Озарбайжон таомлари бўйича мастер-класс бўлиб ўтди      

620

 Ўзбекистонда ўтган “Ипак йўли дурдонаси» Халқаро кинофестивали доирасида озарбайжон гастрономияси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда озар ва ўзбекистон миллий таомлари бўйича таниқли мутахассислар, Ўзбекистон ошпазлари ассотсацияси, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази раҳбарияти, Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлик жамияти, журналистлар ва блоггерлар иштирк этди.

Тадбирда гастрономия соҳаси мутахассиси, www.diyar.аz лойиҳаси раҳбари Нигар Амирбекова Озарбайжон миллий таомлари бўйича мастер-класс  намойиш этди. Унда ҳар хил турдаги дўлмаларнинг  тайёрланиш услуби кўрсатиб берилди. Жумладан, Озарбайжон миллий таомлари, дўлма — баргли дўлма, помидор, қалампир ва бақлажоннинг ҳар хил дурдоналарини тайёрлаш ва тақдим этиш жараёни бўлиб ўтди. Бундан ташқари, ўзбек миллий паловини тайёрлаш бўйича маҳорат сабоқлари намойиш этилди. Шунингдек, мутахассислар Озарбайжон ва ўзбек таомларининг ўхшаш ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапиришди. Бундан ташқари тадбирда ҳар икки мамлакатнинг миллий таомлари намойиш этилиб, улар иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.

Тақдимот доирасида Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан тайёрланган маданий дастур намойиш этилди. Тадбирда «Ўзбеким Ёшлари» ўзбек мусиқий гуруҳи, озарбайжонлик мусиқа устаси Илҳом Абдуллаев ва «Евровидение – 2017» танловининг Озарбайжонлик иштирокчиси Диана Ҳажиева томонидан озарбайжон ва ўзбек мусиқалари ижро этилди.

Таъкидлаш жоизки, Нигар Амирбекова Озарбайжон миллий таомлари палитрасини тўлиқ намойиш этувчи www.diyar.az интернет-ресурсининг муаллифидир. Маҳаллий ва чет эллик томошабинлар учун мўлжалланган бу рақамли фотосурат ва тавсифли рецептлар Озарбайжон бўйлаб асл ва унутилган таомлар  ҳақида тўлиқ маълумот беради.

Нигар Амирбекова Озарбайжон маданиятини илгари сурди, Озарбайжон гастрономияси бўйича бутун дунёда, Туркия, Араб давлатлари, Европа ва Лотин Америкасида тақдимотлар ўтказди.

Иштирокчилар Нигар Амирбекованинг тақдимотини юқори баҳолаб, бундай тадбирларнинг Озарбайжон маданиятини оммалаштиришдаги аҳамиятини эътироф этишди.

Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусейн Гулиев ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раҳбари Акбар Умаров ўтган мастер-классни юқори баҳолади ва Озарбайжон гастрономияси бой анъаналарга эга эканлигини таъкидладилар. Тадбир сўнгида Акбар  Умаров Нигар Амирбековага Ўзбекистон миллий таомлари ҳақидаги ноёб китобни  совға қилди.

 Зебо НАМОЗОВА,

«Ishonch»