Музейга қимматбаҳо туҳфа

719

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандда таваллуд топиб, бугунги кунда Буюк Британияда яшаб, ижод қилаётган ҳамюртимиз Юнус Сафардиёр пойтахтимиздаги Темурийлар давлат музейига Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кичик ҳажмли бронза ҳайкалини совға қилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академиясида бўлиб ўтган тадбирда ҳайкалтарош Юнус Сафардиёр ижоди ҳақида ҳам сўз юритилди.

1986 йилдан буён халқаро кўргазмаларнинг фаол иштирокчиси бўлиб келаётган, Россия, Буюк Британия, АҚШда асарлари коллекцияси сақланиб, кўплаб шахсий кўргазмалари ўтказилаётган  ижоднинг  “Сибирнинг забт этилиши” ҳайкали Россиянинг Новосибирск ўлкаси аэропортида ўрнатилган.

— Ҳайкалтарошлик Ўзбекистон ҳудудида санъатнинг қадимий турларидан бири сифатида кўп асрлар аввал пайдо бўлган, — дейди Юнус Сафардиёр. — Юртимизда ҳайкалтарошликнинг юксалиши ХХ асрга тўғри келади. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ижодий тафаккур ҳурлиги юзага келди. Маданият ва санъат соҳасида янги ҳамда ёрқин номлар, ютуқлар пайдо бўлди. Ушбу ҳайкал улуғ саркарда, давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Бобурнинг юртига, яъни менинг ҳам ватаним – Ўзбекистонга, унинг 30 йиллик тўйига тўёнамдир.

Таъкидлаш жоизки, яратилган образда  Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг улуғворлиги шоирона тасвирланиши ижодкорнинг маҳорати, кучли фантазиясидан дарак беради.

Тадбирда қимматбаҳо ҳайкал Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Темурийлар тарихи давлат музейига тақдим этилди.

 

                                                                         Шаҳло Абдураҳмонова