Янги Мўйноқ манзаралари

209

«Унутилган» Мўйноқ бугун яна қутлуғ кунларини нишонламоқда

Орол денгизи сувининг тортилиши, Оролбўйидан бараканинг қочиши бугунги кунлардан тақрибан, узоқ-яқин 40-50 йиллик масофани ўз ичига олади. Аср фожиаси, дейиладиган ушбу табиий офат кейинчалик инсоний кулфатларга ҳам «хамиртуруш» бўлганини бугун ҳамма билади.

Собиқ иттифоқ замонларини тушуниш мумкин, бироқ мустақил бўлганимиздан кейин ҳам бу дунёвий муаммога эътибор суст бўлди. Тўғри, баланд минбарлардан гапирилди, қарорлар, турли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Лекин улар қоғозларда қолиб кетди.
Табиийки, қоғоздаги гап, «чизилган рақамлар» билан ҳақиқий ҳаёт ўртасида фарқ осмон билан ерча. Ана шу даҳшатли фарқ, оғир ситамлар Оролбўйида яшовчи мўйноқликлар ҳаёти ва тақдирида оғриқли акс-садо берди. Туманда ишсизлик чўққисига чиқди, ишлилар ҳам 3-4 ойлаб маош, ҳатто қариялар нафақа пулларини ололмай қолган пайтлар бўлди.

Энг даҳшатлиси, Мўйноқ экологик нуқтаи назардан дунёдаги энг хатарли ҳудудга айланди: тузли қум бўронлари нафақат ерни қақратди, балки одамларнинг юзу қўлларини қуриган заминдек тилим-тилим қилиб ёриб юборди.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2017 йилда ўта ваҳимали бир ҳисоботни эълон қилди. Унга кўра, бир ҳудуддаги 10 минг аҳолининг 50 нафарида сил касаллиги аниқланса, у ҳудуд эпидемик зона деб эълон қилиниши керак экан. Аммо айни ўша маҳаллар Қорақалпоғистонда ушбу кўрсаткич 77 нафарни ташкил этган. Туманлар кесимида олиб қаралганда, энг оғриқли нуқта Мўйноқ бўлган: 10 минг кишига 130 нафардан бемор тўғри келган!
Мўйноқликларнинг муаммоси фақат шу эмас эди, сувсизлик, газ тақчиллиги, транспорт қатнови ҳамда ички йўл муаммолари қалашиб ётарди. Бироқ яшаб қолиш умиди биринчи даражали бўлгани учун одамлар бунга кўпам ­эътибор қилавермасди…

Мўйноқликлар нега маданиятли?

Ҳукуматдаги, айниқса, маҳаллий бошқарувдаги мутасадди раҳбарларни мўйноқлик­ларда шаклланган ўзига хос маданият ва туруш-турмушдаги тартиб-интизом ўта қизиқтиришига кўп гувоҳ бўлганман.
Масалан, коммунал соҳадаги «параметрлар» ва кўрсаткичлар ҳайрон қоларли. Селектор йиғилишларидаги мунозараларда барча туманлар танқидга олинади, Мўйноқда эса барчаси жойида, ҳаттоки режа ортиғи билан бажариб қўйилган бўлиб чиқади.
Мулозимлар ҳайрон: қандай қилиб ишсизлик юқори ҳудудда кўрсаткич бутунлай ўзгача кўринишда? Бунинг маъноси шунда эканки, 3-4 ой нафақа пулини ололмай юрган отахон ҳам қўлига пул тегиши билан даставвал коммунал қарзларини узиб қўяркан. ­Уйига келганда доимо жуфти ҳалолидан «қолган пул қаёқда?», деб танбеҳ эшитса-да, бу одатларини канда қилмас экан… Албатта, бу баъзиларга киройи ҳангомадай туюлиши мумкин, лекин бу факт.
– Шахсан ўзим талабалик пайтида мўйноқлик тенгдошларимнинг чет тилларни билиши, дунёқарашлари бошқа тенгдошларимизникидан хийла теранроқ эканидан ҳайратга тушардим, – дейди нукуслик Қабил Қутлимуратов. – Масалан, шаҳарлик йигит-қизлар оддий русчани ўзлаштиришни эплай олмаётганда, мўйноқлик ёшлар бийрон сўзлар, ёзар эди. Муҳими, мени мўйноқликларнинг ­маданияти ҳайрон қолдирар эди.
Ҳа, «Маданият Мўйноқдан бошланади» деб муҳтарам Юртбошимиз бежиз айтмаган. Мўйноқда маданият азалдан шаклланган. Бердақ, Ажиниёз, Кунхожа, Тилеуберген, Аяпберган каби шоирлар, Қаллибек Камалов, Сағиндиқ Нийетуллаев, Уббинияз Аширбеков, академик Жуманазар Базарбаев ва бошқа кўплаб таниқли давлат ва жамоат арбоблари Орол денгизи қирғоқларида таваллуд топиб, шу ерда улғайиб, вояга етган, камол топган…
Энди Мўйноқдаги «маданиятлилик фактори» ҳақида бир-икки оғиз гапирсак. Маълумки, ўтган асрнинг 40-йилларидан бошлаб балиқни қайта ишлаш комбинати ишга тушиши билан бу ерга бутун Иттифоқдан турли миллат вакиллари, оддий ишчилардан тортиб, турли соҳалар бўйича етук мутахассислар йиғилган. Бундан ташқари, сиёсий вазиятлар туфайли ХIХ асрда Урол казаклари, Иккинчи Жаҳон уруши йиллари қалмоқлар шу ердан паноҳ топишган.
Денгиз тортилиб кетгунга қадар ҳудуд аҳолисининг 60 фоизи руслар, қалмоқлар, чеченлар, лезгинлар, татарлар бўлган. Бизга юқорида саволли туюлган мулоҳазалар – туманда европалик­ларга хос маданиятнинг ­шаклланишига айнан шу омилларни ҳам ҳақли равишда мисол қилиб келтирсак фикрлар янада равшанлашади, назаримда…
Мўйноқда узоқ йиллар масъулиятли лавозимларда ишлаган, оқсоқол Тенизбай оға Избасовнинг таъкидлашича, бугун деярли 30 йил ­эътибордан четда қолган Мўйноқда янги давр бошланди. Ойлаб кечикадиган маошлар, нафақа пуллари вақтида қўлларга тегмоқда. Қисқа фурсатда Мўйноқга Қўнғиротдан 104 километрлик ичимлик суви тортилди.
– Қарангки, кейинги йилларда тузли шамоллар ҳам пасайди, – дейди Тенизбай оға. – Бунга сабаб, қуриган денгиз ўрнида чўл ўсимликлари экиляпти, борлари табиий шароитда кўпаймоқда. Авваллари тузи чиқиб ётган баъзи жойлар ҳозирда ўрмонзорга айланган. Мўйноқнинг атрофида янги кўллар пайдо бўлган, қамишзорлар кўпайяпти, натижада ёввойи ҳайвонлар ареали кенгаймоқда, биохилмахиллик ривож топяпти.
Ҳозирда туман марказида янги 245 ўринли маданият уйи, 1000 ўринли стадион ва 800 ўринли афмитеатр аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Кейинги 5 йил ичида туманда «Балиқдан 99 турли таом», «Стихия», «Мўйноқ ралли тур» каби халқаро нуфузли тадбирлар ўтказилиши анъанага айланмоқда.
– 2015 йилгача туман марказида сайёҳларни жойлаштирадиган биронта маскан йўқ эди, меҳмон келса бирон танишларимизга илтимос қилиб уйини «ижара»га олардик, – дейди ­Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Байрам Қусекеев. – Ҳозирда 20 тадан ортиқ меҳмонхона, хостел ва меҳмон уйлари ташкил қилинган.
Буларнинг барчаси Мўйноқда маданият янада гуллашидан нишона.

Асрларга тенг ишлар

Сўнгги йилларда Орол муаммосини юмшатиш борасида мисли кўрилмаган тажрибага қўл урилди.
Тўғри, қуриган денгиз майдонида ўрмонзорлар барпо этиш орқали тузли чанглар массасини камайтириш ғояси ва бу борадаги маълум ҳаракатлар авваллари ҳам бўлган. Масалан, ҳар йили Мўйноқ ўрмон хўжалиги бўлимидан 15-20 нафар ишчи-мутахассис 2-3 минг гектар майдонга чўл ўсимликлари экишга йўналтирилгани ҳужжатлар ва ҳисоботларда кўрсатилган. Улар ихтиёрига атиги 2 та трактор (у ҳам Т-28 русумлиси) берилган. Энди бир мушоҳада қилиб кўринг-а, Қорақалпоғистон ҳудудида Оролнинг қуриган майдони 3,5 миллион гектардан ошишини ҳисобга олсак, шу «шаҳд» билан қуриган денгиз майдонида ўрмонзор барпо этиш учун қанча вақт керак бўлади? Ўз-ўзидан аёнки, бу абсурд ҳолат эди.
2018 йил кеч куздан бошланган чўл ўсимликларидан ўрмонзор барпо этиш ишларига эса 2 мингдан ортиқ ишчи-мутахассис жалб этилиб, бугунги кунгача ҳар мавсумда деярли 500 минг гектар майдонда яшил ҳимоя барпо этилмоқда.
Маълумотларга кўра, Орол денгизининг қуриган майдонини ўрмонзорга айлантириш учун 2018-2021 йиллар давомида 1 миллион 567 минг гектар майдонга саксовул, юлғун, қорабарақ ва чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди. Асрлар давомида бажарилиши мумкин бўлган ишлар эндиликда атиги 4-5 йилда якунига етказилиши режалаштирилган.
2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеяси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда Орол муаммосини юмшатиш мақсадида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш юзасидан махсус резолюция қабул қилди, БМТ қошида Орол денгизи минтақасида Инсон хавфсизлиги бўйича Траст фонди ишга туширилди.

Самода самолётлар садоси

Мўйноқда денгиз тўла пайтларда туман маркази оролда жойлашгани сабаб кунига 19 маротаба авиарейслар амалга оширилган. Лекин, бундан 27 йил аввал авиарейслар тўхтаганди. Чунки у вақтлари Мўйноқ мутасаддилар эътиборидан четда қолган ҳудудга айланиб улгурганди. Бадиийроқ таъриф билан айтганда, Мўйноқни денгиз билан бирга раҳбарлар эътибори ҳам ташлаб кетганди.
Чорак асрдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин Мўйноқ аэропортига «Uzbekistan Airways» ­авиакомпаниясининг самолётлари қатнови йўлга қўйила бошлади. Илк қатнов ўтган йили август ойида амалга оширилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Мўйноқ халқаро аэропорти 2021 йилнинг охирига қадар тўлиқ ишга тушади ва бу ердан халқаро парвозлар ҳам амалга оширилади. Бунинг учун умумий қиймати 300 миллиард сўм бўлган инвестиция жалб этилган.

Афсонавий консерва заводи қайта ишга тушди

Мўйноқда афсонавий, бир пайтлар бу ернинг брендига айланган консерва заводининг фойдаланишга топширилишидан халқимизнинг боши осмонга етди. Давлат бюджети ҳисобидан 25 миллиард сўм эвазига қурилган балиқни қайта ишлаш ва консервалаш заводи ишга туширилиши билан, корхонада йилига 3 минг 650 тонна балиқ қайта ишланиб, натижада 9 миллион дона балиқ консерваси, 780 тонна балиқ фарши, 400 тонна балиқ филеси ва 200 тонна дудланган балиқ тайёрлаш имконияти пайдо бўлди. Заводда 1000 тонна балиқ маҳсулотларини сақлаш учун музлаткичли омборхона бунёд этилди. Шунингдек, лойиҳа ишга туширилиши билан 60 та янги иш ўрни яратилди.

Мўйноқлик марду майдонлар…

1994 йил нашр қилинган 33 жилдлик «Хотира» китобида ўзбекистонлик аскарларнинг фронт ва фронт ортидаги мардонавор ҳаёти ва фаолияти тўғрисида сўз боради. Ушбу кўп жилдлик китобнинг Қорақалпоғистонга бағиш­ланган қисмида фронт орқасидаги халқнинг жасоратли меҳнатига алоҳида тавсиф берилган ва. муҳими, мўйноқликлар алоҳида тилга олинган.
«Мард Мўйноқ халқи қишнинг 40-50 градус совуғига қарамай, муз остидан балиқ овлаб фронтни балиқ билан таъминлаб турди. Масалан, 4 нафар акаси, отаси фронтга кетган Ақжан Қабулова исмли 14 яшар қиз онаси билан қолиб, комбинатга ишга бориб, 8 соат тиззагача сув ичида балиқ тозалаб, кунлик нормасини 130-150 фоизгача бажарган. Бу мардлик эмасми?», дейилади китобда (Ақжан Қабулованинг акалари ҳам отаси ҳам урушда ҳалок бўлган).
Шунингдек, китобда Ворошилов номидаги колхознинг Қажибай Жумабаев бригадасининг балиқчилари ҳар қандай қийинчилик­ларга қарамасдан ойлик нормаларини 250 фоизгача бажариб, фронтни узлуксиз балиқ билан таъминлаб турди», дейилган.
Бу, шубҳасизки, Мўйноқ ва мўйноқликларнинг чин ватанпарвар ва фидойилигига жонли мисол бўла олади, назаримизда. Албатта, бу бир тарих. Бироқ бугун ҳам, келажак ҳам ўтмишдан сув ичиши бор ҳақиқат-ку!
Халқимиз «оққан дарё оқади», деган гапни бекорга айтмаган. Фақат қум босган булоқ кўзларини тозалайдиган, ўзанларни нурли манзиллар сари бура оладиган матонатли қўллар ва қалблар бўлса кифоя.
Унутилган Мўйноқ бугунги кунда шундай улуғ кунларини нишонламоқда. Юртимизда энг кўп бунёдкорлик олиб борилаётган туман ҳар кун янгиликлар қучоғида. Кечаги ўтган йўлда бугун янги бино қад ростлаб қолгани оддий ҳолга айланиб қолди. Кўчалар замонавийлашиб, аҳолининг кайфияти кўтарилди, рўзғорларга бир пайтлардаги файз-барака қайт­­ди. Мўйноқнинг нурли оқшомларини яна ёш-яланг­ларнинг шодон қийқириқлари, бир-бирига йўл бермай илдам кетаётган автоларнинг шовқинлари қуршаб олди.
Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда Янги Мўйноқнинг пайдо бўлаётганидан дарак беради.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»