Етакчи ибрати

783

Қаҳрамон Ғаффоров 1998 йилдан буён Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби (собиқ Қарши санъат коллежи)да касаба уюшма қўмитаси раиси бўлиб фаолият юритмоқда. Гарчи бу вазифани жамоатчилик асосида бажарса-да, ходимлар манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйгани ўз самарасини бераётир.

Ҳаракатда баракат

Айнан касабақўм етакчиси ташаббуси билан мактабда «Энг моҳир ижрочи» кўрик-танлови йўлга қўйилган. Унда устозлар шогирдлари кўз ўнгида ўз маҳоратларини намойиш этишади. Пировардида, турли санъат йўналишлари бўйича уларнинг энг яхшилари аниқланиб, касаба уюшма қўмитасининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.
– Шу даргоҳда қарийб ўттиз йилдан буён фаррошлик қиламан, – дей­ди Ибодат опа Омонова. – Тез-тез раисдан маслаҳат сўраб тураман. Масалан, икки қизимни чиқардим. Тўй арафасида Қаҳрамон ака ҳар доимгидек ёрдамини аямади. Пандемия даврида эса шахсан ўзи икки сумка турли озиқ-овқат маҳсулотларини уйимизга элтиб берди. Яқинда у қоровул, эшикбон, боғбон, фаррош каби 26 нафар техник ходим учун Самарқанд­­га саёҳат уюштиришда бош-қош бўлди. Биз қадимий ва навқирон шаҳарни зиёрат қилиб келдик. Маъмурият ва касаба уюшма қўмитаси аъзолари эса бизнинг ишимизни бажариб туришди. бир-бирига қайишиш дегани шу бўлса керак-да!
Дарвоқе, касабақўм ­раисининг саъй-ҳаракати туфайли ҳар доимгидек бу йил ҳам мактабда »Саломатлик» спартакиадаси юқори савияда ўтказилди. Ғолиб ва совриндорлар, турли номинациялар бўйича энг яхши кўрсаткичга эришганлар қўмита томонидан муносиб тақдирланди. Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзи яхши йўлга қўйилгани сабабли муассасанинг мини футбол, волейбол, стол тенниси жамоалари шаҳар ва вилоят миқёсидаги спорт тадбирларида фаол қатнашмоқда.
Гоҳида баъзи таълим даргоҳлари ўқитувчилари ўртасида дарс тақсимоти бўйи­­ча баҳс-мунозара ва низолар келиб чиқади. Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабидаги дарс тақсимотида эса Қаҳрамон Ғаффоров комиссия аъзоси сифатида иштирок этиб, шаффофликка жиддий эътибор қаратади. Натижада илғор жўрнавозлар, шогирдлари турли танловларда юқори кўрсаткичга эришган устозлар, мактабга янги ишга келган ёшлар – барча-барчаси салоҳиятига яраша дарс соатлари билан таъминланади.

Муаммолар илдизи

– Шу ўринда мени ўйлантирадиган бир масалани айтиб ўтишим жоиз, – дейди раис. – Амалдаги Меҳнат кодексига кўра, туғруқ таътилидаги аёл боласи 126 кунлик бўлганида ишга чиқиши мумкин. Мен бу муддатни камида бола бир ёшга киргунга қадар чўзишни таклиф этаман. Негаки, аёл болани тўққиз ой қорнида олиб юрса-ю, у туғилганига тўрт ой бўлиши биланоқ ишга чиқиб кетса, бола она меҳрига ва сутига тўймаслиги мумкин-да, ахир! Қолаверса, онаси ишда бўлган пайтларда у ҳар хил сунъий озуқалар истеъмол қилади. Оқибатда она ва бола ўртасида меҳр ҳаминқадар бўлиб қолади. Меҳр-оқибатсиз одамдан эса яхшилик кутиб бўлмайди. Сўнгги йилларда ёш эр-хотинлар ўртасида ажримлар кўпайиб бораётгани, икки-уч нафар фарзандли оилалар осонгина ажрашиб кетаётгани ёки ота-онасининг ҳурматини жойига қўймаётган, ҳатто уларнинг умрига зомин бўлаётган фарзандлар учраб туриши худди ўша бемеҳрликка бориб тақалади.
Яқинда туғруқ таътилидаги бир ходимимиз қабулимга келиб, гўдаги беш ойлик бўлганини, авваллари бир ярим ставкада ишлаганини, шу боис меҳнат ­фаолиятини давом эттириш ниятида эканлигини айтди. Энди ўзингиз холисона айтинг, бир ярим ставкада ишлайдиган аёл фарзанди учун қачон вақт ажратади? У бошқаларнинг ўғил-қизларига дарс ўтишга, яна ўз дилбандига қарашга ва эртанги дарсларга ҳозирлик кўришга қандай қилиб улгуради?
Тиббиёт ходимларининг бир гапи бор: агар бола бир ёшга тўлгунча касал бўлмаса, кейин яхши ўсади. Акс ҳолда, нимжон ва хасталикка тез чалинувчан бўлиб қолади. Мен буни ходимамизга айтиб, тушунтирдим. «Худо кўрсатмасин, ҳали она сутига тўймаган боланг шамоллаб қолса-ю, бир ҳафта ишга чиқолмасанг, ­зиммангга юклатилган дарсларни ўтолмайсан. Орадан бир ой ўтиб, ўғлинг такроран шамолласа, тағин ишдан қоласан. Қарабсанки, ўзинг билган-билмаган ҳолда, ўқувчиларингга жабр қиласан. Бундай вазиятда улар яхши билим ололмайдилар», дедим.
Хайриятки, ёш она гап­ларимни тўғри тушунди ва боласи бир ёшга киргандан сўнг ишга чиқишини айтиб, қайтиб кетди. Аммо баъзи аёллар кредитга машина ёки совутгич олганини, қарзни вақтида узиши зарурлигини рўкач қилиб, эрта ишга чиқади. Улар бу билан мурғаккина фарзандига жабр қилаётганини билмайди ҳам. Қарабсизки, бола бир кунда беш марта ўрнига икки марта она сутини эмади. Массаж ва эмлаш муолажаларини ҳам тўлиқ ололмайди. Модомики, шундай экан, у қанақасига соғлом ва ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етади?

Бу таклифга нима дейсиз?

Қаҳрамон Ғаффоров раҳбарлик қилаётган қўмита фаолияти анча сермазмун ва бошқалар ибрат олса арзигулик. Бу йил ходимларнинг 13 нафар фарзанди Мирзо Улуғбек номидаги оромгоҳда дам олдирилди. Йўлланманинг барча харажатлари касаба уюшма қўмитаси ҳисобидан қопланди. Covid-19 билан оғриган ходимларга моддий ёрдам кўрсатилди. Ўн нафар фахрийнинг аҳволидан хабар олинди. Санаторийда ҳордиқ чиқариш ниятида бўлган ходимларга респуб­ликанинг энг яхши сиҳатгоҳларига йўлланмалар берилди.
Энг муҳими, жамоа шартномасида белгиланган барча вазифалар бажарилмоқда. Шунга кўра, Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби яқинда бўлиб ўтган «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб деб топилди. Қаҳрамон Ғаффоров эса самарали меҳнатлари эвазига бир неча бор Маданият вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
11 ноябрь – ­Ўзбек­истонда касаба уюшма ходимлари куни.
– Касб байрамимиз белгилангани жуда катта воқелик ва касаба уюшмасининг кенг кўламли ишларига берилган муносиб баҳо бўлди, – дейди у. – Ҳар бир ишда ташкилотчилик қилиш, ходимларнинг мурожаатлари билан ишлаш, давлат ва жамият олдидаги масъулиятли вазифаларимизни сидқидилдан адо этиш биздан катта сафарбарлик талаб қилади. Шу боис мен ­бошланғич ташкилотлар етакчиларининг обрўси ва масъулиятини янада ошириш учун «Касаба уюшма фидокори» кўкрак нишонини таъсис этишни таклиф қилмоқчиман.
– Касаба уюшмаларининг «Ehtirom nishoni» бор-ку, – дейман мен Қаҳрамон акага саволомуз боқиб. – Масалан, уни қашқадарёликлардан Исоқ Аҳмедов, Яраш Норов, Абдураим Тўраев каби вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси фаоллари олишган.
– «Касаба уюшма фидокори» деган иборада айнан фаолиятимиз мазмуни ва асоси бўлган «касаба уюшма» сўзлари бор. Менимча, бу нишоннинг нуфузи «Ehtirom»никидан кам бўлмайди. Унга лойиқ кўрилган етакчиларнинг касбига меҳр-муҳаббати янада ошиб, аввалгидан-да яхшироқ ишлашга ҳаракат қилади. Ўз навбатида, ёш етакчилар ҳам улардек бўлишга интилиб, устозлардан иш ўрганишади.
Бизнингча, Қаҳрамон Ғаффоровнинг бу таклифи ҳақида атрофлича ўйлаб кўриш, маъқул топилса, инобатга олиш фойдадан холи бўлмайди.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»