Озарбайжон киноси кунлари бошланди

495

     Илк Тошкент Халқаро кинофестивали пойтахтимизда  1968 йил бўлиб ўтган. Унда Осиёдан тортиб Африка қитъасигача бўлган киноижодкорлар иштирок этишган. “Ипак йўли дурдонаси” номи билан қайтадан  тикланган 2021 йилги фестивалда эса кўплаб давлатлар қаторида Озарбайжонлик қардошларимиз ҳам иштирок этишмоқда. Кеча ушбу йирик тадбир кундалиги давомида Ҳайдар Алиев номидаги маданият марказида Озарбайжон киноси кунларининг очилиши бўлиб ўтди.

Унда озарбайжонлик ёш ва тажрибали киноижодкорлар, юртимизда яшаётган озарбайжонликлар, жамоатчилик, ОАВ ва  кино ихлосмандлари иштирок этишди. Сўзга чиққанлар ўзбек халқи ҳалигача севиб томоша қилувчи “Аршин Мал-Алан” ва  “Қайнона” фильмларини хотирлашди. Уларниниг севимлилигини таъминлаган жиҳатлар ҳақида тўхталишди.

Шундан сўнг 2020 йилда Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғни қўлга киритиш учун бўлган жангларига бағишланган “Биз” деб номланган фильм намойиши бўлиб ўтди. Унда ватан учун кечган жангларнинг қанчалик оналар ва аёллар ҳаётига мудҳиш кўланка солгани, ёш-ёш йигитлар ва аскарларнинг жувонмарг бўлгани фожеали воқеалар асосида тасвирланган. Маълум бўлишича 44 кун давом этган урушда Озарбайжон томондан 3000 га яқин одам ҳалок бўлиб, нафақат уруш бўлаётган ҳудуддаги аҳоли, балки,  Тоғли Қорабоғдан олис бўлган Ганжа ва Барда шаҳарларидаги тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин – 27 сентябрда Озарбайжонда ҳукумат вакиллари ушбу урушда шаҳид бўлганларни хотирлаб, давлат байроғи туширилган эди.

 

Зебо НАМОЗОВА,

Ishonch