Садоқатнинг баҳоси қанча?

1195

Навбаҳорлик шифокор Рамизжон Каримовнинг армонли ҳикоясини охиригача эшитишга тоқат қилолмадим. Давомини қоғозга ёзиб беринг, дейишга эса тилим бормади. Қоғоз-қаламларимни йиғиштириб, ҳовлига чиқдим.
Ичкарида шифокорлик қасамёдига содиқ қолиб, 39 ёшида хазон бўлган йигит чуқур-чуқур нафас олиб, нимадандир қаттиқ афсусланади. Шу кез мен ҳам ҳаётнинг бешафқатлигидан, баъзи замондошларимизнинг меҳр-оқибатсизлигидан афсусландим.

Кошкийди, Рамизжонлар орамизда биттагина бўлса?! Ўтган йили биргина Навоий вилоятидан уч нафар шифокор ўз фаолияти давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олди. Уларнинг икки нафари бевақт оламдан ўтди. Ризқ-насибаси бор экан, Рамизжон тирик қолди. Аммо у ҳам ғамзада.
…Рамизжон Каримов 2020 йилнинг 20 мартида Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига бош­лиқ бўлиб ишга ўтган эди. Худди шу пайтларда юртимизга коронавирус инфекцияси кириб келди. Тезкорлик билан Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонаси негизида махсус ­госпиталь ташкил қилиниб, беморлар қаттиқ карантинга олинди. Бошқа шифокорлар қатори Рамизжон Каримов ҳам 12 июнь куни мазкур госпиталга сафарбар қилинди.
Келинг, воқеанинг давомини Рамизжоннинг ўзидан эшитайлик.
«…Махсус госпиталга кунига ўнлаб инфекция юқтирганлар мурожаат қилишади ёки «тез ёрдам» машинасида олиб келинади. Суриштирамиз, суҳбатлашамиз, текширувдан кейин даволашни бошлаймиз. Дастлабки 14 кунда беморлар кутилганидан ҳам кўпайиб кетди. Бизнинг госпиталдаги хизмат муддатимиз тугаб (14 кун), аввалги иш жойимизга қайтишимиздан олдин Зарафшон шаҳрида тест топширдик. Ўзимиз ҳам карантинга олиндик. Ҳаммамиз соғлом эканлигимиз аниқлангач, уйимизга жавоб беришди.
Ҳар галгидек эрталаб ишга келдим. 12 июль куни мен ишлайдиган Навбаҳор тумани юқумли касалликлар шифохонаси ҳам коронавирус инфекциясини юқтирган беморлар госпиталига айлантирилди. Қатъий карантин чекловлари жорий қилинди. Бу пайтда ушбу офатга қарши кураша оладиган, тажрибали шифокорлар деярли йўқ эди. Раҳбарларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда, мен яна 14 кун давомида туманимиздаги махсус госпиталь ичида ишлашга рози бўлдим. Чиққанимиздан сўнг, яъни 24 июль куни худди аввалгисидек яна Зарафшон шаҳрида тест топширдик. Бу сафар, афсуски, менга вирус юққани аниқланди ва 26 июль куни ўзим ишлаган шифохонага бемор сифатида ётқизилдим.
Менда илгаридан қандли диабет касаллиги бор эди. Шунинг учунми, жуда қийналдим. Аллоҳга шукр, шифокор дўстларим жиддий эътибор билан даволашди. 6 августда госпиталдан чиқаришди. Орадан икки кун ўтиб, уйда яна безовталандим. Шифохонага келдим. Қайта текширувлардан сўнг шифокорлар коронавирус туфайли ошқозон ости бези емирилиб бораётганини айтишди. Аниқроқ айтадиган бўлсам, ошқозон атрофи, ичаклар чирий бошлаган экан. 12 августдан 12 ноябрга қадар Навоий шаҳридаги шифохонада ётдим. Орада қорин бўшлиғимни икки марта очиб, катта операция қилишди. 40 кун давомида фақат суюқлик билан озиқлантириб туришган, мен эса ҳуш-беҳуш яшайверганман. Атрофимда кимлар, нима қиляпти, сезмаганман. Операциядан олдин вазним 100 килограммдан ортиқ эди. 22 ноябрга келиб, 52 килограммга тушиб қолди. Энди тасаввур қилаётгандирсиз, дардни қандай кечирганимни? Одамзоднинг насибаси узилмаса, қарийб ярми йўқ бўлиб кетса ҳам жони узилмас экан…
Рамизжон Каримов уйига қайтгандан кейин ҳам узоқ вақт даволанди. Ҳаммасига чидади. Яхшиям, шифокорлик касбини танлаган экан, дўстлари, касбдошлари, жамоадошлари ёлғизлатиб қўйишмади. Ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлаб туришди. Бироқ ­Навбаҳор тумани тиббий меҳнат экспертиза комиссиясининг узоқ текширувларидан сўнг Рамизжон Каримов коронавирус инфекцияси туфайли меҳнат қилиш қобилиятини йўқотган деб топилди. Хулоса ўрнида биринчи гуруҳ ногирони, деган совуқ қарорга келишди.
Аввалига ногиронлиги Рамизжоннинг оиласидан сир тутилди. Аммо «Касални яширсанг, истимаси ошкор қилади», деганларидек, Рамизжоннинг рафиқаси бундан хабар ­топди. Кўксига уриб, дод солиб йиғлади. Начора, ўзини ўққа-чўққа ургани билан не фойда? Бора-бора тақдирига тан берди.
Ҳаётнинг бешафқатлигини қарангки, коронавирус туфайли бир забардаст йигит 3 ой деганда соғлиғидан, ишидан, оиласидаги тўкисликдан, кўнглидаги хотиржамликдан айрилди. Ҳали 40 ёшга ҳам тўлмаган турмуш ўртоғининг пешонасига ажин, вояга етмаган уч нафар фарзандининг чақнаб турган кўзларига мунг тушди.
2020 йилнинг 26 мартида Шавкат Мирзиёев томонидан «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланган эди. Мазкур қарорга кўра, беморлар билан ишлаш жараёнида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт ходимларига тўланадиган бир марталик тўлов миқдори юз миллион сўм қилиб белгиланган. Карантин шароитида ишлаган минглаб шифокорлар белгиланган маблағ билан ўз вақтида таъминланди.
Аммо Рамизжон Каримовга келганда, қарор ижросига бевосита масъул бўлган раҳбарлар масъулиятсизлик қилишди, чоғи, Президент қарорида белгиланган бир марталик юз миллион сўмлик тўлов шифокорга берилмади. Навбаҳор туманида ташкил қилинган махсус госпиталда беморлар билан ишлаш жараёнида коронавирус инфекциясини юқтириб олганини ва бунинг оқибатида биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолганини ҳеч ким инобатга олмади.
Бундан ортиқ оқибатсизлик бўладими? ­Масъул идораларга, раҳбарларга қилинган барча мурожаатлар изсиз кетди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада ишни Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси зиммасига юклади. ­Бошқарма мутасаддилари томонидан Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмасига топшириқ берилди. Бирлашма раҳбарлари эса «Бизда бундай катта ­маблағ йўқ», дея қутулди-қўйди.
Сансалорлик, лоқайдлик натижасида Рамизжон Каримов ва рафиқасининг умиди сўнди. Даволанишга бир чақаси қолмаган кунлар бўлди. Яхшиямки, эр-хотин вақтида янги қурилаётган уйлардан бирини олиш мақсадида дастлабки тўловни амалга ошириб қўйган экан. Иложсизликдан ўша тўланган маблағни қайтариб олди ва соғлиғини тиклаш учун сарфлади.
Яқинда Рамизжоннинг турмуш ўртоғи эри учун тўланиши лозим бўлган ­маблағ масаласида соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан яна бир бор учрашди. Улар Президентнинг мазкур қарори шу йилнинг ­­1 июнидан ўз кучини йўқотганини рўкач қилиб, бу масалада ­судга ёки молия вазирлигига мурожаат қилишни маслаҳат беришди холос.
Тўғри, Президентнинг 2021 йил 5 майдаги «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимлари салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш тўғрисида»ги фармонига асосан юқорида таъкидланган қарор ўз кучини йўқотган. Бироқ шуни эътибордан четда қолдирмаслик лозимки, шифокор Рамизжон Каримов 2020 йилнинг август ­ойида коронавирус юқтириб олган. Ноябрь ойига қадар икки бор операция қилинган ва биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Бу пайтда Президентнинг юқорида тилга олинган қарори амалда бўлган. Шуни била туриб, бурчига, ватанига садоқат кўрсатганлар меҳнатларини нохолис баҳолаётганларнинг муддаоси нима эканини тушунмайсан, киши.
Ишонч ва умид – одамзодни ҳамиша яшашга, курашга ундаб, илҳомлантириб турувчи ҳаётбахш туйғу. Бугун фидойилиги, бурчига содиқлиги туфайли биринчи гуруҳ ногиронига айланиб қолган Рамизжон Каримов ҳамда унинг оиласи тушкунлик гирдобида. Яқин қариндошларини, уч-тўрт нафар ­ишончли дўстларини ҳисобга олмаганда, атроф­дагилардан садо чиқмаётир. Масъул идораларнинг бу борадаги масъулиятсизлиги ҳақида эса юқорида айтиб ўтдик.
Тўғриси, Рамизжон ўзига тўлаб берилмаган маблағ масаласида судга ҳам мурожаат қилиши мумкин эди. Аммо келажагини ўйлаб, ўзини тийди. Балки бутунлай соғайиб кетиб, яна аввалги ишига қайтадиган бўлса, вазирлик ёки бошқармадагилар «Сен бизни судга берган эдинг-ку…» дея таъна қилишларидан чўчиди.
Бизнингча, ҳали ғишт қолипидан кўчмаган. Орамизда оқибатли, виждонли кишилар кўп. Бу борада вазирликлар, бошқармалар, ҳокимиятлар ўз фикрларини айтишидан, Рамизжон Каримов ва унинг оиласини беминнат қўллаб-қувватлашидан умидвормиз.

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»