Кексалар ҳафталиги ўтказилади

1122

     Ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасида юртимиз миқёсида “Кексалар ҳафталиги” бўлиб ўтади. Шу муносабат билан жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида “Кексалар ҳафталиги”  ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ёши улуғларни эъзозлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини ошириш, ижтимоий ҳимоя, имтиёзлар яратиш ушбу ҳафталикнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходимлари иштирокида бўлиб ўтган “Кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар” деб номланган тадбир ҳам айни ана мавзуга бағишланди.

Ушбу ҳафталик давомида барча нуронийлар, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида истиқомат қилаётган кексалар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, танловлар, хайрия тадбирлари, жумладан, нуронийлар ва ёшлар ўртасида шахмат-шашка бўйича “Ақл чархи” турнири, волейбол, мини-футбол, стол тенниси ва бошқа спорт мусобақалари ўтказилади. Шунингдек, ёлғиз кексаларнинг  хонадонларида ҳам ҳашар асосида ободонлаштириш ишлари олиб бориш, нафақахўр, якка истиқомат қилувчи нуронийларнинг маиший  муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этиш масалалари  кун тартибидан ўрин олган.

Малакали шифокорлар “Тиббиёт автобуслари”да республикамизнинг барча ҳудудлари, чекка ва олис жойлардаги маҳаллаларда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, уларни зарур дори-дармон воситалари билан таъминлайдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимиз маҳаллаларида кутубхоналар ташкил этиш, айрим олис ҳудудларда маҳалла йиғини биносини қуриш, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ва “Бувижонлар мактаби” кенгашлари ҳамкорлигида оилавий ажримларнинг олдини олиш ҳамда тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож ёшлар билан ишлаш тизимини мутаҳкамлаш борасида  ўз таклиф ва мулоҳазаларини  билдирдилар.

 

Шаҳло Абдураҳмонова