Яна 11 ташкилот сафимизда

25

«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси Наманган филиалида Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши билан тузилган жамоа шартномасининг ўтган йилда бажарилиши якунларига бағишланган конференция бўлиб ўтди.

– «Ўзбектелеком» АК Наманган филиали касаба уюшма қўмитаси жамоа шартномасининг бажарилиши бўйи­­ча йил давомида икки маротаба доимий конференция ўтказиб боради, – дейди бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Б.Турдиев. – Шу кунгача жамоа шартномасида кўрсатиб ўтилган бандларнинг тўла бажарилишига эришиляпти. Жамоа шартномасидан келиб чиққан ҳолда, алоқачиларга меҳнат таътили давомида соғлиқларини тиклаш ва дам олишларини ташкил этиш мақсадида турли сиҳатгоҳларга йўлланмалар ажратилди. Ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан эса 10 нафар ходимга моддий ёрдам, аъзолик бадали ҳисобидан 6 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари учун соғломлаштириш масканларига йўлланмалар берилди.
Ушбу конференциянинг узвий давоми сифатида «Нодирабегим» ахборот кутубхона марказида кўргазмали ўқув-семинар ҳам ташкил этилди. Унда аъзоликка янги қабул қилинган 11 та тумандаги ахборот кутубхона марказларининг бошланғич касаба уюшмалари учун жамоа шартномаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, аъзолик афзалликлари ҳамда касаба уюшмаларининг янги қонуни моҳияти тушунтирилди.
Шунингдек, ушбу тармоқ таркибига кирувчи Наманган вилояти матбуот тарқатувчи шўъба корхонасида ҳам жамоа шартномасига бағишлаб кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.