Хушомад кўчасига кирмаган шоир

9352

Хотира эссе

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бошлаб «жаҳонга Парфи поэзияси чиқади», деган сўзни такрорлаб юраман. Фақат бу жумланинг олдига нодонлик қилибми, менимча, атай «қитмирлик» билан «фақат» сўзини қўшиб айтаман.

Бу жумлани анкета саволларига ҳам қўшиб ёзардим, чунки ўша пайтлар Парфи ижоди атрофидаги баҳслар, «жанг»лар десак ҳам бўлади, шундай дейишни тақозо этарди. Тўғрироғи, унга бўлаётган муносабат туфайли бўлса керак, кўнглим мендан шундай дейишимни талаб этарди.

Ҳозир ҳам деярли шундай муносабатлар давом этмоқда.

Рауф Парфи ўзбек шеъриятини ўзгартирди. Янги йўл очди. Кўп ёшлар бу йўллардан юрди, эргашди. Ва кўплари ўз йўлларини ҳам топиб кетишди. Ҳеч кимнинг ижоди Рауф Парфи ижодидек бунча кўп ва узоқ баҳс бўлганини эслай олмайман.

Агар, шуҳратни омад дейдиган бўлсак, шоирга омад кечикиброқ келди ва бу яхши бўлди: ҳамма нарсаси тушунарли бўлган шеъриятга кўникиб қолган ўқувчи бу орада изланди, шу тариқа ўқувчи ва ўзбек шеърияти янги босқичга кўтарилди.

Бир куни (уйлари доим одам билан гавжум бўларди) бир ҳофиз дўстимиздан яхши қўшиқлар эшитиб ўтиргандик (Рауф ака мумтоз қўшиқларни жуда яхши кўрарди) ҳофиз эртага Сирдарёга тўйга боришини айтиб, узр ва изн сўради.

– Сиз шу йўлдан борманг, – деди Рауф ака.

– Тўй ҳофизсиз ўтмайди, – деди кўпчилик.

– Аслида, маърифатсиз ўтмаслиги керак. Чунки маърифатсиз тўй – нурсиз шамдир, – деди шоир.

– Майли, маърифатга доир қўшиқлар айтамиз, – деди ҳофиз.

– Унда қис­тир-қистир кам бўлади-да, – деб ҳазил қилди Рауф ака.

– Ҳа, енгил-елпи, сакратадиган-ўйнатадиган қўшиқларнинг бозори чаққон, – деди яна кимдир.

Шунга ўхшаш воқеа Рауф Парфи билан қирқ йилчалик ака-укалигимиз мобайнида мен билан ҳам бўлиб ўтди. Бундан ўзлари хижолат бўлавергач, бошқа эслатманг, дедим.

Тинчландилар.

Рауф ака ҳижолат бўлсалар, ўзларига ярашган жилмайиш билан «э-э, холдорвой бўлиб қолибмиз-ку», деб қўярдилар. Бу хол қўйибмиз-ку, деганлари эди.

Анча йиллар бурун, 50 ёшда эдим, адашмасам. У пайтлар шоир-ёзувчилар юбилейлари ўзгача ўтказиларди. «Ёшлик» журналидаги ҳамкасб укаларим: «Мана, ярим аср яшаб қўйибсиз, шу ҳақда икки оғиз сўзни Рауф ака ёзиб берсалар, шеърларингиз билан эълон қилардик», деб қолишди.

Ҳижолатландим. Чунки журналда бош муҳаррир ўринбосари эдим. «Қандай бўларкан, шу журналда ишласам», дедим. «Лавозимни суиистеъмол қилган бўлиб қолмайманми?!.», дедим. «Йўғ-э, сиз ҳақингизда уч жумла холос», ­дейишди.

«Рауф Парфининг ишхонаси» дегич жой бўларди. Бу шоирнинг кунда-шунда ўтирадиган кафеси эди. Бир куни шоир шу «ишхонасида» мухлислари, зиёлилар ва дўстлари билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Мен унга арзимни айтдим. Шоир эса «Сиз шу йўлдан борманг», деди. Таомили шунақа экани, барибир бир киши ёзишини ­айтдим.

«Мендан каттароқларга ёздирсак-чи, мен оқ йўлни сиздан кичикларга ёзаман», деди шоир пиёладаги чойни ича туриб.

Ўшанда сал оғрингандай бўлиб кетдим.

Журналдагилар бошқа шоир сўзбошиси билан шеърларимни эълон қилишди.

«Рауф ака шеърларингизни жуда яхши кўради», деди кимдир. Менга шу сўз ҳам улкан мукофот эди. Тўғрисини айтсам, шунинг учун ҳам Рауф акага мурожаат қилиб эдим.

Рауф ака шеърларимни дўстларимдан, қариндошларимдан йиғиб салмоқли бир китоб ҳолига келтириб, ўзлари муқовалабдилар. Яхши сўзбоши ёзибдилар.

Уни шундайлигича «Шарқ» ­нашриётига топширдим. Лекин сўзбоши мақтовларга тўла, бу мақтовларга унчалик ишонмаслигингизни истардим-ки, кўнглимни кўтариш мақсадида битилган, деб ўйлайман.

Рости, шеърларимнинг Рауф акага ёқиши менга ҳам ёқарди. Ва бирдан миямга ҳозир бир фикр сояси оралаб қолди: балки бу хотирани ҳам шунинг учун битаётгандирман. Йўқ, агар шундай бўлганда ҳам бунинг нимаси ёмон?

Баъзан ёмон хотиралар бўлса-да, кўпинча хотира – миннатдорлик туйғуларининг ифодаси-ку.

Мен Рауф Парфидан меҳр кўрдим. Шу боисданмикан, вафот этганларида беихтиёр бўтадек бўзлаб қолдим. Дафн маросимида одам кўп бўлди. Етимдек бўзлаб қолдим, десам тўғри бўлар, бўлмаса, ота-­онам бор, йўқ, отам анча аввал ўтган. Рауф ака отамнинг азасига тоғ бетида холдек жойлашган кичкина ­қишлоғимга адашиб-адашиб яқин дўстларимиз билан борганди. Мен буни эсимдан чиқармайман.

Рауф аканинг дафн маросимларини ҳам унутмайман. Томоғим тиқилиб тиловат қилдим. Ўзимни зўрға тутдим. Бундай ҳол дафнгача, ўғли, яқинлари қаторида таъзия қабул қилаётганимда ҳам кечган эди.

Рауф Парфи нозик бир шеърида инжа, нодир ҳолни васф этади ва умумлашма даражасига кўтаради:

Қалтирарсан ажиб сезгидан,

Ҳар бир сўзим кашф этар жаҳон.

Жудо бўлдинг буюк севгидан,

Мен оламдан ўтганим замон.

Энди унинг шеър­лари бизга тасалли – қувончимизга, қайғумизга.

Рауф Парфи устоз­лари бошлаб берган йўлни шакл, мазмун, мундарижа ва оҳанг жиҳатидан бойитди. Юксак ва кўрилмаган мавқеъ-мақомларга кўтарди. Ўзбек шеъриятини яхши, кенг ва чуқур миқёсда ўзгартирди.

Ўтган улуғ, мумтоз шоирларимизга зоҳиран эмас, ботинан боғланди.

Қофия жиҳатдан ҳам Рауф Парфи илк янгиловчидир. Гўзалликни севар, ўзи ҳам гўзал инсон эди!

Биров «Парпи» деса ё ёзса ранжирди. Рауф Парфидаги «ф»ларнинг гўзал саси учун ҳам «Турсунали»дан «Рауф Парфи»га ўтгандек.

Танлаган йўлида, эътиқодида мустаҳкам тура олди. Тили, дини, сўзи, иши бир. Хушомад, лаганбардорлик кўчасига кирмаган ягоналардан эди.

Мен бу зотни керагича қадрлай олмаганимдан қайғу ва ҳижолатда бўлсам, меҳрларидан бахтиёрман…

Йўлдош ЭШБЕК,

шоир