Тошкент халқаро кинофестивалига саноқли кунлар қолмоқда

930

 Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан 28 сентябрдан 3 октябргача “Ипак йўли дурдонаси” ХIII Тошкент халқаро кинофестивали ўтказилади. Кинофестивалнинг тантанали очилиш маросими пойтахтимизда жойлашган  Алишер Навоий номидаги киносаройда бўлиб ўтади. Куни кеча ушбу йирик тадбир олдидан ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Маълумот учун, бу йил ХIII марта ўтказилаётган Тошкент халқаро кинофестивали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Ипак йўли дурдонаси” номи билан қайта тикланди ва Кинематография агентлиги томонидан ҳар йили мунтазам равишда ўтказилади.

Бу йилги Тошкент халқаро кинофестивали “Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ва “Фестиваллар фестивали” форматида ташкил этилмоқда.Унинг  доирасида қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Шулардан бири, ёш киноижодкорлар учун “Кино 5 кунда” танлови ишлаб чиқилган бўлиб, унда дунёнинг 22 мамлакатидан келган ёш режиссёрлар “Буюк ипак йўли” мавзусида қисқа метражли фильмларни суратга олишади ҳамда тайёр фильмларни “Янги авлод киноси” фестивали доирасида намойиш қилишади.

Шунингдек, кинофестивалда 13 та давлатнинг кино кунлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган. 29 сентябрдан бошлаб, мамлакатнинг барча кинотеатрларида фильмлар намойиши бошланади. Ҳар бир мамлакат ўз фильмларини Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари бўйлаб намойиш қилишади. Жаҳон киноси кунларида намойиш қилиш учун ҳозирга қадар 150 та фильм тақдим этилган. Уларнинг асосий қисми ўзбек тилидаги субтитрлар билан кўрсатилади.

Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)нинг Тошкент филиали очилиши бўлиб ўтади. Бундан ташқари, хорижий кинокомпаниялар билан ҳамкорлик битимлари имзоланиши, Кинематография агентлиги ва Россия кинокомпаниялари билан ҳамкорликда суратга олинган “Барон-2”, “Қуёш таъми”, “Парининг совғаси” сингари кинофильмлар намойиш қилиниши кутилмоқда.

ХIII  Тошкент халқаро кинофестивалига чет эл мамлакатларидан 150га яқин машҳур киноижодкорлар ташриф буюради. Улар орасида режиссёрлар, актёрлар, продюсерлар, халқаро кинофестивал, ташкилот ҳамда дистрибютор компанияларнинг вакиллари ўрин олган. Фестивал давомида ушбу таниқли режиссёрлар ва актёрлар иштирокида ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ва брифинглар ташкил этилади.

Зебо НАМОЗОВА,

«Ishonch»