Меҳнат шароитлари бўйича лаборатория зарур

990

Нобоб иш анжоми ёки дастгоҳ турли кўнгилсизликлар ва фожиаларга сабаб бўлиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам тасодифларнинг олдини олишга доир тизим бор. Ишлаб чиқариш корхоналарининг ходимларга қулай меҳнат шароитлари яратиши қатъий назоратга олинган. Бу борада иш ўрни ва жиҳозларини аттес­тациядан ўтказиш тартиби ҳам мавжуд.

Барча восита, тадбирларга қарамасдан фаолиятда жароҳатланиш ҳолатлари барҳам топмаяпти. Аксарият ҳолларда иш шароитларини аттестациядан ўтказишга панжа орасидан қараш оқибати кўнгилсиз якун топмоқда. Бу юмуш билан шуғулланиш ҳуқуқи эса мамлакатимиздаги саноқли идораларгагина берилган. Айнан шу жиҳат иш берувчиларнинг турли важ ва баҳоналарига асос бўлиб қоляпти.
Меҳнат қилиш учун муносиб шароитлар яратиб бериш ҳаракатида бўлаётган касаба уюшмалари қошида меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш ҳуқуқини берадиган лаборатория ташкил этиш энг долзарб масала, деб ўйлайман.
Агар жамоат ташкилотига бевосита бу вазифа билан ҳам шуғулланиш ҳуқуқи берилса, фойдадан холи бўлмайди. Энг аввало, корхона ва ташкилотларда (мақомидан қатъи назар) ноқулай ва зарарли иш жойларида фаолият юритаётган ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги кафилланади, имтиёзлар белгиланишининг сифат даражаси юксалади. Яъни қисқартирилган иш соатлари, қўшимча таътиллар, имтиёзли пенсияга чиқиш имкони ошади. Қолаверса, меҳнат ҳуқуқлари поймол бўлишининг ва норасмий бандликнинг сезиларли даражада олди олинади.

Орифжон МИЗОМОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Самарқанд вилояти кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мутахассиси