Эх,тиром

622

«Янги Ўзбекистон» боғидан 30 гулдаста

Бошларман энг азиз суҳбатларимни,
Бу ўлан кўп замон ичга ютилган.
Тарих карвонининг азим норига
Менинг боболарим юки ортилган.

Заминга қадалган илк ниҳол – умид!
Шу ниҳол улғайиб камолга келур.
Бордир заколарим ҳақиқатлари:
Мозийдан сўз айтмоқ хайрли бўлур!

Тарих бир чироқдир авлодлар йўлин
Нурафшон айлаган, ёритган мудом.
Букун фахр билан айтмоқ чоғидур –
Ҳар банди эҳтиром, ҳар банди илҳом.

Тешиктош ғоридан термулган бобом
Мангу муҳрлаган менинг шонимни.
Геродот кўз-кўзлаб юртим кечмишин,
Мангуга битгандир Гулистонимни.

Минг-минг йиллик тарих ётар қатма-қат,
Широқ чалган найдан келар ноласи.
Тўмариснинг азму шижоатига
Ё, Эрк деб юксалган ўзбек боласи.

Искандар тиғига бўлолган қалқон
Спитамен – баҳодир, ёвқур ва азим.
Мўғул тўфонига кўксини тутган
Нажмиддин Кубродир, улуғ Хоразм.

Алп Эр Тўнға эди мағрур суворий,
Ўзбеклар давлатин азамат шоҳи.
Афросиёбдаги карвонларимнинг
Буюк тарих эрур одил гувоҳи.
Ўрхун-Энасойдан келар овози
Боболарнинг шонли йўллари билан.
Сезаман меҳр-ла бошим силайди
Авестони битган қўллари билан.

Жаҳон тамаддунин олтин бешиги,
Уни тебратгандир мард момоларим.
Берунийлар тавоф қилган эшигим,
Ибн Сино топган илк шифоларим.

Ернинг харитасин тузганлар мумтоз,
Бемор дунё бошин силаган табиб.
Оламга устоздир Имом Бухорий,
Имом Термизийдир инсонга ҳабиб.

Оққан дарёларим қуримас сира,
Беҳикмат ёнмагай юртимда зиё.
Улуғ Хоразмийнинг сабоқларидан
Санашни ўрганиб олган-ку дунё!

Бу юрт осмонида қаро булутлар
Чингизу арабий жолалар тўкди.
Жалолиддин бўлиб ҳайқирди ўғлон,
Бағри хун оналар нолалар чекди.

Бу халқнинг юраги умидга тўлиқ,
Ярқираб бўй берган нажот жамоли.
Асрлар шамоли қолдирган доғни
Учириб кетгандир Темур шамоли.

Буюк Соҳибқирон шони мангулик,
Тарих елкасига янги тўн ёпган.
Авлодлар абадий фахр этгулик,
Оврупо уч аср этагин ўпган!

Мирзо Улуғбекнинг олтин нарвони
Башар фарзандига кўкка йўл очди.
Бибихоним суйган бу доно ўғил
Қадим юрт бошидан юлдузлар сочди.

Сўзнинг саҳросида ўкирмиш бер шер,
Икки алп дарёдан сув ичган қониб.
Майдонга кирганда Ҳазрат Алишер,
Овозидан кетган олам уйғониб!

Ёзсам қалам, айтсам сўздан адашдим
Улуғ салафларим ҳайбатларидан.
Бобурнинг доғидан кўзим қамашди,
Ҳиндистон ёдлаган ҳикматларидан.

Бу менинг кечмишим, шоним, шарафим,
Менинг томирдаги қоним йўлидир.
Туркий оилада музаффар, ғолиб,
Мангу янграб турган Ўзбек тилидир.

Ўзбекман!
Шу шараф етгайдир менга,
Асрлар тоқига муҳрини қўйган.
Бир замон Қодирий отилган чоҳга
Келажак кўпригин нишонин ўйган.

Ўзбекман!
Чўлпоннинг қутлуғ қонлари,
Болам, томирингда югураётир.
Ҳазрат Беҳбудийнинг армонларини
Қаламим шеър қилиб ўгираётир.

Шароф Рашид ўғли – элпарвар бир зот,
Мустабид дамларда тунлар ёш тўккан.
Миллат иқболи деб ўтган инсоннинг
Қабоҳат қўллари қаддини буккан.

Ҳар туннинг ортидан янги кун келар –
Етишдик янги тонг саодатига!
Истиқлол қуёши нурин улашди
Ислом Каримовнинг шижоатига!

Ложувард чироқлар ёғдуларидан
«Янги Ўзбекистон» нурга чўмилгай!
Ўзбекюрт Сардорин орзулари жам,
Бу боғда келажак байроғин илгай!

Миллат фарзандлари ўссин деб ўктам,
Юрт эгаси тунни улайди кунга!
Муаллим обрўси, шифокор қадри,
Олимлар закоси керак Ватанга!

Унут мақомларим, бахши, жировим,
Бемор ётганиму бедор аскарим.
Барисин тақдирин қайғуриб, ёниб,
Юртбошим қадами бир зўр зафарим.

«Янги Ўзбекистон», бу – янги тарих!
Янги истиқболга қўйилган ҳайкал.
Бордир фурсат деган доно муаррих,
Вақтни безаб борар муддао, амал.

Ренессанс сўзи-ла уйғонди қалблар!
«Нур – Шарқдан!»
Амалга кирди ҳақиқат.
Жаҳолатга қарши маърифат билан
Курашмоқ онидир бу дам, бу фурсат!

«Янги Ўзбекистон» – мағрур бу қадам!
Руҳимда шукуҳ нур пардаларидай.
Олимп чўққисида рақибин йиққан
Баҳодир Жалолнинг зарбаларидай!

Элимни асрагин беназир Тангрим,
Асрагил кексаю навқирон ёшин.
Қанча заҳматларни бошдан кечирган, Энди хам қилмасин ҳеч қачон бошин!

Ёмон кўз тегмасин, эй, Қодир Худо,
Азиз чаманимга, азим тоғимга!
Мен эса шеъримни япроқдек тўкдим
«Янги Ўзбекистон» деган боғимга!

Сайёра Тўйчиева,
шоира