Ҳокимга «иномарка»-ю, «тез ёрдам»га «дамас» ҳам бўлаверади(ми?)

59

«Ishonch» газетасининг 2020 йил 7 ноябрдаги сонида Дилором Худойберганованинг «Гўр азоби қачон тугайди?» мақоласини ўқидим. Ўқидим-у, дилимдаги оғриқлар янгиланди – унда бизнинг ҳам муаммолар акс этган эди.

Мақолада долзарб мавзу ёритилган. «Тез ёрдам» машиналарининг аҳволи… Тушунишимча, мақолада сўз юритилган «Дамас» автомашинаси янги бўлган. Аксинча, эски бўлгандами? Бемор манзилга етиб бормаслиги ҳам мумкин эди…
Камина ҳам шу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий Мажлисга кўплаб мактуб­лар ёздим. Улар эса қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб, мактубни ёпиш билан овора.
Гап шундаки, бизнинг ҚВПдаги «103» хизматига ажратилган «Дамас» русумли автомашинанинг фаолиятига 11 йилдан ошибди. Ҳайдовчиларга раҳмат. Бир амаллаб ҳайдаб юришибди. Аммо «отахон» автомашинани янгилаб бериш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти.
Вазирлик, маҳаллий ҳокимиятга «тез тиббий ёрдам» хизмати учун минглаб автомашинани янгилаш оғирлик қилади, чоғи. Айниқса, чеккароқ ҳудудларга…
…Шифокорлар 2020 йил қаҳрамони бўлди. Пандемия сабаб карантин эълон қилинган давр­­да шифокорлар кеча-ю кундуз тиним билмади. Айниқса, УАШ, «Тез ёрдам» бирламчи тизим ҳамширалари жонини жабборга бериб ишлади. Ана шу синов кўрсатдики, «тез тиббий ёрдам» хизмати доимо керак ва шароити бадас­тур бўлиши зарур.
Фикрим эса қуйидагича: ҳозирги кунда маҳаллий ҳокимиятлар бирламчи тизим шифокорларини тез ёрдам машиналари билан таъминлаши керак. Ҳокимлар 400 миллион сўмлик (иномарка) автомашинада юради. Лекин ҚВПлар оддийгина планшет, компьютер ва шунга ўхшаш нарсалар билан таъминланмайди-ку?!
«Тез ёрдам» тиббий хизматларига эса «Дамас»ларнинг ўрнига талабга жавоб берадиган автомашиналар ажратилиши керак.
Дарвоқе, мақоладаги ҳолат ёритилганига уч ой бўлди. Хўш, унга Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирдими?..
Менимча, бу ҳам қийин масала бўлса керак. Жамоатчилик фикрини назарга илганида, бу муаммолар аллақачон бартараф этилган бўлар эди….