Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари: ҲАМКОРЛИКНИНГ МУСТАҲКАМ РИШТАЛАРИ

936

Дини, урф-одатлари, маданияти муштарак икки давлат – Ўзбекистон ва ­Тожикистон ўртасида сўнгги йилларда барча соҳаларда кенг кўламли алоқалар ўрнатилмоқда. Давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ташрифлари уюштирилиб, ҳамкорлик кенг йўлга ­қўйиляпти.
24 сентябрь куни Тожикис­тон ­мустақил касаба уюшмалари ­Федерацияси делегацияси юртимизга ташриф буюрди.

Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Тожикистон ва Ўзбекистон касаба уюшма марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда Тожикистон мустақил касаба уюшмалари вакилларини ижтимоий шерикликни ривож­лантириш йўналишларида Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан таништиришдир.
Ташрифнинг биринчи куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Нематзода Маликшо Махмадшо раҳбарлигидаги делегация вакилларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла ­Рафиқов олиб борди.
Таъкидландики, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаб юритаётган одилона сиёсати туфайли қўшни давлатлар, жумладан, Тожикистон билан бугунги кунда барча соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Чегаралар очилиб, икки қардош халқ муносабатларида мустаҳкам кўприк ўрнатилди. Шу жумладан, касаба уюшмалари ўртасида ҳам тизимли алоқалар йўлга ­қўйилиб, улар ҳар жиҳатдан мунтазамлик касб этди. Икки давлат касаба уюшмалари делегациялари доимий ташрифлари уюштирилди. Тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш тизими янги босқичга кўтарилди. Мазкур ташриф икки давлат касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолияти ҳақида сўз юритилиб, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси, ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш масаласида қилинаётган ишлар, жамоа шартномалари ходимлар манфаатлари ҳимоясини кучайтириш манбаига айланиб бораётганига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига алоқадор бўлган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида ҳам фаол иштирок этмоқда. Ходимлар меҳнатига муносиб иш ҳақи тўланиши, хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида эканлиги айтиб ўтилди.
Учрашувда Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Нематзода Маликшо Махмадшо бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланганига алоҳида урғу берди.
Икки мамлакат Президентларининг оқилона сиёсати натижасида халқларимиз дўстлиги мустаҳкамлангани эътироф этилди. Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг ижтимоий шериклар билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ўзаро ижтимоий шериклиги тобора ривожланиб бораётгани таъкидланди.
– Марказий Осиёнинг дурдонаси бўлган Тошкентга келиш менга ҳамиша фахр-ифтихор бағишлайди. Бугунги учрашув икки давлат ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқаларининг янада ривож­ланишига ҳисса қўшади, – деди Нематзода Маликшо Махмадшо. – Бугун Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳар доимгидан юксак даражага чиқмоқда. Чегараларимизнинг очилгани, бир-бирига интиқ ва соғинган дўст-биродар, ака-укаларнинг борди-келди қилаётгани миллионлаб аҳолининг хурсандчилигига сабаб бўлди. Йиллаб давом этган соғинч изтироблари одамларни қанчалик қийнагани ва эзганини буни бошидан ўтказганлар яхши англайди.
Бугун Тожикистонда ҳеч бир соҳа, ташкилот ёки тизим йўқки, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмаётган бўлса. Ҳар куни мамлакатимиз ва Ўзбекистон билан боғлиқ янгиликлардан хабар топиб, кўнглимиз таскин топади.
Мамлакатимиз касаба уюшмалари тизимига келсак, бугунги кунда бир миллиондан зиёд аъзоларга эгамиз. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидек ҳурмат ва ишончга лойиқ катта ташкилот билан ҳамкорлик қилиб келаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Икки давлат раҳбарлари саъй-ҳаракати билан бардавом кўринишга эга бўлиб бораётган бугунги дўстлик аслида жуда узоқ тарихга бориб тақалади. Қудратилла Рафиқовдек билимдон ва зукко раҳбар билан бир тизимда ҳамкорлик қилишдан, соҳага оид мавжуд муаммоларимизни ҳал қилиш борасида фикр алмашиш ва уларга ечим топишдан хурсандман. Айни пайтда мамлакатимизда Касаба уюшмалари кунини белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Агар у тасдиқланса, Ўзбекис­тондагидек Тожикистонда ҳам алоҳида бир кун – Касаба уюшмалари ходимлари куни сифатида тарихга киради.
Учрашув доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида янги Меморандум имзоланди.
– Аввало бугунги илиқ ва самимий қабул учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига ўз миннатдорлигимни билдираман. Бизнинг Сўғд вилоятимизда 3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади, ва у Тожикистоннинг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган муҳим вилоятларидан бири ҳисобланади, – дейди Сўғд вилояти касаба уюшмалари кенгаши раиси Абдуллозода Шарифулло Бобожон. – Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ўзбекистоннинг Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари билан чегарадош. Вилоятимиз касаба уюшмалари кенгаши Тошкент вилояти касаба уюшмалари кенгаши билан 2015 йилдан буён ҳамкорликда фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда ҳамкорлик Меморандуми ва йўл хариталари тасдиқланган бўлиб, томонлар мунтазам мулоқот қилиб, маслаҳатлашиб турамиз. Бугун имзоланган Меморандум ушбу ҳамкорлигимизни кўп қиррали ва ҳар томонлама ривожлантиришга ҳисса қўшади, албатта.
Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Нематзода Маликшо Махмадшога юксак эҳтиром рамзи сифатида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг юксак мукофоти – «Эҳтиром» нишони топширилди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги «TEXNOPARK» фаолияти билан танишдилар.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, мазкур технопаркда айни вақтда электрон газ ҳисоблагич, музлаткич, кир ювиш машинаси, кондиционер, ошхона плитаси, лифт ва эскалатор, сув насоси, эшик ва ромларни бутловчи қисмлар, иситиш радиатори каби турли техникалар ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборли жиҳати, мазкур технопаркда асосий иш замонавий технологияларни қўллаган ҳолда бажарилади. Технопарк Италия, Жанубий Кореа, Хитой, Швейцария каби давлатлар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган.
– Ўтган беш йил давомида мамлакатингизда жуда кўплаб хайрли ташаббуслар амалга оширилибди, – дейди Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Файзизода Исмоил Назри. – Қисқа муддат ичида мана бундай иншоотни ишга тушириш, очиғи, ҳайратланарлидир. Бундай лойиҳалар Ўзбекистоннинг нуфузини янада ошириши билан бир қаторда, ишлаб чиқариш салоҳиятига, аҳолининг турмуш фаровонлигига жуда катта ҳисса қўшади, албатта.
Тадбир якунида делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида бунёд этилган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, зангиоталик Зулфия Зокирова ва унинг урушда ҳалок бўлган беш ўғлининг вафодор рафиқалари хотирасига бағишланган «Матонат мадҳияси» мажмуасига гулчамбар қўйдилар.
Ташрифнинг иккинчи куни Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси аъзолари Самарқанд шаҳрида бўлишади. Улар кўҳна ва навқирон шаҳардаги тарихий обидалар билан яқиндан танишадилар.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch» мухбирлари