Қашқирга ем бўлган муаллим

930

ёҳуд “Устозга эҳтиром” ҳайкали ҳақида ҳикоя

Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамет Авезов туман марказидаги “Устозга эҳтиром” эсдалиги пойига гулчамбар қўйди. Ушбу  муаллим аёл ҳурматига ўрнатилган эсдалик Ўзбекистонда ягонадир ва унинг яратилиш тарихи ғоят таъсирлидир.

2001 йилда “Бўстон”да марҳум хонанда Отажон Худойшукуровнинг ижодига бағишланган катта тадбир ўтказилади. Унга Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матчон, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф, Матназар Абдулҳаким, Ошиқ Эркин каби ижодкорлар ташриф буюришади. Шоирлар кетма-кет гўзал шеърлари билан залга йиғилганларни ҳушнуд қиларди. Бир вақтда шеър ўқиш навбати хоразмлик шоир Матназар Абдулҳакимга етиб келади.

Шоир минбарга чиқиб бироз ўйланиб туради-да, биринчи ўқитувчимга бағишланган шеъримни айтиб бермоқчиман, дейди.

У “Дарсдан сўнг” номли шеърини ўқиган пайтида залда йиғламаган биронта киши қолмайди. Шеър таъсиридан ҳамманинг юраклари ларзага келган эди.

Шеърнинг қисқача мазмуни қуйдагича:

Воқеа олис қишлоқларнинг бирида юз берган. Битта муаллима узоқ қир ошиб, мактабга қатнаб, болаларга дарс ўтар эди. Бир куни у ўқувчиларга иншо ёздиради. Бутун синфдан 7 нафар ўқувчи иншо ёзмай қолади. Муаллима уларга аччиқланиб, эртага албатта ёзиб келинг, бугун сизларга кечирим бераман, деб койийди. Қолган ўқувчиларнинг дафтарларини йиғиб, қўлтиқлаб уйига қайтмоқчи бўлади. Қараса, кун кеч бўлиб қолибти. Ҳар куни келиб олиб кетадиган эри эса бугун келмаган. Ҳамкасмблари “бугунча бизникида қолинг, кун кеч бўлиб кетди” деб қистаса ҳам у йўлга чиқади. Йўлда кетаётиб миясига турли ўйлар келади: нимага эри келмади экан-а? Кўнгли совудими экан, деб ваҳимага тушди. Ёки уғлим хасталаниб қолдимикан? Ундан баттар юрагини ваҳима босади.

Нима бўлса ҳам уйга тезроқ етай деб, ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қирми, қарамасдан шошилиб кетар эди.

Бир пастда изига бир қора эргашиб келаётгандай туюлади.

Не кўз билан кўрсин-ки, изига оч қашқир тушган экан. Эсига қашқирнинг оловдан қўрқиши келади ва қўлтиқлаб келаётган дафтарларни ёқа бошлайди. Дафтарни ёққанда қашқир ҳам тўхтайди. Ўзи ҳам юрагини босиб олади.

Овулга етай деб қолганда муаллимда дафтар тугайди, қашқирда эса тоқат…

Агар шу куни 7 нафар ўқитувчи иншони ёзиб топширганда эди, муаллим омон қолармиди.

Эртасига муаллимнинг жонозасида бутун халқ йиғлайди, ҳаммадан баттар етти нафар ўқувчи, жумладан улардан бири шеърдаги лирик қаҳрамон ҳам ўкириб йиғлайди.

Тадбирда ўқилган ушбу шеърдан шу пайтдаги туман ҳокими Неъматулла Худайбергенов ҳам жуда таъсирланади ва муаллимага ҳайкал ўрнатиш ғоясини илгари суради.

Шундай қилиб, 2003 йилда “Устозга эҳтиром” ҳайкали дунёга келган эди.

Қуйида Матназар АБДУЛҲАКИМнинг шу машҳур шеърини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Айтганча, шоир шеърида шу воқеадан кейин сермаҳсул ёзувчига айланганини таъкидлаган:

Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун

Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.

… Сен йўл бўйи ёқиб ташлаб кетавер

Қашқирлар қўрққувчи китобларимни…

 

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА

 

 

 

 

ДАРСДАН СЎНГ

 

Кимнидир койиди чеккани учун.

Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.

Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра

Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.

 

«Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?

Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.

Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,

Эртага қолганлар топширсинлар. Хайр».

 

Қиш куни — бир тутам. Қорайганди қош.

Иккиланди. Ўтмак керак, ахир, қирдан.

Эри ҳам келмади олиб кетишга

«Кўнгли совидими…» — ваҳм этди бирдан.

 

Ҳамкасб дугонаси қистовга тутиб,

«Тунаб кетинг, — деди . — Кеч бўлиб қолди»

Кўнмади. Қўлтиқлаб машқ дафтарларни

Уйга ёлғиз ўзи яёв йўл олди.

 

Овул тугаб, энди қирга чиққанда

Оқшом қуюқ эди, атроф сим-сиёҳ.

Йўлдан қайтмоқчи ҳам бўлди бир ўйи.

«Ўғлим хасталаниб қолдимикан ё…»

 

Юрагини баттар ваҳима босди,

Қамради тундан ҳам баттар бир қўрқув.

Ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қир демай

Яна кетаверди, кетаверди у.

 

Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,

Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб,

Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,

Изига бир дафтар ташлади ёқиб.

 

Қашқир тўхтаб қолди. Сўнг — яна, яна,

Муаллима омон топган бу олов

Йиртқичга берарди иложсиз сабр.

Йўловчи — ёқарди, қашқир — тўхтарди,

Тин оларди икков ҳар дафтарда бир.

 

Йўл узоқ, тун қаро, қашқир эса оч,

Оч йиртқич биларми надир садоқат.

Уйга яқин қолган вақтда тугади

Муаллимда дафтар, қашқирда — тоқат.

 

Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,

Замин аза очди, замон йиғлади.

Дафтар топширмаган етти ўқувчи

Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.

 

Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,

На олим, на фозил, на сўз пириман.

Ўз вақтида дафтар топшира олмай

Қолган болаларнинг бириман.

 

Мен яхши биламан, тумор қилмайди

Ёзган шеърларимни ошиқлар.

Мен яхши биламан, қўшиқларим жўн,

Биламан, булар бир оддий машқлар.

 

Лекин… кетмакдасан келажак сари

Тап тортмай қисматнинг дашт, қирларидан.

Ўзимча асрагим келади сени

Ёвузлик, хиёнат қашқирларидан.

 

Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун

Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.

… Сен йўл бўйи ёқиб ташлаб кетавер

Қашқирлар қўрққувчи китобларимни…

Матназар АБДУЛҲАКИМ