Бола тушунмайди, катталар-чи?

1414

Интернет тармоғида ёзилишича, Хитойда бир ота-она уч ёшли фарзандининг соғлом кўзлари кутилмаганда ғилайлашиб қолганини кўриб, шифокорга олиб борибди. Текширув ва суриштирувлардан маълум бўлишича, бола хархаша қилмай тинч ўтириши учун онаси унга доим телефон тутқазиб қўяр экан. Ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида ҳар куни бир неча соатлаб телефоннинг митти экранига тикилиб, ўйин ўйнаши оқибатида кичкинтойнинг соғлом кўзлари шу ҳолга келиб қолган экан.

Хабарни ўқигач, тасаввуримдан митти бармоқчалари билан телефонга муккасидан кетиб ғайритабиий ­ўйинлар оламига шўнғиган болалар ўта бошлади. Беихтиёр хаёлимдан телефонга «тутқунлик» касри жисму руҳи, ақлу тафаккурида асоратлар қолдирганларнинг сон-саноғи бормикин, деган савол ўтди. Бунинг ҳисобига етиб бўлмайди, чунки сафлар борган сайин кенгайиб, «ёшариб» бормоқда.
«Боламнинг иштаҳаси йўқ, овқатни яхши емайди», «Кечаси ухлаши қийин», «Кўп шамоллайди, томоғи оғрийверади», «Ўқиш, ёзиш, чизишга қизиқмайди…» – ёш ота-оналарни ўйлантираётган бу каби муаммолар кўп.
Эътибор билан кузатсангиз, ҳатто йўл транспортида ҳам айрим аёллар ё ўзи телефон билан андармон, ёки боласининг қўлига телефон тутқазиб қўйган бўлади. Улар шу ҳолатида атрофдаги ҳаёт манзаралари, гўзал табиат бағридан кўзига, қалбига парда тортиб ўтиб бораётганга ўхшайди.
Ибратли ҳикояда айтилишича, бекорчиликдан зериккан болага шўрва бемаза туюлиб, нари суриб қўйибди. Шундан сўнг мулоҳазакор она фарзандини ҳовлидаги ишларни бажаришга мажбур қилибди. Кун бўйи ишлаб ҳориган, очиққан ўғил олдига қўйилган ўша овқатни тотиб кўриб, «Онажон, жуда ҳам ширин шўрва пиширибсиз», деган экан.
Энди тасаввур қилайлик: бола табиат бағрида чопиб-яйраб жисмоний машғулотлар билан банд бўлмаса, иштаҳаси очиладими? Танаси иссиқда тобланиб, совуқда чиниқмаса, ўпкасини тўлдириб-тўлдириб тоза ҳаводан нафас олмаса, ёшига муносиб иш-машғулотлар билан жисми чайирлашмаса, соғлом-бақувват бўладими? Атрофидаги ҳайвоноту наботот билан юзма-юз келиб уларга меҳр қўймаса, табиат воқеа-ҳодисалари ичида юрмаса, уларнинг сирларини билишга – билим олишга қизиқиши кучли бўлиши мумкинми?
Масаланинг яна бир муҳим томони бор. Интернетдаги ўйинлар тинмай кўпайиб, янгиланиб бормоқда, айрим болалар телефонга шунчалар боғланиб қолганки, қўлига бу матоҳни олгани ҳамон атрофидагилар унга қанча эътиборсиз бўлса, шунча хурсанд. Бола – ўз номи билан бола, сабабнинг оқибатлари ҳақида ўйламайди ҳам. Аммо биз, дилбандини ўйинлар билан алдаб, уларнинг вақти, иқтидори пуч ёнғоққа айланишига ­сабаб­чи-ю томошабин бўлиб турсак… ўғил-қизлар қалбига сўзимиз, меҳримиз, ибратли ишларимиз билан сингдиришимиз керак бўлган меҳр-муҳаббат туйғусини, фазилатларни, хайрли амалларга рағбатни ким жойлайди? Дилбандимиз қалбида бугун оилада, тенгдошлари даврасида ҳар бир воқеа-ҳодисага ҳушёрлик, жонкуярлик, дахлдорлик туйғуси уйғонмаса, чиройли муносабат-­муомалани ўрганмаса, келажакда атрофидаги турфа табиатли одамлар – жамият аъзолари билан қандай тил топишади?

Муҳтарама УЛУҒОВА