Ҳайдовчилар ҳимояси қай даражада?

804

2016 йилда иш бошлаган «Tashabbus trans» қўшма корхонаси, мана, беш йилдирки, Бағдод тумани аҳолисининг оғирини енгил, узоғини яқин қилиб келмоқда. Йўловчиларга сифатли транспорт хизмати кўрсатаётган мазкур корхонада 68 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Етарлича шарт-шароит яратилгани боис ҳайдовчилар дам олиш кунларисиз, қатъий жадвал асосида фаолият юритишмоқда.

«Бағдод – Фарғона», «Бағдод – Риш­тон», қўйингки, туманнинг энг чекка қишлоқларигача транспорт хизмати йўлга ­қўйилгани, аввало, туман аҳолиси учун катта қулайлик бўлди. Йўлкира ҳақининг ҳамёнбоплигидан ҳам йўловчилар мамнун.
– Фаолиятни бошлагач, асосий эътиборни нархларга қаратдик, – дейди «Tashabbus trans» МЧЖ таъсисчиси Эркинжон Холматов. – Оддий мисол: авваллари йўловчилар Бағдод марказидан Фарғона шаҳригача 20 минг сўм атрофида йўлкира ҳақи сарфлашарди. Биз эса уларнинг талаб ва истагини ўрганиб, Фарғона шаҳрига қатнайдиган микроавтобус қатновини йўлга қўйдик. Айни пайтда Фарғонагача йўлкира ҳақи 8 минг сўм. Қолаверса, йўловчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир микроавтобусга wi-fi ўрнатилган. Шунингдек, ички йўналишларда қатновчи автобусларимизда ҳам йўлкира ҳамёнбоп. «Бағдод – Дўстлик – Қосимобод» йўналишида қатновчи автобус туман марказидан то Қосимобод ­қишлоғигача салкам 20 километр масофани босиб ўтади. Йўлкира эса 1000 сўм.
Тармоқ касаба уюшмаси томонидан аъзолик афзалликларини тушунтириш бўйича олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ўтган йили мазкур корхонада бошланғич касаба уюшма қўмитаси тузилиб, Гуласал Абдулазизова касабақўм раиси этиб сайланди.
– Ходимларимиз аъзоликка қабул қилингач, кўплаб имтиёзларга эга бўлишди, – дейди Гуласал Абдулазизова. – Масалан, вақтида меҳнат таътилига чиқиш, сиҳатгоҳларда имтиёзли йўлланмалар асосида дам олиш, касаба уюшмалари томонидан ўтказиб келинаётган турли кўрик-танловларда қатнашиш, спорт мусобақаларида иштирок этиш, саёҳатларга бориш, бир сўз билан айтганда, ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиш имконига эга бўлишди.
Ўтган ойда тўрт нафар ходим касаба уюшмалари томонидан Хоразм вилоятига бепул саёҳатга олиб борилди. Бундай эътибор аъзоларнинг касаба уюшмаларига бўлган ишончини янада оширди.
– Шу ёшга кириб, бирор марта Хоразмга саёҳатга бормаган эканман, – дейди ҳайдовчи Адҳамжон Абдуллаев. – Яқинда ташкил этилган саёҳатимиз унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Мухтасар айтганда, корхонада касаба уюшма қўмитаси тузилгандан сўнг ходимларнинг саломатлигига, спорт-соғломлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратила бош­ланди. Мана, яқинда мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағиш­лаб, касаба уюшма қўмитаси томонидан мусобақа ташкил этилди. Ғолиблар иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»