Мактабгача таълим: имкониятдан масъулиятгача…

1104

Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривож­лантиришнинг муҳим асослари шакллантирилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига, «Ўзбекистон Респуб­ликаси Мактаб­гача таълим вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Шунингдек, унинг ҳуқуқий асослари яратилиб, вазирлик олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди. Ўтган давр мобайнида вазирлик ўз олдига қўйган муҳим вазифаларга босқичма-босқич эришиб келмоқда.

Маълумки, мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг бошланғич бўғини бўлиб, боланинг соғлом ва ривожланган эркин шахсиятини ­шакллантириш, қобилиятларини очиб бериш ҳамда билим олишга интилишни ривожлантириш каби мақсадлар йўлида иш олиб боради. Вазирлик фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг тизимни самарали ташкил этиш мақсадида 76 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди. Булар жумласига учта қонун, иккита Президент фармони, ўн олтита Президент қарори, 34 та Вазирлар Маҳкамаси қарори, 5 та Вазирлар Маҳкамаси фармойиши, 9 та идоравий ва 7 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат киради.
Халқни рози қилиш ҳамда уларнинг хоҳиш-истакларини амалга оширишда катта қадамлар ташланди. Хусусан, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, боланинг интеллектуал шахсини шакллантириш, таълим хизматларини яратиш орқали сифат даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани соҳадаги изчил ислоҳотлар натижасидир.
Мамлакатимизда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017 йилда 708247 нафар (27,7%), 2018 йил 932310 нафар (37,7%), 2019 йил 1413290 нафар (52,3%), 2020 йилда 1699566 нафар (60,9%), 2021 йил июнь ойи ҳолатига эса 1760808 нафар (62,4%) бола мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Юртбошимизнинг «Ўзбекис­тон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2030 йилга келиб мактабгача таълимга болаларнинг 80,8 фоизини қамраб олиш режалаштирилган. Шу ўринда бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида мактабгача таълим ташкилотлари сони ўсаётганини қайд этиш жоиз. 2017 йилда респуб­лика миқёсида 5 211 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 18 254 тага етган. 2021 йилда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълимга 65 фоиз қамраб олиш белгилаб олинган. Шунинг­дек, Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга кенг кўламли ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2025 йилда 6 ёшдаги болаларни 100 фоиз мактабгача мажбурий тайёргарлик гуруҳларига қамраб олиш режалаштирилган.
Айтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 декабрдаги «Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Мактабгача таълим вазирлиги 2018-2019 ўқув йилида болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлашни жорий этиш бўйича дастлабки лойиҳани муваффақиятли амалга оширди. Айниқса, дастлабки лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳридаги туман ва шаҳарларда ташкил этилган 494 та гуруҳда 11103 нафар бола бир йиллик мажбурий тайёргарликдан ўтказилгани амалий саъй-ҳаракатларнинг ижобий маҳсулидир.
Бугунги кунда вазирлик мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалда жорий этиш, ўқув жараёнида инновацион педагогик технологияларни қўллаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, уларни ўқув-услубий материаллар билан таъминлаш ҳамда педагог ходимларнинг малакасини ошириш бўйича муҳим вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Шунинг­дек, соҳада хизматлар кўрсатишда мослашувчанликни таъминлаш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда мактабгача таълимнинг турли хил муқобил шакллари жорий этилмоқда.
Соҳадаги муҳим ўзгаришлардан яна бири шуки, давлат-хусусий шериклик доирасида оилавий боғчалар шаклида ўқитишнинг муқобил модели амалга оширилди. Бутун республика бўйлаб мактабгача таълим ташкилотларига қисқа муддатли, яъни тўлиқ кунли бўлмаган гуруҳлар каби таълимнинг муқобил шакли ҳам қўлланилмоқда.
Мактабгача таълим вазирлиги томонидан хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кенг йўлга қўйилмоқда. Бу эса, болажонларни жаҳон стандартларига мос таълим жараёнлари асосида қамраб олиб, уларни ҳам жисмонан, ҳам маънан етук инсонлар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. 2017 йилдан буён чет эллик ҳамкорлар билан Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга оид 60 дан ортиқ ўзаро англашув меморандумлари ва доиравий битимлар имзоланди. Вазирлик соҳани ривожлантиришда Жанубий Корея, Хитой, Россия, Япония, Сингапур, Туркия, Польша каби мамлакатлар, шунингдек, Жаҳон банки гуруҳи, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, KOICA, JICA, TIKA, ЕХҲТ, Саудия тараққиёт жамғармаси, «Россот­рудничество» каби халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ҳозирги вақтда мактабгача таълимнинг муқобил ­шаклларини жорий этиш режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, 2020 йилда БМТнинг ЮНИСЕФ халқаро болалар жамғармаси билан биргаликда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини синовдан ўтказиш режалаштирилган. Хусусан, Наманган вилоятининг Косон, Тўрақўрғон, Чуст, Норин туманлари ва Хоразм вилоятининг Боғот ва Қўшкўпир туманларида турли ёшдаги мактабгача таълим гуруҳларининг ўйин гуруҳлари синовдан ўтказилиши истиқболли режага киритилган. Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2020 йилдан бошлаб амалга оширилаётган «Болаларнинг эрта ривожланишини такомиллаштириш» ­лойиҳаси доирасида мактабгача таълимнинг турли муқобил шакллари, жумладан, «уйга ташриф» таълимига эҳтиёжи бўлган болалар учун «эрта ривожлантириш марказлари» синовдан ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Мобил гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида»ги қарорига асосан республиканинг барча ҳудудларида қайта жиҳозланган «ISUZU» автобуслари негизида «Ақлвой» номли мобил мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. Дастлабки лойиҳа сифатида «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти кўмагида 16 та автобус махсус жиҳозланди. Бундан ташқари, хавфсизликни таъминлаш ва мобил гуруҳлар тарбияланувчилари учун шароитлар яратиш мақсадида барча зарур жиҳозлар ва дидактик материаллар билан жиҳозланган 44 та ўйин майдончаси қурилди. Шуниси қувонарлики, лойиҳа бўйича аввал мактабгача таълим билан қамраб олинмаган ва асосан республиканинг чекка ҳудудларида яшовчи 1556 нафар бола қамраб олинган.
«Ақлвой» мобил болалар боғчалари лойиҳасида ҳар бир болага битта жой ташкил этиш учун тахминан 7,7 миллион сўм маблағ сарфлаган. Машғулотларни бир неча сменада ташкил этиш учун ҳар бир автобус камида 3 та маҳаллада ҳаракатлана олади. Шу ўринда одатдаги давлат мактабгача таълим ташкилотини қуриш, уни жиҳозлаш ишлари билан биргаликда сарф қилинадиган харажатлар ҳар бир болага нисбатан 44 миллион сўмни ташкил этишини таъкидлаб ўтиш керак. Яъни «Ақлвой» мобил болалар боғчалари харажатлар борасида ҳам бир неча баробар тежамлидир. Ҳозир республиканинг чекка ҳудудларида қайта жиҳозланган «ISUZU» автобуслари негизида мобил мактабгача таълим ташкилотларини жорий этишни давом эттириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Жумладан, 2021 йилнинг ўзида чекка ҳудудларда 49 та «ISUZU» русумли автобус фойдаланишга топширилиб, 98 та янги майдон қурилди.
Соҳага замонавий кадрларни тайёрлаш асосий ­эътибордаги масалалардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда юртимиздаги педагогика йўналишидаги барча ОТМда тарбиячи мутахассислар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Жанубий Корея билан ҳамкорликда ташкил этилган Пучон университети ҳам 2018 йилдан бошлаб мактабгача таълимга кундузги ва кечки йўналишларда кадрлар тайёрламоқда. Ўқув жараёни Корея Республикасининг Пучон университети профессорлари ҳамда Ўзбекистондаги етакчи педагоглар томонидан олиб борилмоқда. Бу йил мазкур университет илк бор ўз битирувчиларини катта ҳаётга кузатиб, тизимга 400 нафарга яқин замонавий педагогик билимлар олган ва ўз ишида янгилик қилиш иштиёқи билан яшаётган кадрларни қўшди.
2018 йилгача тарбиячининг ойлиги сезиларли даражада кам бўлиб, бу маошга оила тебратиш амримаҳол эди. Шунинг учун ҳам ёшлар орасида тарбиячиликка қизиқиш кам эди. Аммо 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб тарбиячиларнинг ойлик иш ҳақи 30 фоизга оширилди. Жумладан, 3-5 ёшли болалар гуруҳларида ишловчи олий малака тоифасига эга тарбиячининг ойлик иш ҳақи 1960225 сўм, тайёрлов гуруҳи тарбиячисиники эса 2536008 сўмни ташкил этмоқда. Шунингдек, давлат боғчаларида йиллик иш ҳақи жамғармасининг 15 фоизи миқдорда ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳисобидан ўрнак ва ташаббус кўрсатган ходимларга, жумладан, тарбиячиларга ҳам ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача бўлган миқдорда устамалар тўланиши натижасида олий маълумотли тарбиячи – 2741279 сўм, олий тоифали тарбиячи эса 3804012 сўм маош олмоқда.
Тизимда ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» кўрик-танловининг мазмун-моҳияти қайтадан кўриб чиқилиб, у педагогларга ҳақиқий рағбат берувчи танловга айлантирилди. Илгари танловнинг республика босқичида ҳар бир вилоятдан бир нафардан тарбиячи иштирок этиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган бўлса, эндиликда мазкур мусобақа 5 та йўналишда ўтказилиб, республика босқичида 13 нафар эмас, 70 нафар тарбиячи қатнашмоқда. Бунда иштирокчилар нафақат янги тажрибалар орттиради, балки меҳнати ва интилишига яраша пул мукофотлари, қимматбаҳо совринлар билан тақдирланади. Агар тарбиячи ўрта-махсус маълумотли бўлса, унга мактабгача таълим йўналишида олий маълумот олиш учун имтиёз ҳам берилади. Бу юртимиздаги минглаб тарбия­­чиларни ўз устида кўпроқ ишлашга ундаши шубҳасиз.
Таълим-тарбия сифати гуруҳлардаги болалар сони билан боғлиқ, албатта. 2015 йилларда Тошкент шаҳридаги айрим боғчалардаги гуруҳларда 40-45 нафаргача тарбияланувчи бўлар эди. Бу тарбиячилар учун қийинчилик туғдириб, машғулотлар мазмунига, болажонларнинг сифатли таълим-тарбия олишига ҳам салбий таъсир қиларди. Ўзингиз ўйланг, диққатини жамлаш хусусияти эндигина ривожланаётган 40-45 нафар болани хонада бир соат ушлаб туриш қанчалик машаққат. Тарбиячилар ана шундай шароитда меҳнат қилишарди. Табиийки, бунда таълим сифати ҳам шунга яраша бўлиб, тарбиячилардан тўла-тўкис дастур асосидаги вазифаларни ҳам талаб қилолмасдик. Чунки тарбиячига ишлаши учун етарли шароит яратиб берилмаганди. Аммо вазирлик ташкил этилгач, боғчаларга онлайн ­навбатга туриш тизимининг жорий этилиши билан нафақат гуруҳдаги болалар сони меъёрлашди, балки болаларни боғчага жойлаштиришда учраган таниш-билишчилик ва коррупцион ҳолатлар ҳам камайди. Эндиликда қайси боғчага борманг, гуруҳда болалар 30 нафардан ошиқ эмас. Бу тарбиячиларга ҳам, кичкинтойларга ҳам қулай ва фойдали бўлмоқда.
Эндиликда олдимизда турган муҳим ишлардан бири бу – овқатланишни ташкил этиш жараёнида учраётган айрим коррупцион ҳолатларга барҳам бериш, юртимиздаги барча мактабгача таълим ташкилотларининг омборхона, ошхона ва машғулот хоналарига видеокамералар ўрнатишдир. Бугунги кунга келиб, аксарият боғчаларимизда ушбу замонавий мосаламалар ўрнатилишига эришилди. Аммо ҳали ҳам тизимда масъулиятсиз мудиралар, раҳбарлар учраб турибди. Келгусида ҳам болажонларнинг ризқига хиёнат қилаётган, соҳада «адашиб юрган» ходимларга қарши муросасизлик билан курашамиз.
Буюк мутафаккир Абдулла Авлоний бежизга болани идишда турган сувга қиёсламаган. Сув қайси ранг ва қандай ҳажмдаги идишда турганига қараб, ўша тусда товланади.
Болаларга эътибор қанча кучли бўлса, келажак пойдевори шунча мустаҳкам бўлади. Мактаб­гача таълим тизимида таълим-тарбия олаётган болажонлар – бизнинг келажагимиз. Биз уларнинг мурғак қалбларидаги бир олам гўзал орзуларига қанот бўлишимиз лозим. Истиқлол эгаларини рағбатлантириш, улар билан «болалар тили»да сўзлашиш, дунё мўъжизалари эшикларини очиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Баҳодиржон ОНОРБОЕВ,
Мактабгача таълим вазирининг
биринчи ўринбосари