Юзаки ечим

1324

Данғаралик Вазирахон Эргашева 2014 йил Қўқон давлат педагогика институтининг тарих йўналишини тамомлаб, Қўқон шаҳридаги Туризм ва сервис касб-ҳунар коллежига ўз мутахассислиги бўйича ишга кирган эди. Аммо 2017 йилда касб-ҳунар коллежлари тугатилгач, у иш қидиришга тушди. Турли идораларга бош суқди. Натижа бўлмади. Ўйлай-ўйлай дипломини сандиққа солди-ю, икки ярим яшар қизини ташлаб, турмуш ўртоғи билан Россияга кетди.

Бегона юртда 3 йил ишлаб, шу йилнинг баҳорида ортига қайтди. Яна ўз мутахассислиги бўйича иш излади. Даставвал Данғара тумани халқ таълими бўлимига, кейин туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига, ундан сўнг бошқа идораларга мурожаат қилди. Лекин, афсуски…
Чиқмаган жондан умид, деганларидай, Олий Мажлис Сенатининг Виртуал қабулхонаси орқали ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат йўллади. Бу масаланинг ижроси Данғара тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига юклатилган шекилли, яқинда у ердан «икки энли» хат келди. Унда шундай дейилади: «Фуқаронинг мутахассислиги­бўйича Данғара туманида иш йўқлиги учун тумандаги текстиль корхонасига ишга таклиф этилди».
Олийгоҳни тамомлаган, мутахассислиги бўйича иш сўраган мурожаатчига мутлақо алоқаси йўқ ишнинг таклиф этилиши кулгили эмасми?!. Агар у ­текстиль корхонасида ишлаш нияти бор бўлганида, бошини хам қилиб, турли идораларга бориб, иш сўраб бормаган бўлар эди-ку!
Очиғи, бутун бошли туманда мурожаатчини ишга жойлаштиришнинг имкони йўқлиги ҳам таажжубланарли. Бундан келиб чиқиб, мушоҳада юритадиган бўлсак, келаси йил олийгоҳларни тамомлаб, ишга жойлашиш учун ёрдам сўраб мурожаат қилган ёшларга ҳам иш йўқ экан-да? Аслида, ҳал этиб бўлмайдиган масаланинг ўзи йўқ. Агар мутасаддилар юзаки муносабатда бўлмаса, мурожаатчининг дардини аритиш, масалага ижобий ечим топиш унчалик қийин эмас.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»