Бизга «Касаба суғурта» керак!

1906

Тан олиш керак, меҳнат муҳофазасида мутаносиб­ликка эришиш йўлида кўп иш қилинмоқда. Бироқ, ногоҳоний тасодиф, ҳодисалардан қочиб қутулиб бўлмаяпти.

Хўш бундай вазиятда нима қилмоқ керак? Биттагина жавоб бор: жабрдийда жонига суғурта оро киради. Келтирилган зарар ҳам, саломатликни тиклаб олиш сарф-харажатлари ҳам суғурта идоралари томонидан қоплаб берилади.
Ҳаммамиз биламизки, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш амалиётга жорий этилган. Айни чоғда бу вазифа турли суғурта компаниялари томонидан амалга ошириб келинмоқда.
Аччиқ бўлса-да тан олиш лозим, аксар ҳолларда бахтсиз ҳодисага учраган ходимга етказилган зарарни қоплашда турли муаммоларга дуч келинмоқда. Иш берувчи у ёққа, суғурта идораси бу тарафга тортиб кетиш ҳолатлари оз эмас.
Таклифим шундаки, кўп минг сонли жамоат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмалари қошида «Касаба суғурта» шўъба корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш лозим.
Ишлаб чиқаришда рўй берган ҳодисани ҳам касаба уюшмалари, ҳам суғурта компаниялари ўрганади. Фарқи шундаки, жамоат ташкилоти ходим манфаати учун кўпроқ қайғураётган бир шароитда суғурта вакили масаланинг моддий томонига кўпроқ урғу беради. Агар шу ташкилот бевосита касаба уюшмалари тасарруфида бўлса, ходимга ҳам, корхонага ҳам иқтисодий тарафдан кўмаклашиларди. Ҳолатни текширувчилар сони камаярди.
Иккинчи жиҳатдан, касаба уюшмалари тизимидаги корхона ва ташкилотларда бахтсиз ҳодисалар, касб касалликларига доир тўловлар сифат жиҳатидан кафолатланган бўларди. Қолаверса, янги иш ўринлари яратиш имкони ҳам туғиларди.

Усмон КАРИМОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерациясининг Самарқанд вилояти
кенгаши меҳнат техник инспектори