“Амир Темур — дунё олимлари ва адиблар нигоҳида”

1030

мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бошланди

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Республика Маънавият ва маърифат маркази,  Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Туризм ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ЎзФА Тарих институти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Халқаро Амир Темур хайрия фонди, Темурийлар тарихи давлат музейи, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишлаб 2021 йил 28-30 сентябрь кунлари “Амир Темур – дунё олимлари ва адиблари нигоҳида” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказмоқда.

Истиқлол йилларида Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланди. Бу буюк зот ҳақидаги асл ҳақиқат қайта тикланиб, тарихий адолат қарор топди. Ўзбекистонда Амир Темур феномени билан боғлиқ 4 та қонун, 16 та Президент фармони, 5 та қарори, 23 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг энг юксак давлат мукофотларидан бири “Амир Темур” ордени таъсис этилди. “Темурбеклар мактаблари” ташкил қилинди. Республикамиздаги олий таълим муассасалари, марказий кўча ва хиёбонларга Соҳибқирон бобомизнинг номи берилди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида у зотнинг муаззам ҳайкаллари бунёд этилди. Қутлуғ тўйлари дунё миқёсида нишонланди.

Бугундан ушбу нуфузли конференция бошланди. Биринчи кун анжуманга ташриф буюрган меҳмонлар иштирокида Тошкент шаҳридаги Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш, Темурийлар тарихи давлат музейига саёҳат, “Темурийлар ва Иккинчи Ренессанс даври” китоблар кўргазмаси, “Янги Ўзбекистон” боғи ва Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат ўрин олган.

Иккинчи куни “Афросиёб” поездида Шаҳрисабз шаҳрига борилади. Анжуманнинг “Амир Темур ва темурийлар даври манбашунослиги ва тарихшунослиги масалалари”, “Темурийлар даври давлат бошқаруви ва халқаро муносабатлар”, “Темурийлар Ренессанси: илм-фан, маданият ва бунёдкорлик”, “Ўзбек ва жаҳон адабиётида Амир Темур образи” мавзусидаги шўъба йиғилишларида АҚШ, Франция, Германия, Россия, Туркия, Миср, Ўмон, Эрон, Покистон, Озарбойжон каби 14 мамлакатдан 20 га яқин нуфузли меҳмон қатнашиши кутилмоқда. Жумладан, Чикаго университети профессори Жон Вуудс (АҚШ), Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредрех Бопертюи-Брессан (Франция), Эге университети қошидаги Турк дунёси тадқиқотлари институти профессори Али Усмон Қоратой (Туркия), Қоҳира ислом санъати музейининг илмий нашр бўлими мудири Сомия Ҳасан Усмон Ҳасан (Миср), Теҳрон университети қошидаги Илмий тадқиқот институти профессори Амир Теймур Акбар Рафеи (Эрон), Пешовар университетининг Aлишер Навоий номидаги Ўзбек тили илмий-тадқиқот маркази бошлиғи Абдулла Беиг (Покистон), тарихчи олим ва таржимон Хелмут Далов (Германия), Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Юнус Ўғуз каби хорижлик ҳамда маҳаллий олим ва ижодкорларнинг маърузалари тингланади.

Учинчи куни “Шаҳрисабз” музей қўриқхонаси, темурийлар даври меъморчилиги намуналари – “Дорус-саодат” ва “Дорут-тиловат” мажмуаси, “Оқсарой” маданий мерос ёдгорлигига саёҳат уюштирилади. Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиш, Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонасига ташриф режалаштирилган.

Анжуманга тақдим этилган мақолалар мазмунидан кўриниб турибдики, Амир Темур ва темурийлар даврини тадқиқ қилиш натижасида эришилган илмий янгиликлар ва натижалар фақат мамлакатимиз эмас, балки жаҳон миқёсида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Ватанимиз тарихидаги Иккинчи Ренессанснинг очилмаган қирралари, ойдинлашмаган саҳифалари кўплиги аён бўлмоқда. Шу маънода айни йўналишдаги тадқиқотларни янада чуқурлаштириш ва кўпайтириш, илмий-амалий анжуманларни эса мунтазам ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқдир.