Тинчлик-хотиржамлик ва тараққиётнинг муҳим омиллари

1827

Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан

ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида

ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади.

Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир.

 Шавкат Мирзиёев

 Ҳамжиҳатликда  ҳикмат кўп!

Ҳар қандай давлатнинг изчил равнақ топиши, келажаги порлоқ бўлиши кўп жиҳатдан унда яшаётган аҳолининг аҳил-иноқлиги ва бирдамлигига боғлиқ. Чунки баҳамжиҳатлик ва тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон жойда ривожланиш ва юксалиш рўй беради, одамлар бахтли ҳаёт кечиради. Шу боис юртимизда миллатлараро ва элатлараро дўстлик-биродарликни мустаҳкамлаш азал-­азалдан энг муҳим вазифа ҳисобланади. Асрлар синовидан ўтган бу хайрли ­анъана Истиқлол йилларида ҳам узлуксиз давом эттирилди ва уни янги босқичга кўтариш чоралари кўрилди. Аввало, жамиятда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантиришга, ўзаро ҳурмат ва тенгликнинг, ҳамжиҳатлик ва тотувликнинг ҳуқуқий негизларини мустаҳкамлашга жиддий аҳамият берилди. Айни мақсадда ­Конституциямизда Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида яшовчи жамики халқларнинг тили, урф-­одатлари ва анъаналари эъзозланишини таъминлаши, улар ривожланиши учун шарт-­шароитлар яратиши кафолатланди.

1992 йили эса Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилди. Унинг зиммасига мамлакатимизда халқаро муносабатларни, турли миллату элатлар вакилларининг тотувлиги ва ҳамкорлигини таъминлашда, барчасининг ўзига хос маданияти ва маънавий қадриятлари тараққий этишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давлат органлари ва жамоат ташкилотларига кўмаклашишдек масъулиятли вазифалар юклатилди. Мустақил муассаса мақомидаги бу ташкилот ишончни тўлиқ оқлади. Ўтган давр мобайнида сони бирин-сирин кўпайиб 150 тага етган миллий маданий марказларга ҳамда 38 та дўстлик жамиятига ҳам амалий ва услубий ёрдам кўрсатиб келди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги 5046-сонли фармонига биноан, мазкур тузилмалар негизида ­Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси тузилди. У миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини мувофиқлаштириш, манфаатларини ҳимоялаш, муаммоларини ҳал қилиш ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни барқарорлаштириш ишлари билан шуғулланмоқда.

Мавриди келганда, эслатиб ўтиш жоизки, Президентимиз таклифи билан миллий маданий марказларга Тошкентдаги «Дўстлик боғи»дан жой берилиб, барчаси зарур воситалар билан жиҳозланди. Самарқандда «Дўстлик саройи», Наманган, Қашқадарё, Бухоро вилоятларида «Дўстлик уйи» бунёд этилди. Фарғона вилоятида офис қуриш учун алоҳида жой ажратилди. Марказларнинг айримлари автобус ва «Дамас» автомобилига эга бўлди.

Эзгу ниятлар ижобати

Турган гап, айни соҳада бажарилаётган ишлар ҳам пок ниятларга яраша бўлмоқда. Масалан, мамлакат умумтаълим муассасаларидаги сабоқлар ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилмоқда. Баъзи олий ўқув юртларида шу билим даргоҳлари учун ўқитувчилар тайёрланмоқда. Миллий тиллардаги мактаб­лар дарсликлари давлат маблағи ҳисобидан чоп этилмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг кўрсатув ва эшиттириш­лари 12 тилда эфирга узатилмоқда.

Ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳар қандай инсон учун у меҳр-мурувват кўрган, қадр-қиммат топган гўша ғоят азиз ва муқаддас саналади. Инчунин, диёримиздаги 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари ўзларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликларга жавобан бир ёқадан бош чиқариб, ягона оила аъзоларидек тинч-тотув ҳаёт кечирмоқдалар. «Ўзбекистон – умумий уйимиз!», «Шу азиз Ватан барчамизники», «Ватан ягонадир, Ватан биттадир», «Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда» каби шиорлар остида бирлашиб, тўй-тантаналару айёмларни кенг нишонламоқдалар. Қолаверса, турли жабҳаларда самарали фаолият юритиб, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқдалар. Уларнинг сафида Мустақиллик давридаги фидокорона меҳнатлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун Ватанимизнинг юксак мукофотлари, жумладан, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, «Фидокорона хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик» орденлари билан тақдирланганлари ҳам кўп.

Тарихи ва тақдири уйқаш икки халқмиз

Ҳозир Ўзбекистон аҳолисининг 1,5 миллион нафаридан ортиғи Марказий Осиёнинг қадимий халқлари сирасига кирувчи тожиклардан иборат. Бу миллат фарзандлари юртимизда мавжуд 256 та тожик мактабида ўқишади. Баъзилари Термиз, Фарғона, Самарқанд, Бухоро давлат университетлари ва Чирчиқ Давлат педагогика институтининг тожик гуруҳларида таҳсил олишади.

Республика тожик миллий маданий маркази эса 2008 йили ташкил топган. Вилоятларда унинг саккизта маркази, олтита ҳудудий бўлинмаси бор. Яқинда Фарғона вилояти бўлими ҳам очилди.

Табиийки, биз ўз ваколатларимиз доирасида кўплаб илмий-адабий ва маданий-маърифий тадбирлар уюштираяпмиз. Масалан, Фориш тумани ҳокимлиги ва Жиззах вилояти тожик миллий маданий маркази ҳамкорлигида «Ўзбекис­тон – умумий уйимиз» шиори остида анжуман ташкил қилдик. Унинг дебочасида турли миллат вакилларининг амалий санъати, ҳунарманд­чилик маҳсулотлари, миллий либослари кўргазмаси очилди. Сўнгра 1941 йили шу туманда туғилган, 25 ёшидан то умрининг охиригача «Овози тожик» газетасида ишлаган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир, таржимон ва журналист Жонибек Қувноқнинг икки тилда битилган шеър ва ғазалларидан иборат «Ширу шакар» китоби тақдимоти ўтказилди.

Шунингдек, марказимиз буюк шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомий таваллудига бағиш­ланган «Жомий ва Навоий: форс-тожик ва ўзбек илмий-адабий алоқалари» номли илмий конференция ташкиллаштирди. Унда талабалар иккала шоир ғазаллари ва рубоийларидан намуналар ўқидилар. Навоийшунос ва жомийшунос олимлар эса илмий фикр-мулоҳазаларини даврадагилар билан ўртоқлашдилар. Уларнинг маърузалари кейинчалик тўплам сифатида нашрдан чиқарилиб, китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг «Хонаат бо дўст обод», «Қасидаи инсон» китоблари тақдимотига бағишланган тадбирларимиз ҳам кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Ишончимиз комилки, Паҳлавон Маҳмуднинг тожик ва ўзбек тилларидаги «Саду ҳафт рубои» – «Bir yuz yetti ruboiy» жамланмаси, XIX асрнинг машҳур зуллисонайн шоири ва диний арбоби Мирзо Масеҳо Бойсунийнинг «Раъно ва Зебо» достони, файласуф ва диншунос олим Жаъфар Холмўминовнинг «Хожа Муҳаммад Порсо Бухорий» рисоласи ҳам адабиёт мухлислари учун ажойиб туҳфа бўлди.

Яхшиликнинг шарофати –  эл-улуснинг бахт-саодати!

Маълумки, айни дамларда ҳамманинг диққат-эътибори 24 октябрда бўладиган Президент сайловига қаратилган. Биз бу сиёсий тадбир халқаро демократик тамойиллар асосида ва юқори савияда ўтишига ишонамиз. Шунинг­дек, диёримизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар, Президентимиз бот-бот уқтирганидек, одамларни рози қилиш, фуқароларимиз эртага эмас, бугун яхши яшашлари учун йўналтирилганини теран тушунамиз. Амалда, ҳақиқатан ҳам, шундай бўлаётганини жуда яхши биламиз.

Ҳеч кимга сир эмас, яқин ўтмишда ­Ўзбекистоннинг минтақадаги бошқа давлатлар сингари Тожикистон билан иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий алоқаларига ҳам жиддий путур етди. Чегарадан ўтишга чекловлар кескин кучайтирилиб, йўллар ёпилгани, энг даҳшатлиси, чегараолди ҳудудлар миналаштирилгани туфайли ўзаро борди-келдилар ниҳоятда мураккаблашди. Бу, айниқса, ота-онаси, ака-укалари ва қариндош-уруғлари қўшни мамлакатда яшаётганларни ўта мушкул аҳволга солиб қўйди. Чунки улар бир неча йиллар мобайнида ўша яқинлари билан дийдорлашиш, тўй-томошаларига бориш, жилла қурса, бандаликни бажо келтирган жигаргўшалари маъракаларида қатнашиш имконидан мосуво бўлдилар. Мана, бир мисол.

Улашбой Гулмуродов (тахаллуси Пайванди Гулмурод) Фориш туманида таваллуд топди. Ўша ердаги мактабни битиргач, Тожикистон Давлат университетининг филология ва журналистика факультетига ўқишга кирди. Кейинчалик аспирантурада таҳсил олиб, номзодлик диссертация­­сини ёқлади. Узоқ йиллар кафедра мудири, декан сифатида ишлаб, ўнлаб шогирдлар етиштирди. Вақти-соати етгач, Душанбе шаҳрида омонатини топширди.

Начора, ўлим ҳақ! Ҳеч бир банда тақдири азал битигидан қочиб қутулолмайди. Аммо кўпчиликнинг кўнглини қаттиқ ўкситган жиҳати – устозга жон бериши олдидан ўз дилбандлари, ҳамқиш­лоқлари ва бошқа қадрдонлари билан видолашиш насиб этмади. Боз устига, яқинлари ҳам Тожикистонга бориб, уни сўнгги манзилга кузата олишмади. Домланинг вафоти муносабати билан Ухум қишлоғидаги киндик қони томган ҳовлида аза очишдан, таъзияга келганлар ҳамдардлигини шу ерда қабул қилишдан ўзга илож топишолмади.

Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, икки мамлакатнинг сув, энергетика, йўл ва виза билан боғлиқ можаролари ҳам бамисоли жавоби йўқ жумбоққа айланганди. Ўзбекистонда 15-20 йил, чорак аср ва ундан ортиқ яшаб ва ишлаб, шу юрт фуқаролигини ололмаганларнинг дард-ҳасратлари эса ўз-ўзидан тушунарли эди…

Яратганга беадад шукурларки, Шавкат ­Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ бу муаммоларга алоҳида эътибор бериб, «Биз қўшни мамлакатлар билан рақобат эмас, ҳамкорлик қилишни ва яқин муносабатда бўлишни хоҳлаймиз», деган оқилона сиёсатни илгари сурди. Аввало, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстликни тиклашга киришди. Шу ниятда 2018 йил 9 мартда Душанбе шаҳрига ташриф буюрди. Натижаси чакки бўлмади. Дарҳол чегара постлари очилиб, одамлар ўта бошлади, мамлакатларимиз ўртасида автобуслар ва самолётлар қатнови қайта тикланди. Виза тизими бекор қилиниб, иқтисодий ва маданий-маърифий алоқалар такроран йўлга қўйилди. Бу ўзгаришлардан миллионлаб одамлар астойдил қувонди, президентларимизга чин дилдан раҳматлар айтиб, дуога қўл очди. Ўша кезлар иккала халқимиз нақадар шодлангани акс этган кўрсатувларни жумлаи жаҳон катта ҳаяжон билан томоша қилди.

Бинобарин, айнан Шавкат Мирзиёевнинг эзгу саъй-ҳаракатлари шарофати билан қайғули кунлар эндиликда ортда қолди. Бу янглиғ нохушликлар барҳам топгани у кишининг шу йил 10-12 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташрифи жараёнида яна бир бор исботланди. Самимий мулоқотлар чоғи ­Шавкат ­Мирзиёев «Биз муштарак тарих ва маданият, дин, маънавий қадриятлар ва анъаналар билан чамбарчас боғланган кўп асрлик дўстлигимизни жуда қадрлаймиз», деди. Эмомали Раҳмон эса, Президентимизнинг бу борадаги улкан хизматларини юқори баҳолаб, у кишини ўзбек ва тожик халқлари дўстлигининг ташаббускори ва меъмори, дея таърифлади. Сўзининг исботи сифатида Шавкат Миромоновични Тожикистон Республикасининг биринчи даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлади.

Азалий ва умрбоқий  дўстлигимиз дунё  ҳамжамияти эътиборида

Дарвоқе, бизнинг дўстлигимиз кўп асрлик тарихга эга. Унинг тамал тошини 545 йилча бурун мавлоно Абдураҳмон Жомий ва ҳазрат Алишер Навоий қўйишган. Буюк алломаларимиз асос солган хайрли анъана замонлар оша халқларимиз қардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келди. Бизнинг давримизда бу биродарлик Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Ойбек ва Садриддин Айний, Эркин Воҳидову Абдулла Орипов ва Лойиқ Шерали, Мирсаид Миршакар ва Зулфияхоним ижодида ўз ифодасини топди.

Ёки айтайлик, 2017 йилнинг эрта кўкламида кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг марказий истироҳат боғида Абдураҳмон Жомий ва ҳазрат Навоий ҳайкаллари қад ростлаган бўлса, келаси йил эрта кузда Душанбеда Низомиддин Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи чирой очди. Унинг марказига ҳам халқларимиз дўстлигининг рамзи ўлароқ, мутафаккир шоирларимиз ҳайкали ўрнатилди. Бу маънавияти уйғоқ ҳар бир инсон учун унутилмас воқеа бўлди.

Шубҳасиз, икки улуғ зотга бундай юксак эҳтиром ўзбек-тожик халқларининг ҳамдўстлиги ва маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Президентимиз Тожикистонга бу йилги ташрифи давомида худди шуни назарда тутиб, яқин қўшничилик муносабатларини янада яхшилашга қаратилган талай ташаббуслар қатори яна бир ажойиб таклифни ўртага ташлади. Аниқроғи, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг ўзаро самимий муносабатларига бағиш­ланган бадиий фильм яратилишини орзу қилишини, бу тарих мухлислари ва ўсиб келаётган ёш авлод бизнинг азалий дўстлигимиз чуқур илдизга эгалигини билишлари учун жуда муҳимлигини таъкидлади. Ҳозир ана шу эзгу ғоя ижросини таъминлаш бўйича қизғин иш олиб борилмоқда.

Олислардаги кўнгилга яқин қишлоқлар

Шу йил 9 сентябрда Фориш туманидаги табиати сўлим Ухум қишлоғида уч авлод учрашуви уюштирилди. Унда қатнашган нуронийлар ўзлари ишлаган даврдаги муҳит ва қийинчилик­ларни ёдга олишди. Сўнгра ёшларни юртимизда эмин-эркин яшаш, ўқиш ва ишлаш учун яратилган имкониятларни қадрлашга ва улардан унумли фойдаланишга чорлашди.

Буни қарангки, худди ўша куни Тошкентда Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг Х съезди чақирилди ва унда Шавкат ­Мирзиёев Президентликка номзод этиб тасдиқланди. Ухумдаги анжуман меҳмонлари бу хушхабарни катта қувонч билан олқишладилар. Чунончи, шу қишлоқда яшовчи тожиклар беҳад мамнун бўлиб, Президентимиз олиб бораётган оқилона ­сиёсатни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Бу бежиз эмас, албатта. Улар қўним топган маскан олисда ва тоғ бағрида жойлашган бўлишига қарамай, «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Шунга мувофиқ, бу ерда бир қанча бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Масалан, барча шарт-­шароитларга эга 8 та шахсий меҳмонхона қурилди. Улар ҳар йили 2000 нафарга яқин маҳаллий ва чет эллик ­сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.

Энг муҳими, Шавкат Миромонович мудом юртимизда яшайдиган барча миллатлар орасида дўстлик ва аҳиллик муҳити барқарор бўлиши, ўзаро муносабатлар янада такомиллашиши учун ҳаракат қилади. Мен бунга у киши Жиззах вилоятига ҳокимлик қилган кезлардаёқ ишонч ҳосил қилганман.

Ўшанда вилоят Халқ таълими бошқармаси бош­лиғи вазифасида ишлардим. Бир сафар Ҳамроқул Носиров номидаги жамоа хўжалигида катта мажлис бўлди. У тугагач, Шавкат Миромонович менга юзланиб, «Юринг, Ухумдаги янги мактаб қурилиши қандай бораётганини кўриб келамиз. Шу баҳонада боболарингиз яшаб ўтган қишлоқ ҳаёти билан яқиндан танишиб оласиз», деди. Мен жўяли таклифни бажонидил қабул қилдим.

Одамлардан эшитишимча, олдинги вилоят раҳбарларининг бирортаси ҳам бу чекка гўшага қадам ранжида қилмаган экан. Шунданми, ­Шавкат Мирзиёев келишини эшитиб, қишлоқ оқсоқоллари, фаоллари ва муаллимлари бир даврага жам бўлишибди. Улар бизни хушнуд қаршилашди. Юзма-юз мулоқотлар чоғи нафақат таълимга тааллуқли, балки бошқа соҳалардаги муаммоларини ҳам очиқ-ошкора айтиб, ижобий ҳал қилиб олишди.

Шавкат Миромонович Дўстлик ва Зомин туманларида қирғиз, Мирзачўл туманида қозоқ мактаблари қурилиши учун ҳам астойдил жон куйдирган эди. У киши Президент бўлгач, бундай ғамхўрликлардан юртимизда истиқомат қилувчи барча миллатлар вакиллари бирдек баҳраманд бўла бошладилар.

Сўнгги пайтларда ўзбекистонлик ҳамда чет эллик етук сиёсатчилар, иқтисодчилар, олимлар, журналистлар ва ҳуқуқшунослардан иборат 100 нафар экспертлар гуруҳи Президентимизнинг кенг қамровли ислоҳотлар ўтказишга ва мамлакат ҳаётида катта ўзгаришлар рўй беришига туртки бўлган 15 та тарихий аҳамиятга молик ташаббусини аниқлади. Алалхусус, чегаралар очилганини, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилганини ва минтақа давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқотлар йўлга қўйилганини Ўзбекистон раҳбарининг энг муҳим ютуғи деб баҳолади.

Дарҳақиқат, азал-азалдан бир-бирига қардош мамлакатларимиз бугунга келиб, кўплаб масалалар бўйича ҳамкорликда иш юритмоқда. Шу боис жаҳоннинг сиёсат майдонида «Марказий Осиё руҳи» деган ибора пайдо бўлди. Бизнинг Президентимиз ташаббуси билан ҳудуддаги давлатлар раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ташкил этилди. Жорий йилнинг 5-6 август кунлари Маслаҳат кенгаши Туркманистонда бўлиб ўтди. Унда минтақа халқлари бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлиги, эзгу ҳаракатлар уларнинг манфаатлари йўлида амалга оширилаётгани, натижасини оддий одамлар ўз ҳаёти ва тақдирида яққол ҳис этаётгани яна бир бор таъкидланди.

Сўнгсўз ўрнида

Хабарингиз бор, Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, бу йилдан эътиборан 30 июль юртимизда Халқлар дўстлиги куни деб белгиланди ва ўша сана арафасида топшириладиган «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилди. Икки ойча олдин эса мамлакатимизда илк бор Халқлар дўстлиги куни нишонланди. Шу муносабат билан бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотларига лойиқ кўрилди. Жумладан, мен ҳам «Дўстлик» ордени билан тақдирландим. Президентимизнинг байрам табригида фаол марказлар раҳбарлари ва ёш авлодга ибрат кўрсатаётган таниқли жамоат арбоблари қатори каминанинг исм-шарифи ҳам тилга олингани қувончимга қувонч қўшди.

Мен Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк ишга ҳисса қўшиш учун бор кучим, билимим ва тажрибам билан хизмат қилишга ҳозиру нозирман!

Гуландом СУБҲОНОВА,

Республика тожик миллий

 маданий маркази раиси,

фалсафа фанлари номзоди