Интилганга толе ёр!

1612

Ёхуд тадбиркорликдаги муваффақият нималарга боғлиқ?

Китоб – бойлик! Аммо сотиб олингани эмас, ўқилгани! Яхши асарни мутолаа қилган киши ундан бир олам завқ олади, маънавий олами бойийди. Демак, нодир асарларни ўқувчиларга етказиб бериш катта савобга доҳил иш саналади. Бу борада айни кезларда asaxiy.uz интернет-дўкони ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис биз ушбу интернет-дўкони асосчиси ­Феруз ­АЛЛАЕВ билан китоб савдоси, унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида суҳбатлашдик.

– Фаолиятингизни қандай бош­лагансиз? Шогирдларингиз кўпми?

– Қишлоқда катта бўлганман. Отадан эрта етим қолганман. Бундан 15 йилча муқаддам далада қўй боқиб юрардим. Эндиликда ҳамма нарсага тинимсиз ҳаракатим орқали эришаяпман. Ишонч ҳосил қилдимки, инсон ўқиса, олға интилса, эзгу мақсадда билим олса, қаердан ва ким бўлишидан қатъи назар, албатта, ўз ­орзусига етишар экан.
Шогирдларим йўқ. Чунки уларга қўшимча вақт ажратиб, иш ўргатиш ва билим беришга тўғри келади. Ҳозирча бизда бундай имконият йўқ. Асосан интернет орқали маиший техника ва электроника воситаларини сотамиз, шунингдек, сўнгги уч йил давомида китоблар савдосини ҳам ривожлантирдик.

– Бунга нима туртки бўлди?

– Мен Францияда ўқиганман. У ерда интернет савдоси жуда яхши йўлга ­қўйилган. Қолаверса, бу соҳа бутун дунёда ривож­ланган. Шунга қўра, бизнинг юртимизда ҳам албатта тараққий этади, деган умидда интернет орқали дастлаб электроника ва маиший техника воситалари сотувини бош­лаганмиз. Кейинчалик юртимизда китоб­лар билан боғлиқ муаммо борлигини, янги асарлар кам чоп этилаётганини кўриб, нима учун китоб савдоси билан шуғулланмаслик керак, деган саволни ўз олдимизга кўндаланг қўйдик. Бора-бора шу лойиҳани ҳам амалга оширишга киришдик. Кўриб турганингиздек, ишимиз муваффақиятли кеча ­бошлади.

– Агар сир бўлмаса, айтинг-чи, келаётган даромад сизни қониқтирадими?

– Бир ойлик умумий даромадимиз 100 миллион сўмдан ортади. Баъзида эса бир неча юз миллион сўмни ташкил этади.

– Фаолиятингиз давомида қандай қийинчиликларга дуч келгансиз?

– Бу соҳа Ўзбекистонда янги бўлгани учун кадрлар муаммоси бизни қийнаган. Ўзимиз ҳам ишни қандай қилиб ташкиллаштиришни билмаганмиз. Иккинчи муаммо эса инвестиция… Ҳозир ҳам ишимизни бундан-да ривожлантириш учун сармоялар етишмайди, ­доимий равишда пул қидириш билан оворамиз. Чунки ўсиш тезлиги жуда катта, шунга яраша ўзгариш­лар қилишимиз керак.

– Эришган натижаларингиз…

– Бу кўпчиликка маълум. 100 тадан зиёд иш ўрни яратдик. Интернет бозорида янги китоблар тақдим этишни бош­ладик. Бир нечта янги дастур ишлаб чиқиб, маҳсулотларни етказиб бериш муддатини жадаллаштирдик. Умуман олганда, интернет савдоси билан боғлиқ соҳада бирмунча ўзгариш­лар қилдик, деб ўйлайман.

– Ўқувчиларингиз сафида зиёлилар кўпми ёки оддий халқ?

– Китоб турига қараб ўқувчиларимизни тоифалашимиз мумкин. Шу пайтгача биз таржима қилган китоблар ўзбек тилида йўқ эди. Бу нимани анг­латади?.. Билим олишни истаган киши айнан мана шу ресурслар ўзбек тилида йўқлиги учун ўз тилида ўқий олмаган. Ҳозир бундай имконият пайдо бўлди. Хоҳлаган киши ўша китоб­ларни олиб мутолаа қилиши мумкин. Бинобарин, халққа танлов берилгани асосий ютуқларимиздан биридир.

– Китобхонлар қайси йўналишдаги китобларга қизиқаяпти?

– Бугунги кунда кўпроқ психология, мотивация йўналишидаги китобларга қизиқиш катта. Жаҳон мумтоз адабиёти дурдоналари ­доимо ўқилган ва бундан кейин ҳам ўқилади. Мамлакатимизда тадбиркорлик ривожланиб, ишбилармонлар кўпайгани сайин бизнесга доир профессионал адабиётларга ҳам талаб ортиб бормоқда.

– Хорижда ўқиганингизнинг фойдасини нималарда кўрдингиз?

– Воқеаларга ташқаридан назар солиб, уни бутунлай бошқача ҳолатда кўриш, ўзгача дунёқарашда бўлиш мумкинлиги мен учун катта ютуқ бўлди.

– Тадбиркорликка қизиқувчиларга қандай маслаҳатлар берасиз?

– Тадбиркорлик – менежерлик, жамоа­­ни бошқариш эса муайян ғоя­­ни амалга оширишдир. Шунинг учун ҳам тадбиркорликнинг энг биринчи шарт, бу билим олишдир. Билим амалда қанча кўп қўлланилса, тажриба шунчалик ортади. Аслида, тадбиркорликдаги муваффақият ­тажрибанинг маҳсулидир. Унга эришиш учун жараёнларни кўпроқ кузатиш, воқеаларга ностандарт қараш, ҳар бир воқеадан фақат яхшилик мақсадида фойдаланиш учун ҳаракат қилиш лозим.
суҳбатдош:

Комила БОЙМУРОДОВА
«Ishonch»