Жигарингизни беришга розимисиз?

1035

Урганчлик Гулноза ҳозир 34 ёшда. Унга 2015 йили буйрак кўчириб ўтказилган. Бу амалиёт Ҳиндис­тонда амалга оширилган.

– Ўшанда онам менга битта буйрагини берган эди, – дей­ди Гулноза ҳазин ўйларга толиб. – Операция учун 30 минг АҚШ доллари тўплаш мақсадида отам машинасини, онам тақинчоқларини сотган, етмаганига қариндошларимиздан қарз олгандик. Ҳозир яна гемодиализ қабул ­қиляпман. Яна буйрак кўчириш амалиётига муҳтожман. Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, бегона киши менга донор бўлолмайди. Яқинларимиз орасида эса битта буйрагини берадиганлар топилмади…

Афсус, минг афсус, ўзга инсон буйрагига эҳтиёж сезаётган фақат Гулноза эмас. Биргина Хоразм вилоятида 10 мингдан ортиқ бемор сурункали буйрак етишмовчилиги хасталиги бўйи­­ча рўйхатда туради. 200 дан зиёд бемор гемодиализ хизматига муҳтож. Мамлакатимизда буйрак ва жигар трансплантациясига рухсат берилгач, хоразмлик 61 нафар беморга буйрак кўчириб ўтказилган. Жорий йилда эса бу иш илк бор вилоятнинг ўзида амалга оширилди.
Ўзгалар буйраги ёки жигарига муҳтож беморлар респуб­ликамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам оз эмас. Сўнг­­ги уч йил ичида 700 дан зиёд трансплантация ­амалиёти бажарилгани сўзимизнинг исботидир.
Трансплантация тиббиётнинг энг сўнгги ютуқларидан бири сифатида дунёдаги минг­лаб инсонларга умид бағишламоқда. Маълумотларга кўра, жаҳонда ҳар йили 120 мингтага яқин тана аъзоларини кўчириш ­амалиёти амалга оширилади. Шундан тахминан 70300 та буйрак, 25 мингта жигар, 6200 та юрак, 4800 та ўпка, 2500 та ошқозон ости бези, 170 тадан зиёд ичак кўчириб ўтказилади. Бундай ҳолатлар АҚШда энг кўп кузатилади. Бултур ушбу мамлакатда 39 мингта трансплантация амалга оширилган.
Аслида, инсон тана аъзоларини кўчириш амалиёти йўлга қўйилганига салкам юз йил бўляпти. 1923 йилда АҚШда биринчи марта куйиш билан жароҳатланган фарзандга онасининг териси кўчириб «пайванд­ланган». 1933 йили дунёда илк бор мурда буйрагини кўчириб ўтказиш амалиёти қўлланилган.
Ўзбекистонда буйрак кўчириш ­тажрибаси дастлаб 1972 йилда амалга оширилган. Узоқ йиллар давомида шу усул воситасида кўплаб инсонлар соғлиғи билан боғлиқ муаммолар бартараф этилган. Трансплантация­дан кейин инсон умри 30-40 йил ва ундан ҳам узоқ муддатга узайгани маълум бўлган.
Зеро, 70-йилларда танасига бошқа одамнинг буйраги кўчириб ўтказилган инсонларнинг аксарияти ҳозир ҳам умргузаронлик қиляпти. Аммо ҳуқуқий асосга эга эмаслиги туфайли бу иш маълум муддат тўхтатилган. Бугунги кунда эса Вазирлар Маҳкамаси 2017 йили тасдиқлаган вақтинчалик низом асосида жигар ва буйракни, суяк кўмигини кўчириб ўтказишга ижозат берилган. Хорижда бундай амалиёт нархи ўртача 30-50 минг АҚШ доллари туришини инобатга олсак, уч йилда халқимизнинг камида 80-130 миллион доллар миқдоридаги ­маблағи тежалади. Бундан ташқари, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.
Бироқ мамлакатимизда ушбу йўналишда ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам кўп. Жигар циррози касаллигига йўлиққан 5000 дан зиёд беморнинг 500 нафари жигар трансплантациясига муҳтожлиги, шу пайт­гача бундай амалиёт атиги 10 марта ўтказилгани фикримизни исботлайди.
Дунёда эса трансплантология тобора ривожланмоқда. Ҳатто инсоннинг қўли кўчириб ўтказилгани ҳақида маълумотлар бор. Ёки Беларусда баланд­ликдан йиқилиб, бош ­мияси ­шикастланган саккиз ойлик чақалоқнинг жигари ёш қизчага кўчирилиши натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу йил Японияда коронавирусга дучор бўлган аёлга тирик инсонлар ўпкаси кўчириб ўтказилди. Унга турмуш ўртоғи ва ўғли ўз ўпкаларининг бир қисмини беришди.
Шу нарса аёнки, ҳеч ким хасталикка чалинмасликдан кафолатланмаган. Ҳар қандай киши ҳам трансплантацияга эҳтиёж сезиши эҳтимолдан холи эмас. Демак, ушбу масала юзасидан ҳар бир шахс ўз фикрини билдиришга ҳақли. Дунёда тирик донорлардан кўра мурдаларнинг тана аъзолари кўпроқ кўчириб ўтказилади. Бир мурданинг ўпкаси, юраги, жигари, буйраги ва ошқозон ости безини кўчириб ўтказиш орқали беш кишининг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин экан. Тирик инсонлар эса асосан буйрак ва жигар донори бўла олади. Бизда айни шу мақсадда мурданинг тана аъзоларидан фойдаланишга ҳозирча рухсат йўқ.
Охирги пайтларда сенаторлар, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари жойларда бўлиб, шифокорлар, беморлар, имом-хатиблар ва кенг жамоатчилик иштирокида «Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида»ги қонун ­лойиҳасини муҳокама қилишмоқда. Шу жараёнда нафақат яқин қариндошлар, балки саломатлигида муаммоси йўқ истаган киши донор бўлиши мумкинлиги, мурдалардан донор сифатида фойдаланиш, давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда, хусусий секторда ҳам трансплантация амалиётларига рухсат бериш лозимлиги таъкид­ланмоқда. Яқинда Урганч­­да бўлиб ўтган давра суҳбатида ҳам шифокорлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан ушбу масалага доир ҳар хил фикрлар билдирилди.
Умид қиламизки, барча таклиф-мулоҳазалар ва жаҳон тажрибаси умумлаштирилган ҳолда ҳамюртларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, лекин инсон шаъни таҳқирланишига, одам савдосига ва коррупцияга йўл қўймайдиган мукаммал қонун қабул қилиниши узоққа чўзилмайди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»