Муҳаммад Шайбонийхон даврни ўзгартирган сиёсий лидер эди(ми)?

1791

Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми – ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак.

Шавкат Мирзиёев

Марказий Осиё ўтмиши тўлиқ хулоса қилинмаган тарихдир. Чунки Туркистон мозийи­­га турли ракурсдан қарашнинг ўзи ҳали ­шаклланмаган. Манбалар тўлиғича нашр этилиб, баҳо ҳам берилмаган. Қолаверса, ушбу соҳа бир фан сифатида ҳали совет тарихшунослиги «таъсири»дан тўла чиқиб кета олган, деб ҳам бўлмайди. Менимча, бугунги кун замонавий муаррихининг вазифаси ана шу хилма-хилликни кўрсатишдан иборат.

Тарих ўтмиш хатоларини қидиришдан иборат эмас, у ҳозирги муаммоларини тарих призмасидан ўтказиб ечим топишни ҳам англатади. Бу фан аслида сиёсатчилар, политологлар, социологлар, маданиятшунослар, педагоглар, сиёсий партиялар учун дастурларини амалга оширишдаги энг зарур унсур вазифасини ўташи керак. Негаки, тарих фақатгина тарих учун, академик фан эмас, балки амалиётда қўллаб бўладиган илм соҳасидир. У жамиятда ­фикрнинг йўналишини белгилашда катта роль ўйнаши мумкинлигини кўплаб илмий мисоллар ёрдамида исботлаш мумкин. Бизда ҳам тарих фани энди-энди амалий муаммолар ечимига хизмат қиладиган фан сифатида шакллланяпти.

Шу маънода гапирганда, бизнинг ҳудудда (жамиятларда) тарихни холис ўрганиш ва авлодларга аждодлар ҳаётини, минтақамизда кечган ижтимоий-сиёсий жараёнларни аслича ўргатиш борасида талайгина муаммолар ечимини кутиб турибди. Бугунги глобаллашган дунё жамиятлари анчайин космополитизмга берилгандек таассурот уйғотса-да, тарих, хусусан, идентитет-ўзликни англаш факторига риторикасини тўлиқ ўзгартирган, деб қараш нотўғри бўлади, менимча.

Негаки, миллий, мустаҳкам жамиятларнинг шаклланишида айнан тарих, ўтмиш хулосалари ва унинг илҳомлантирувчи руҳияти муҳим асос бўла олишини бугунги кунда ҳам ҳеч ким инкор этаётгани йўқ. Масалага зикр этилаётган нуқтаи назардан қараш, миллий давлат барпо этиш ва Марказий Осиё тушунчасининг дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлишини таъминлашга ҳаракат қилаётган тарихан бир хил ўтмиш ва қадриятларга, тил ва маданиятга эга, бугун  беш мустақил давлатга эга бўлган минтақа халқлари ва жамиятлари учун жуда муҳим.

Зотан, бугун интеграция сари қадам қўяётган «ягона тарих ва умумий келажак» ғояси устида бош қотираётган қўшнилар муродининг ҳосил бўлишида тарих фани ва унга янгича қарашни шакллантириш муҳим омил саналади. Тарих ана шу умумий ўзлик масаласини ҳал қилишда муҳим восита ҳисобланади.

Марказий Осиёнинг барча тарихий «қатламлари» қатори XVI-XIX асрлар тарихи хийла бир томонлама ўрганилган. Гўёки бу даврнинг асосий белгилари ­сиёсий тушкунлик ва иқтисодий инқироз бўлган.

Мен ушбу мақолада айни ўша давр янги сиёсий фалсафасининг асосчиси ҳақида фикр юритмоқчиман.

Жаҳон тарихшунослигида йирик давлат арбоблари ҳаёти ҳамда фаолиятини ўрганиш ва тадқиқ қилиш охирги икки юз йилда урф бўлган. Махсус тарихий методлар ишлаб чиқилган. Тарихий шахс­лар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоблар катта ададларда чоп этила бошланган. Мисол учун, «Жаҳоннинг юз буюк инсони» серияси ёки совет давридан то ҳозиргача чиқаётган «Ажойиб инсонлар ҳаёти» муштарийларнинг тарихдан хабардорлигини ошириб боради. Бироқ ушбу тамойилларни бизнинг муаррихларга нисбатан қўллаб бўлмайди. Нимагадир бизда тарихий шахсларнинг ҳозирги замонда тутган ўрни ҳақида кам ёзишади, кам тадқиқ қилишади.

Масалан, биз юқорида ишора қилган, миллий давлатчилик тарихида муҳим бурилиш ясаган саркарда ва давлат арбоби Муҳаммад Шайбонийхон тарих соясида қолиб кетган. Унинг фаолиятига (1451-1510 йй.) илмий, тарихий-сиёсий нуқтаи назардан баҳо берилмаган.

Шу маънода Шайбонийхон ҳамон тарихий мавҳум шахслигича қолмоқда. Бундан ҳам баттари унинг шахсияти ва фаолияти тарихшунослигимизда ва тарихий онгимизда зиддиятларга қориштириб ташланган.

Хўш, минтақамиз тарихи уммонида бир кўриниб, бир ботиб сузиб юрган, ушбу шахснинг тарихимизда тутган ўрни қандай?

Албатта, кичик бир мақолада Шайбонийхондек йирик шахсият ҳақида узил-кесил фикр айтиш ва хулоса ясаш қийин масала. Шу боис, биз унинг ҳаёти ва сиёсий фаолияти, минтақа ижтимоий-маданий ва жўғросиёсий «иқлими»га таъсири ҳақидаги қисқа мулоҳазаларимизни баён қилишни лозим топдик.

XVI аср бошида Евроосиёда йирик сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар юз берди. Шимолий Евроосиёда Олтин Ўрда давлати заифлашган, Москва князлиги кучаяётган эди. Жануби-ғарбда кучли Сафавийлар давлати вужудга келган, Шарқда эса Хитой марказлашган эди. Мавжуд манзара темурийлар салтанати танг аҳволга тушганини англатар ва бу ўзига хос «хаос» яратган эди. Шунингдек, минтақада янгича фикрловчи ва янгича ташқи сиёсат юритувчи саркарда, олим ва давлат арбобига зарурат етилганини билдирарди.

Ана шу вазиятда Муҳаммад Шайбонийхон тарих саҳнасига чиқди. У ҳақли равишда XVI аср бошида Евроосиёда геосиёсий вазиятни ўзгартирган ва Марказий Осиё шаклланишига таъсир ўтказган шахс ҳисобланади. У олиб борган ташқи сиёсат Марказий Осиёни мустақил бир ҳудудга айлантирди. минтақа хавфсизлиги таъминланди, ҳудуд муҳим савдо-сотиқ ва маданий алмашинув кўпригига айланди.

Бу даврга келиб, салтанат халқаро урушларда қатнашмас, ҳар бир йирик давлат билан ўзаро манфаатли муносабатлар олиб боришга ҳаракат қилар эди. Моҳиятан Шайбонийхон яратган сиёсий модель то XIX асрнинг ўрталаригача халқаро муносабатларда амалиётга татбиқ этилди.

Марказий Осиё ҳукмдорлари XVI-XIX асрларда Эрон, Хитой, Ҳиндистон ва Россия билан фаол ­дипломатик музокаралар ва савдо-сотиқ олиб борар, ана шу буюк давлатлар билан рақобатлашар ҳамда ўз ҳудудини улардан ва бошқа ташқи кучлардан муносиб ҳимоя эта оларди.

Тарихимизда айнан Муҳаммад Шайбонийхон саъй-ҳаракатлари билан яратилган сиёсий тизим 400 йил давомида самара берган ва тарихда мустақил Марказий Осиё хонликлари даври (XVI-XIX асрлар) сифатида из қолдирган.

Ушбу яратилган геосиёсий тизимни биз Европада диний урушлардан сўнг 1648 йилда вужудга келган Вестфалия тизими билан қиёсласак бўлади. Зотан, 1510 йилда вужудга келган мазкур геосиёсий тизим Эронни, Хитойни ва Россияни Марказий Осиё хонликлари билан ҳисоблашишга мажбур қилди. Вестфалия сулҳи ҳам ўз замонида Ғарбий Европада тинчлик ўрнатилишига сабабчи бўлган эди. У XIX аср бошигача кучда бўлди.

Юқорида айтганимиздай, яратилган геосиёсий вазият нафақат Марказий Осиёда тинчлик ўрнатди, балки савдо-сотиқ ва фан ривожланишига ҳам туртки берди. Бу тизимга дахл қилиш ҳеч бир йирик давлат учун манфаатли эмас эди. Чунки унинг сиёсий фалсафасини ­бузғунчи ғоялар эмас, балки ягона Марказий Осиё давлатини яратиш ва шу орқали қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамда мўътадил муносабатлар юритиш ташкил этарди.

Муҳаммад Шайбонийхоннинг сиёсий мафкураси ҳам Вестфалия сулҳи шартларига моҳиятан анча ўхшаш. Яъни бағрикенглик, фаол иқтисодий сиёсат, давлат суверенитети ва миллий давлатчиликни қуриш ва юксалтиришдан иборат эди.

Бевосита ушбу сиёсий принциплар асосида Марказий Осиёда ўзбек хонликлари билан бир қаторда, қозоқ, қирғиз хонликлари шаклланди ва ривож ­топди. Биз бемалол таъкидлашимиз мумкинки, ўз даврининг етук ислоҳотчиси ва сиёсий арбоби бўлган аждодимизнинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракати билан империя тизимидан Янги даврга, яъни миллий давлат сари қадам қўйдик. Муҳаммад Шайбонийхон яратган ўзига хос концепция ва жўғросиё­сий муҳит негизида минтақада миллий давлатчилик вужудга келди. Ғарбий Европада феодализмдан Янги даврга ўтиш абсолют монархия шаклида бўлган бўлса, Марказий Осиёда бу «сакраш» юмшоқ федерал давлатчилик шаклида кечди.

Афсуски, муаррихлар, айниқса, совет тарихшунослиги ва бизнинг бугунги айрим тарихчиларимиз ҳам бу даврни (XVI-XIX асрларни) «сиёсий тарқоқлик», «қолоқлик», «иқтисодий тушкунлик» ва «марказлашмаган давлатлар» руҳида талқин қилишади. Яъни бизнинг муарррихлар Вестфалия тизимини Марказий Осиё тарихига қўлламоқчи эмас!

Биз бир тарихий ҳақиқатни ёдда тутишимиз даркор: Ўзбекистон тарихи жаҳон тарихининг ажралмас қисмидир. Агар биз фақатгина тарихимизнинг «уникал»лигини таъкидласак, ҳеч бир шахсга ёки ­воқеа­га тўғри баҳо беролмаймиз. Айнан Муҳаммад Шайбонийхон геосиёсий модели ана шу ҳақиқатни унутмасликка ундайди.

Совет давридаги ва ҳозирги тарихчиларимиз фикрича, тарихимизнинг XVI-XIX асрлари «сўнгги феодализм даври» деб талқин қилинади. Лекин Шайбонийхон сиёсати ва темурийлар империяси парчаланиши, бизни Янги даврга шиддат билан олиб кирди. Биз бемалол таъкидлашимиз мумкинки, Марказий Осиё ҳам Европа сингари Янги даврга XVI-XVII асрларда ўтди. Ва бу тарихий транзитда Шайбонийлар роли улкандир. Демак, жаҳон тарихи жараёнларида Марказий Осиё XVI асрда етакчилик қилган. Ғарбий Европанинг Янги даврга ўтиши сиёсий инқироз билан боғлиқ эди. Бу инқироз 150 йил давом этди. Марказий Осиёда эса сиёсий инқироз 10-12 йил ичида енгиб ўтилди. Кам қон тўкилди.

XVI-XVII асрлар Ғарбий Европа ва Марказий Осиё тарихини солиштирсак, ўхшаш томонлари жуда кўп. Фақатгина Марказий Осиё бу инқироздан тезроқ ўтди. Яъни Янги давр Марказий Осиёда ҳам, жаҳонда ҳам, бир хил кечган. Ва шунинг учун ҳам, компаратив (солиштирма) тарих йўналишини ­ривожлантириш зарур. Компаратив тарихдан фойдаланмаслик ва воқеаларга жаҳон тарихи контекстида ёндашмаслик, албатта, катта хато ва масалага ноилмий ёндашувдир.

Каспийдан то Тянь-Шангача, Жанубий Сибирдан то Қандаҳоргача чўзилган ҳудудда ягона кучли давлат қуриб бўлмас эди. Шайбонийхон сиёсий вазиятни англагани учун бу ғоядан воз кечган, унинг етилиб келаётган геосиёсий вазиятга мос келмаслигини олдиндан кўра олган. У қўшни давлатлар билан доимий уруш ҳолатида туришдан кўра, Марказий ­Осиёни ташқи ёвлардан ҳимоя қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш, савдо-сотиқ, илм-фан ва маданиятни юксалтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Тарихий манбалардан шу нарса аниқки, Олтин Ўрданинг парчаланиши Шайбонийхоннинг сиёсий онгига кучли таъсир қилган. Бу унга йирик империялар даври ўтиб кетганини, энди миллий давлатлар жаҳон саҳнасида муқим ўрин эгаллашини англатар эди. Шарқда Хитой, Ғарбда Россия ва жанубда Эронда йирик ислоҳотлар кетаётган бир даврда у янги сиёсий мафкура ва янгича қараш тарафдорларини атрофига йиғиб, Марказий Осиёни ислоҳ қилишга киришди.

Муҳаммад Шайбонийхон феномени ҳам айнан шундадир. Унинг учун жуда тез ўзгараётган дунёда ягона ечим – миллий давлат қуришдан иборат эди.

Манбалардан маълумки, Шайбонийхон сиёсий ва ҳарбий фаолияти давомида қон тўкилишидан қочган, муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга интилган. Тарихий манбаларда Шайбонийхон хунрезликлар қилгани ҳақида маълумотлар йўқ. Ҳатто у ўз рақиби Бобурнинг опаси Хонзодабегимга уйланади. Бобур сиёсий рақиби Шайбонийхон ҳақида шундай ёзади: «менинг ғанимим Шайбоқхон тажрибали, кўп иш кўрган ва улуғ ёшли киши эди».

Дарҳақиқат, у зукко, мадраса кўрган, ақли расо инсон бўлган. Биз уни муболағасиз Янги давр ҳукмдори десак, адашмаган бўламиз. Янги давр ҳукмдори учун, Н.Макиавелли таъбирига кўра, давлат манфаати ҳамма нарсадан устундир. Шу маънода Муҳаммад Шайбонийхон ҳам шон-шараф орттириш учун эмас, балки янги типдаги давлат қуриш учун саъй-ҳаракат қилган.

Унинг ишларини Абдуллахон II давом эттирди. Шайбонийхон сиёсий фалсафаси Аштархонийлар ҳамда Қўқон, Бухоро, Хоразмда шаклланган давлатчилик ишларида қўлланилди. Бу сиёсий фалсафанинг асоси иқтисодиётни устун қўйиш ва халқаро урушларга аралашмаслик, илм-фанни ривожлантиришдан иборат эди.

Албатта, бу сиёсий фалсафани барча даврлар ва замонлар учун ҳам сермаҳсул, деб бўлмасди. Айниқса, XIX асрнинг иккинчи ярмидаги вазият янги сиёсий фалсафага ўтиш зарурлигини тақозо этди. Лекин XIX асрда Шайбонийхондек сиёсий лидер топилмади. Аксинча, амир Насруллахон Шайбонийхоннинг фалсафасига зид иш тутди…

Гарчи қайтариқ бўлса-да, яна бир бор айтиб ўтиш зарурки, Шайбонийхоннинг сиёсий қарашлари ва фалсафаси 400 йил давомида Марказий Осиёда хавфсизлик гарови бўлди ва иқтисодиёт, маданият, илм-фан ривожида катта роль ўйнади. Бироқ, таассуфки, унинг сиёсий фалсафаси ва сиймоси ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатларида жуда суст ўрганилмоқда.

Аслида шу йил Муҳаммад Шайбонийхон таваллудининг 570 йиллиги минтақамизда кенг нишонланиб, сана муносабати билан унга ҳайкал ўрнатилса, номи абадийлаштирилса ва халқаро конференциялар ўтказилиб, у ҳақда илмий ва илмий-оммабоп китоблар ёзиш рағбатлантирилса, нур устига нур бўларди.

Зеро, Муҳаммад Шайбонийхоннинг ғоялари бугунги Янги Ўзбекистон тутган йўлга ҳам ҳамоҳангдир: бу ғоялар буюк давлатлар билан тенг манфаатли ҳамкорлик қилиш, иқтисодиётни устун қўйиш ва тинчликни таъминлаш ва илм-фан ривожига устувор аҳамият қаратишдек эзгуликка йўғрилган эди.

 

Бахтиёр Абдуҳакимович Алимжанов 1985 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 2008 йилда Ўзбекистон Миллий университети бакалавриати, 2010 йилда магистратурасини битирган. 2014-2017 йилда Санкт-Петербург давлат университети аспирантурасида таҳсил олган. 2017 йилдан тарих фанлари номзоди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ­Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти докторанти (DSc).

3 та монография, 1 та китоб ва 65 та илмий мақола муаллифи. Илмий ишлари АҚШ, Россия, Хитой, Қозоғис­тон, Қирғизистон, Покистон, Германияда чоп этилган. 50 га яқин конференция, конгресс ва илмий анжуманда маърузалари билан иштирок этган.

  

Бахтиёр АЛИМЖАНОВ,

тарих фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти докторанти