Қалбда эзгулик туғён урса…

1424

«Танамиз кийган ҳаёт отлиғ либос ҳечам ўзимизники эмас. Бугунми-эртами, у «ечиб» олинади. Ўша ечиб олинган пайтда у қандай аҳволда бўлади – савол-сўроқ шунга кўра берилади. Тўғри, бизда бу «кўйлак»ка теккан доғларни вақти-вақти билан «ювиб» туриш имконияти бор, қай биримиз қайсидир даражада бу ишни уддалаяпмиз ҳам, аммо, биламизки, кийим қанча кўп ювилса, оҳори шунча кўп тўкилади. Ва яна, бу «кўйлак»ка теккан «доғ»ларни гул ўрнида кўриб юрганларимиз қанча…».

Бу сатрлар истеъдодли адиб Абдуғафур Искандарнинг «Афғон тўла фиғоним» номли хотира-эссе китобидан. Ушбу асарни такрор ўқишимга сабаб эса, унинг ҳаётий чизгиларга ниҳоятда бойлигидир. Адиб бевосита ўз кўзлари билан кўрган, бошидан кечирган ҳаққоний воқеа-ҳодисаларни қалбидан сизган қон ила ёзган. Бу битиклар бугунги ёшларимизни она Ватанни севишга, тинчлик деган олий неъматнинг қадрига етишга ва киндик қони тўкилган она тупроқнинг нечоғлик азизу мукаррамлигини англашга ундайди. Қолаверса, фарзанднинг онаизорига нисбатан чексиз меҳру муҳаббати, онасининг ҳаёти учун чексиз қайғуришлари, соғинчи ҳар қандай ўқувчини беэътибор қолдирмайди. Адибнинг ўзи таъкидлаганидек, бу битиклар ҳаётнинг ­қадрига етишга, унинг оҳорини сақлашга хизмат қилажаги билан қадрлидир.
Бугун юртимиз обод, ­кўнглимиз хотиржам. Тунларимиз осойишта, кундузларимиз чароғон, турмушимиз фаровон. Бу гўзал ҳаёт нималарнинг эвазига? Албатта, тинчлик деб аталмиш буюк ва бебаҳо неъмат эвазига. Давлат раҳбарининг ўзбек халқи, миллатининг порлоқ ҳаёти, истиқболи учун туну кун қайғуриши эвазига. Ватанни кеча-ю кундуз кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган минглаб посбонларимизнинг зийракликлари эвазига. Бу тинчликни қадрлаш учун, аввало, инсоннинг қалбида эзгулик туғён урмоғи даркор. Бир неча йиллар муқаддам Афғон ­тупроғида қолган не-не бегуноҳ юраклар, армонга айланган орзулар ҳаққи-ҳурмати тинч­ликни асрамоқ ва қадрламоқ керак.
Муаллиф ўзи гирдобида бўлган олов исканжаси – Афғонис­тондаги жанглар ҳақидаги хотираларини оқ қоғозга тушираркан, уруш аталмиш ажалнинг ҳатто тушга ҳам кирмаслигини истайди. Чунки уруш – ўз номи билан уруш. У рўй берган жойда йўқотишлар, қон тўкиш­лар, армонлар, надоматлар, афсуслар, гуноҳлар ҳам бўлади. Қоғозга муҳрланган ўша хотиралар бугунги дориламон кунларда яшаётган йигит-қизларимиз Ватанни янада севиши, юрт учун чексиз садоқатли ва муҳаб­батли бўлиши, уларни ёт ғоялардан асраб-авайлаши учун хизмат қилади.
Ушбу асарни ўқирканман, режиссёрларимиз ва сценарийчиларимиз нега мана шундай ажойиб асарларга эътибор бермасликларидан ўзимча ранжийман. Негаки, унда тилга ол­ин­­­ган воқеа-ҳодисалар­нинг аҳамияти айрим савия­сиз, жўяли ­фикр-мулоҳаза бер­майдиган, олди-қочдилар ва шарм-ҳаёсизликдан иборат киноларникидан минг марта устунроқ, деб биламан. Муҳими, бу асарда жонли ҳаёт, инсонлар тақдири, жуда катта маънавий-маърифий тарбия, миллат шаън-шавкати мужассамлашган, назаримда.
Гарчи ўша мудҳиш кунларни эслаш оғир бўлса-да, ёзувчи укамиздан ўша кўрган-кечирганлари асосида кенг кўламли асар яратишини илтимос қилардим. Зеро, у кечаги тарихий воқеанинг шоҳиди, иштирокчиси бўлгани учун ҳам ҳамма нарсани ҳаққоний баҳолай олади.

Норинисо ҚОСИМОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси