга жиддий зарар етказиб, жигар, қандли диабет, саратон, юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқаради.
Энергетик ичимликлар таркибида тетиклантирувчи моддалар сабаб баъзи «фақат шуни ичсам, қувват оламан», деган фикр пайдо бўлади ва бора-бора ичимликка нисбатан доимий қарамлик келиб чиқади. Ачинарлиси, энергетик ичимликларга ўрганиб қолиши натижасида ўсмирлар келгусида кўплаб асаб касалликларига чалиниши мумкин. Чунки бундай ичимликлар инсонда қўрқув (стресс) ҳолатларини келтириб чиқаради. Баъзи шифокорларнинг фикрича, ҳатто бепуштликка ҳам олиб келиши мумкин.
Айни вақтда дунёнинг кўплаб давлатларида энергетик ичимлик­ларни сотишга турли қонуний чекловлар белгиланган. Масалан, аксарият мамлакатларда 18 ёшга тўлмаган шахсларга бу каби ичимликларни сотиш чекланган бўлса, Дания, Туркия, Норвегия, Исландия каби мамлакатларда ва АҚШнинг айрим штатларида энергетик ичимликлар сотуви бутунлай тақиқланган.
Мамлакатимизда ҳам бу борада бир қатор қонуний тартиблар белгиланган. Хусусан, энергетик ичимликлар рекламасида ичимликларни ичиш жараёнини намойиш этиш ман қилинган бўлиб, реклама истеъмолчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга, деган таассуротни юзага келтирмаслиги керак. Мазкур қонун талабларини бузганлик жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу ўринда савол туғилади: одам чанқаса ёки чарчаса, нима ичиши керак? Бунинг йўли оддий – оддий сув ичиш!
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, ёши катта инсонларда тананинг 60-70, болаларда 80-90 фоиз қисми сувдан иборат бўлиб, инсон ҳужайраларидаги барча жараёнлар сув орқали амалга ошади. Шу боис, организм қанча сув талаб қилаётган бўлса, шунча миқдорда сув ичиш зарур. Сув газланмаган, турли моддалар қўшилмаган бўлиши керак.
Айтмоқчи бўлганимиз шуки, ҳаётни мудом табиий қабул қилиш лозим. Сунъий нарсалар эса ҳар доим вақтинчалик бўлади.

Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА,
«ISHONCH»