Янги тартиб коррупциянинг замонавий усули(ми?)

1608

2015-2018 йилларда Олий таълим вазирлигига ҳар йили ўқишни кўчириш масаласида 1000 тадан 3000 тагача ариза тушган. 2019 йилдан бош­лаб эса қўшни мамлакатлардаги олий ўқув юртларига ўқишга киришни ­«таъминловчи» турли хусусий фирмалар кўпайиши, айниқса, уларнинг бир йилдан сўнг таҳсилни юртимиздаги олий таълим муассасаларига кафолатли кўчириб бериш ҳақидаги таклифлари ҳисобига бу рақам сезиларли даражада ошган…

Вазият қандай?

2021 йилда вазирликка 150 минг нафар йигит-қиз ўқишни кўчириш масаласида мурожаат қилган. Албатта, уларнинг орасида ўз юртимиздаги ўқув даргоҳини ўзгартирмоқчи бўлганлар ҳам бор. Аммо кўчириш борасидаги энг кўп аризалар катта фарқ билан – Қирғизистон, Қозоғис­тон, Тожикистон, Россия ва кейинги ўринларда кам бўлса-да, Хитой ва Туркиядаги олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётганлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бу эса юртимиз олий таълим тизими учун яхшигина ташвиш туғдиради. Чунки олий ўқув юртларимиз қўшимча талабаларнинг катта оқимини қамраб олишга моддий томондан – бино, жой ва янги ўқитувчилар учун ойлик маош масаласида тайёр эмас (эътибор қилинг, бу йил юртимизда 180 минг атрофида ёшлар талабаликка қабул қилинган. Кейинчалик суперконтракт асосида уларнинг сони яна 20-30 минг нафарга ошиши мумкин. Хориждан кўчириш бўйича бу йилги аризалар сони салкам 100 мингтани ташкил ­қиляпти. Ички кўчиришлар учун мурожаатлар сони эса 60 минг).
Ўзи шундоқ ҳам йил сайин квоталар сонининг ошиб бориши ҳисобига олий таълим муассасалари янги қабул қилган талабаларга зарур шарт-шароитни таъминлашни зўрба-зўр эплаяпти. Аммо мурожаат қилаётган ёшлар – ўзимизнинг қоракўзлар бўлса-чи? Уларнинг истакларига ҳам қулоқ тутиш керак-да ахир! Шу боис, вазиятга ечим топиш мақсадида кўчириш тартибига бир қатор ўзгартириш­лар киритилди.
Янгилик шу бўлдики, кўчиришда олинадиган тест синовлари Олий таълим вазирлигидан Давлат тест марказига ўтказилди. Олий таълим вазирлиги тасарруфидаги ОТМларга кўчиришдаги ўтиш бали 66,1 деб белгиланди. Вазирлик ва ташкилотлар тасарруфидаги ОТМлар эса кўчириш балини ўзлари мустақил белгилади. Масалан, тиббиёт йўналиши учун 100 балл, юридик университетга кўчирмоқчи бўлганлар учун эса 105 балл асос қилиб олинди. Бундан ташқари, агар талаба белгиланган ўтиш балини тўплай олмаса, унга анъанавий абитуриентларга жорий этилган табақалаштирилган тизим асосида контракт тўловини тўлаб, кўчириш имконияти ҳам берилди. Аммо бунда ОТМ ўзининг ички имкониятидан келиб чиққан ҳолда иш тутиши кўрсатилган. Яъни, агар ОТМнинг ички шароити талабани ўқитишга тайёр бўлмаса, ариза берувчининг талаби қондирилмаслиги ҳам мумкин.

Ҳолат аянчли

– Август ойининг охирги кунларида ўтказилган тестда хориждан ўқишни кўчириш истагида бўлган 98 мингдан ошиқ талабгорнинг 92734 нафари иштирок этди, – дейди Олий таълим вазирлигининг бошқарма бошлиғи Абдували Ҳолиқов. – Уларнинг 30,1 фоизи белгиланган ўтиш бали ва ундан юқори балларни қўлга киритди, қолганлари эса (65 минг нафардан ортиғи) белгиланган ўтиш балини ҳам ололмади. Масалан, тиббиёт йўналишида 6163 нафар талабадан 8,8 ­фоизигина (545 нафар) белгиланган 100 баллик ўтиш балини тўплаган, холос. Ахборот технологиялари йўналишида эса 595 нафар талабгордан 6 нафаригина белгиланган 104 баллдан юқори натижа кўрсатган. Бу бор-йўғи 1 фоиз демак. Натижалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, билими суст ва ўқишга киришга пухта тайёрланмаган ёшларимиз «Бу йил четдаги университетга кириб олсам бўлди, кейинги йил Ўзбекистонга кўчириб оламан», деган илинжда Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикис­тон каби давлатларнинг олий ўқув юртларига ҳужжат топширмоқда. Суриштирувларга кўра, ўтган йили Қирғизистон олий ўқув юртларига 45,091 нафар юртдошимиз ўқишга кирган. Энг қизиғи, уларнинг 4,5 минг нафаригина бориб ўқиган, холос. Қолганлари эса, ўқишга киритиш билан шуғулланувчи фирмаларга ҳужжат топшириб, шартнома тўловлари ва фирманинг хизмат харажатларини тўлаган, аммо ўқишга бормаган. Ваҳоланки, ўша ёшлар амалда қайсидир университет ёки институтнинг талабаси ҳисобланади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Олий таълим вазирлиги енгил-елпи фикрли ёшларнинг сони ошишига чек қўйиш, енгил-елпи йўллар билан талабаликка эришиш ҳолатларига барҳам бериш мақсадида бу йил ўтган йилларга нисбатан ўтиш балларини оширди ва келгусида яна ҳам кўтаришни кўзламоқда. Мақсад – билимли ёшларни кўпайтириш!

«Халқнинг тўлов қобилиятини ҳам ўйлаш керак…»

Ўқишни кўчиришдаги янги тартибнинг табақалашган контракт тўлови билан боғлиқлик жиҳатига жамоатчилик ва ота-оналардан эътирозлар кўп бўлмоқда. Янги тартибга кўра, юртимиздаги хорижий ОТМ филиалларидан давлат ОТМга кўчиришда ўтиш балидан 4 балгача кам тўплаганлар базавий шартнома миқдорининг 3 баробаригача, қолган ҳолатларда эса 56-57 ­баллгача етмаганда 15-20 баробар бир марталик тўлов тўланади. Бу тахминан 150-200 миллион сўмни ташкил этади.
– Баъзида янги чиқаётган меъёрий ҳужжатлар билан танишиб, ҳайрон қоламан. улар қандай йўл билан бўлса ҳам кўпроқ пул ундириш учун ишлаб чиқилгандек туюлади менга, – дейди юртдошларимиздан бири Шавкат Холмуродов. – Баъзан шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, таҳсил давомида талаба ўша соҳада ўз келажагини кўрмайди, ўзининг қизиққан йўналиши бошқа соҳа эканини тушуниб етади. Менинг фарзандимда ҳам шундай бўлди. У хорижий ОТМнинг Тошкентдаги филиалида энергетика йўналишида бир йил таҳсил олгач, асли қизиқиши иқтисод эканини тушуниб етди. Ўзи билимли, тиришқоқ йигит. Ўқишни иқтисодиёт университетига кўчиришимиз учун 150 миллион сўм атрофида тўлов қилишимиз керак экан. Айтинг-чи, ишлайдиган ва ишламайдиган ота-оналар бу пулни қаердан олади? Масаланинг бу томонлари ҳисобга олинмагани ажаблантиради кишини. Менимча, ҳар қандай меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилаётганида, оддий халқ унинг иштирокчиси бўлишини ҳеч ким унутмаслиги керак. Қирғизистон ва Қозоғистонга осон йўл билан ўқишга кириб, сўнг уни кўчириш илинжида юрганлар ­касрига юртимизда таҳсил олаётган иқтидорли ёшларимиз қолиб кетмаслиги керак…

«Суперконтракт» тизимига қаршиман»

– Мен мутахассис сифатида анъанавий ўқишда ҳам, ўқишни кўчиришда ҳам «суперконтракт» тизими жорий этилишини ёқламайман. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб мушоҳада юритсак, биздан бошқа мамлакатда бундай тизим йўқлиги аён бўлади, – дейди олий таълим жонкуярларидан бири, Буюк Британияда таҳсил олган Комил Жалилов. – Хорижда асосан кредит-модуль тизими йўлга қўйилгани боис, унинг замирида кўчириш масалалари ҳал бўлиб кетаверади. Масалан, талаба ўқишини бошқа университетга кўчирмоқчи бўлса, кредитларини ёпади ва ўқишни кўчирмоқчи бўлган университетга бориб, ўзининг ўқув даргоҳида ўқитилмаган фанларга тайёрланиб, имтиҳон топширади. Синовдан ўтса, ўқишини бемалол кўчираверади. Дунёнинг кредит-модуль тизимига ўтган кўплаб давлатларида дастлаб биология йўналишига ўқишга кириб, сўнг математика йўналишида давом эттириб, охирида ҳуқуқ йўналишига кўчириб, дипломни ҳуқуқ соҳаси бўйича олиш мумкин. Фақат шарти шуки, фарқли фанлардан тайёрланиб, имтиҳонлардан ўтиш керак.
– Мамлакатимизда ҳам кредит-модуль тизими жорий этилмоқда, аммо бу жуда секинлик билан боряпти. Таклифим шуки, – дейди К.Жалилов, – тезроқ ва тўлиқ кредит-модуль тизимига ўтиш, олий таълимни эркинлаштириш керак. Шундагина кўчириш масалалари ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлади. Ҳозир нега фарзандларимиз қўшни давлатларга бориб ўқимоқда? Ўзимизда қабул чеклангани боис. Хорижда университетлар эркин ва молиявий ­мустақил. Улар қабулда ўзларининг энг минимал балл ва бошқа талабларини қўяди, квота сонини белгиламайди. Талабга қараб таклиф ишлаб чиқилади. Қанча ёшлар талаб­­га жавоб беролса, шунча ёшлар ўқишга қабул қилинади. Бу жараёнда олий ўқув юртлари бир-бири билан рақобатлашади. Ўз дастурларини ўзи яратади. Уларнинг сайтига кирсангиз, «Биз сизга мана бу фанларни ўқитамиз. Бош­­қа университетларда бундай имкониятга эга бўлмайсиз…», деган мазмундаги чорловларни кўрасиз. Абитуриент ҳам кузатиб, таққослаб, сўнг танлайди. Биз ҳам шундай тизимга ўтишимиз, олий таълимни эркинлаштириб, рақобатни кучайтиришимиз керак. Шундагина олий таълим сифати юксалиб, юқоридаги каби муаммолар ўз ечимини топади.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»