Шайбонийхон шахсияти нега эътиборсиз қолмоқда?

1498

Яқинда тарихчи Бахтиёр Алимжановнинг «Ishonch» газетасида, кейин ЎзАда «Муҳаммад Шайбонийхон даврни ўзгартирган сиёсий лидeр эди(ми?)» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Қуйида ўзбек медиасида Шайбонийхон мавзуси кўтарилганидан фойдаланиб, бу борадаги айрим мулоҳаза ва қарашларимни келтириб ўтмоқчиман.

Элдор АСАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси
Миллий археология маркази кичик илмий ходими

Совет тарихчилиги хонликларни нега ёмон кўрган?

«Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар. Шунга кўра мавзуъни мозийдан, яқин ўткан кунлардан, тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги хон замонларидан белгуладим».
Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи киришидан олинган бу парча ўзбек китобхонига яхши таниш.
Хонлик замонини танқид остига олиш аслида Қодирий ижодигагина хос эмас. Ўзбек адабиётини, Ўзбекистонга бағишланган рус ориенталистикасини кўздан кечирсангиз, «тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги хон замонлари» ҳақида яна бир қанча китоб топасиз: Акмал Икромовнинг ўғли Комил Икромов муаллифлигидаги «Пехотный капитан» романи Оллоқулихон замонидаги Хива хонлигини фош этади; Евгений Березиковнинг «Красная Бухара» романида XX асрнинг 10-йилларидаги Бухоро амирлиги қора бўёқларда тасвирланади; Миркарим Осимнинг хонликларга бағишланган қисса ва ҳикояларидан негатив уфуриб туради.
Мен ўзбек хонликлари ривожланган, кучли давлатлар бўлган демоқчи эмасман; улар айниқса мавжудлигининг охирги бир-икки асрида анча орқада қолиб кетгани бор гап. Лекин совет тарихчилигининг ўзбек хонликларига кескин салбий муносабатига бошқа шахсийроқ сабаб бор: СССРнинг Марказий Осиёдаги республикалари ўзбек хонликларининг «тиригини» кўрган, уларга қарши курашиб, уларни қулатиб, харобаларида тузилган давлатлар эди. СССР ва ўзбек хонликлари ўртасида конкрет идеологик мухолифат, қарама-қаршилик мавжуд эди. Хонликлар тарихини ёзган совет фани ўтмишни ҳис-туйғусиз ёритишга эмас, идеологик рақибини тошбўрон қилишга уринарди. Бу хонликлар даврига холис ёндашишга, айрим арзирли воқеалар, ютуқлар, шахсларга тадқиқий эътибор қаратишга тўсқинлик қиларди.
Мустақил Ўзбекистон тарихчилиги ҳам совет даври парадигмаларидан чиқиб кетолмаяпти: совет мактаби яратган умумий қараш скелети, давр­лаштириш тўлалигича сақлаб қолинган, тарихий шахслар пантеони деярли ўзгармаган (Амир Темур қўшилган), ёндашувлар деярли алмашмаган. Хонликлар даврига қайта баҳо беришга, уларнинг тарихини такроран ёзишга ҳаракат қилинмаяпти, умуман, бу мавзуга айтарли қизиқиш йўқ. Ўзбек миллати, Марказий Осиёнинг бугунги этник, сиёсий ва маданий қиёфаси шаклланишида ҳал қилувчи роль ўйнаган ўзбек хонликлари қолиб, улардан олдинги замонларга кўпроқ урғу берилади, хонликларга келганда эса Темурийлар давлати йўқ қилиниб, бунинг оқибатида қолоқлик ва тушкунлик бошлангани уқтирилади.
Хонликлар даврининг умумий танқиди асносида Шайбонийлар давлати ҳам мана шу «қолоқлик фазаси» доирасига киритиб юборилади. 2001 йилда рус тилида чиққан «Очерки по истории государственности Узбекистана» китобининг ўзбек хонликларига бағишланган бобида Шайбонийлар даври қуйидагича тавсифланади: «Кейинчалик фақат баъзи Шайбоний ҳукмдорларгина вилоятлар ноибларининг эътирофини қозониб, марказий ҳокимиятни кучайтиришда маълум муваффақият қозона олган». Ваҳоланки, Шайбонийлар даври чегаралари ва сиёсий тузилиши жиҳатидан кейинги асрлардаги хонликлардан фарқ қилади. Шайбонийларни замонасининг қолоқ ва кучсиз сулоласи деб билиш адолатсизлик бўлади.
Ўзбек тарихчилигида Шайбонийхон ва Шайбонийларга нисбатан ёппасига бефарқлик ёки беписандлик ҳукм суряпти десам, хато қиламан. Умумий манзара ўзгармаётгани билан, янгича қарашларни илгари сурадиган тадқиқотчилар етарлича топилади; Шайбонийхон шахсиятини қайта баҳолашга хайрихоҳлар ҳам кўпайиб бормоқда. Мисол келтираман.
«Ўзбекистоннинг янги тарихи» фундаментал нашрининг юқоридагидан бир йил олдин чоп этилган биринчи китобида ҳам Шайбонийлар ҳақида стандарт парадигма такрорланади: «Қарийб бир асрга яқин давом этган Шайбонийлар ҳукмронлиги даврида ҳам тинчлик бўлмади, қирғинбарот урушлар, ўзаро ички курашлар давом этди» ва ҳ.к. Аммо Шайбонийхон ва Бобурнинг ўзаро курашлари ҳақида гап кетганда, китоб муаллифлари «бу икки ўзбек саркардаси, икки шоир ва давлат арбоби иттифоқлашиб, Темурийларнинг бутун Шарқ ва Ғарбга ёйилган шуҳратини барқарор этиш, Соҳибқирон Амир Темур асос солган қудратли давлат шукуҳини янада тиклаш ўрнига ўзаро кураш, уни эгаллаш билан банд бўлишди», деб таъкидлайди.

Бобур, Шайбонийхон ва ўзбек миллий тарихининг ёзилиши

Ўзбек миллий тарихи модели турли идеологик курашлар асносида XX асрнинг 30-50 йилларида ишлаб чиқилган. Ўзбек тарихининг даврий ва ­географик чегаралари, шахслар пантеони, асосий концепциялар ўшандан буён унча ўзгаргани йўқ.
Бизга яхши таниш ўзбек миллий тарихи модели кейинроқ, 50-йилларда бутунлай ишлаб чиқилиб, расмий тус олган ҳамда китоблардан, дарсликлардан ўрин ола бошлаган. Бизга бугун мактабларда ўргатиладиган тарихий шахслар ҳам 40–50-йилларда саралаб олинган. Бунда асосан X–XV асрларга урғу берилган – айнан шу даврда Ўрта Осиёда маданий ва сиёсий юксалиш бўлган, деб қаралган. Шунинг­дек, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ватанпарварлик руҳини ошириш мақсадида бошқа даврларда яшаган айрим шахслар – қўзғолончилар, босқинчиларга қарши курашган арбоблар расмий пантеонга киритилиб, тарғиб қилинган.
Қизиғи, Бобур бобокалони Темур сингари бошида бу рўйхатдан тушиб қолган. Ўзбек зиёлилари Темурийлар даврига катта эътибор қаратганига қарамай, Темурий ҳукмдор ва саркардалар феодал элита вакиллари сифатида миллий қаҳрамонлар пантеонига киритилмаган. Мирзо Улуғбек каби олимлар, Алишер Навоий сингари шоирларгагина рухсат берилган.
Кейинчалик Бобурни машҳур қилиб юборган ўзбек ёзувчиси Пиримқул Қодиров 50-йилларнинг охирида ёзилган «Уч илдиз» романида ўша давр университет таълимида Бобур золим босқинчи қилиб кўрсатилганини қистириб ўтган.
Кейинги ўн йилликларда Бобурнинг номи реабилитация қилинди. У адабиёт антологияларига киритилди, китоблари чоп этилди. Лекин бунинг оқибатида Шайбонийхоннинг имижи янада негативлашди – у энди дилбар шоир, ҳассос инсон Бобурнинг душманига айланди. Уни қувиб юборган, Темурийлар давлатини қулатган босқинчи номини олди.

«Бобом ёмон, демак, бобом эмас».

Шайбонийхонга қарши эътирозлар асослими?

Бахтиёр Алимжанов мақоласининг ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларига эътибор берсангиз, қарши аргументлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бу аргументлар зиёли қатлам, тарих иштиёқмандлари нега Шайбонийхонни муҳим тарихий шахс сифатида тан олгиси келмаётганини очиқлайди: Темур салтанатини қулатган, мустаҳкам давлат ярата олмаган, «маънавиятли», бағрикенг инсон бўлмаган, бу юртга бостириб келган, кўчманчи, демакки, «ёввойи» бўлган. Шунингдек, қиёсий аргумент кўп илгари сурилади: Бобур буюкроқ бўлганми, Шайбонийхонми? Шайбонийхон Темурчалик буюк бўлганми?
Алимжановга раддия тарзида ёзилган постлардан биридаги фикрлар диққатга сазовор: «Аслида Шайбонийхон Бобур каби билимдон, маънавияти бой, бағрикенг бўлганмиди? Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Шайбонийхоннинг қилган ишларини тарих параллелида солиштириб кўрадиган бўлсак, Бобурнинг тоши рақибиникидан анча оғир келади». Бу ўзбек академик доираларида энг кўп янг­райдиган аргументдир. Бир замонлар, PhD’да ўқиб юрганимда Амир Темур даврини ўрганувчи бир профессордан «нега Шайбонийхон шахсиятига етарли эътибор беришмайди?», деб сўраганимда, зарда билан «у Темурнинг олдида ҳеч нарса бўлмаган!», деган эди.
Бир шахсга баҳо бериш учун уни бошқа шахс билан қиёслаш тўғри хулосалар келтириб чиқармайди: ҳамма бирдай буюк, бирдай кучли бўла олмайди, илло ҳар кимнинг тарихда ўз ўрни бор. Шайбонийхон Темурчалик катта ишлар қилмагандир, лекин Темур ҳам Чингизхончалик катта ишлар қилмаган. Қиёснинг охири йўқ. Чамамда, баъзи тадқиқотчилар Шайбонийхон образини бўрттириб кўрсатиш Бобур образига путур етказади, деган хавотирда бўлса керак, зеро Бобурнинг идеаллаштирилиши жараёнида Шайбонийхоннинг роли пасайтирилган.

Шайбонийхон юришларининг қандай аҳамияти бор?

Бахтиёр Алимжановнинг Шайбонийхоннинг фаолияти Марказий Осиёда янги даврни бошлаб бергани, у ўрнатган тизим XX аср бошларигача сақлангани борасидаги хулосаларига қўшиламан. Бунга қўшимча равишда айтишим мумкинки, Шайбонийхон ҳамда унинг Дашти Қипчоқдаги рақиблари – қозоқ хонлари бошлаб берган жараёнлар яна икки асрча давом этиб, Марказий Осиёнинг бугунги этник, лисоний, маданий ва сиёсий картинаси шаклланишига замин яратди: ўзбеклар, қозоқлар, қорақалпоқлар ва қирғизлар шаклланиб, бугунги географияларида жойлашди, уларнинг тили ва маданиятидаги ўзига хослик шакллана бошлади. Олдинги халқлар – чиғатойлар ва мўғуллар сиёсий мавқеини йўқотиб, бошқа халқлар, жумладан, ўзбеклар ва қозоқлар таркибига қўшилиб кетди.
Баъзида «ўзбеклар бостириб кирмаганда ҳам ҳеч нарса ўзгармасди, фақат номимиз бошқача бўларди», қабилидаги фикрларни эшитиб қоламан. Бундай қараш расмий тарихда ҳукм сураётган стереотиплардан илдизланади. Айтайлик, ­Аҳмадали Асқаровнинг 2015 йилда чоп этилган «Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи» номли китобида яна ўша эски советча гаплар такрорланиб, Шайбоний ўзбекларнинг роли пасайтириб кўрсатилади, гўёки улар минтақадаги этник вазиятга ҳеч қандай таъсир ўтказмагандай таассурот уйғотилади. Аммо тарихий фактлар бунинг тескарисини кўрсатмоқда.
Биринчидан, халқни шакллантиришда ўзлик, ном жуда муҳим ўрин тутади. Ўзликни ташкил этувчи этноним ёки политоним, унинг ортида турган тарихий ва маънавий капитал миллатни бирлаштиришда тил ёки маданиятдан устунроқ омилдир. Бир тилда гапирувчи молдаван ва руминлар бир-бирини бошқа-бошқа миллатлар ҳисоблайди, лекин ҳар хил тилда гапирувчи хитойлар ўзини ягона миллат деб билади; бир тилда гапирувчи хорватлар, серблар, бошноқлар ўзаро қирғинбарот урушлар гирдобида қолган бир пайтда турли этнослар бирлашувидан ташкил топган немислар, французлар ва итальянлар дунёни бошқариб келди.
Шайбонийларнинг ўзбек тарихидаги ўрнини кўрсатувчи бир факт бор. Хоразм вилояти узоқ тарихи мобайнида кўпинча алоҳида сиёсий ва маданий бирлик бўлиб келган; XVI аср бошларида ҳам Хоразмда, ҳам Мовароуннаҳрда ўзаро қариндош ўзбек сулолалари иқтидорга келиши туфайли уларнинг ўзлиги умумийлашган, уларнинг негизида ягона миллат шаклланишига пойдевор қўйилган. Буни яхши тушунган машҳур америкалик ўзбекшунос Эдуард Оллворт ўзбек халқи ва давлати тарихини Ўзбекхондан ва Абулхайрхондан бошлайди.
Иккинчидан, Темурийлар давлатида туркий тилли чиғатойлар аҳолининг кўпчилигини ташкил қилмаган: шаҳарларда, ўтроқ туманларда, айниқса, Хуросонда аксарият форс тилида гапирган. Чиғатойлар асосан Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Балх ва Толукондаги яйловларни эгаллаган.
Баъзи вилоятларда, масалан, Фарғона водийсининг шарқий қисми, Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқими, шунингдек, Темурийлар ва Олтин Ўрда ўртасидаги баҳсли ҳудуд бўлмиш Хоразмда туркий тил устунлик қилган.
«Бобурнома»да келтирилган Фарғона вилояти таърифига эътибор беринг: муаллиф вилоят «етти пора қасаба»га, яъни етти туманга бўлинишини айтади ва шулардан фақат Андижоннинг аҳолисини турк деб таърифлайди. Андижондан ташқари, йирик шаҳарлардан Тошкент ва Қаршида нисбатан кўп туркий тилли аҳоли яшаган; Самарқанд, Балх ва Ҳиротда чиғатойлар фақат аристократия ва ҳарбийларни ташкил қилган.
Ҳисоб-китобларга қараганда, Шайбонийхон ҳамда унинг қариндошлари билан биргаликда минтақага 370 минг одам кириб келган; XVI–XVIII асрларда яна бир неча миграция рўй берган. Қолаверса, юқорида айтганимдек, кўп чиғатой ва мўғул қабилалари ўзбеклар билан бирлашган. Бу жараёнлар натижасида Мовароуннаҳр ва Фарғонада, Хуросоннинг шимолий вилоятларида туркий тилли аҳоли – ўзбеклар кўпчиликни ташкил эта бошлаган. Айнан ўзбекларнинг фаол миграцияси натижасида туркий тил яйловлардан шаҳарларга кўчган – Марғилон, Жиззах, Шаҳрисабз, Шибирғон, Маймана каби шаҳарлар XVI–XVII асрларда туркий тилга ўтган; бундан ташқари, ўзбеклар Қўқон, Каттақўрғон, Шаҳрихон, Урганч сингари шаҳарларни бунёд этган.
Ўзбекистон харитасига қарасангиз, ўзбек қабилалари номига аталган юзлаб, балки минглаб катта-кичик қишлоқни учратасиз: Фарғонадан Хоразмгача қўштамғали, қўнғирот, юз, қанғли, манғит, пичоқчи, балиқчи, айрончи, уйрот, кенагас, тўжа, қарапчи, чағали, туғали, қатағон, олқор, дўрмон, минг, баҳрин, сарой, қипчоқ, дархон, сиргали, кўкча, уйшин, жалойир каби номлар сочилиб ётибди. Ўзбекларнинг йирик гуруҳлари шаҳарлашиб, қарлуқ ва ўғуз шеваларига ўтиб кетганига қарамай, ҳалигача қипчоқ шевалари Фарғона, Хоразм, Самар­қанд, Жиз­зах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент каби вилоятларда ниҳоятда кенг тарқалган. Совет ўзбек этног­рафи Балқис Қармишева XX аср бошларида Бухоро амирлигининг жанубий вилоятларида келиб чиқиши Дашти Қипчоққа бориб та­қалувчи ўзбеклар мутлақ кўпчиликни ташкил этишини аниқлаган эди. Шу далилларнинг ўзиёқ ўзбеклар Мовароуннаҳр, Хоразм ва Фарғонага не қадар катта оқим бўлиб кириб келганини кўрсатади.
Шайбонийхон бошлаган ишини якунига етказа олмай, 1510 йилда Исмоил Сафавийга қарши жангда ҳалок бўлган. Унинг фарзандлари, амакилари ва жиянлари тез орада бирлашиб, Ғиждувон жангида Бобур – Сафавий коалицияси устидан ғалаба қозонган ва Мовароуннаҳрда узил-кесил ўз ҳокимиятини ўрнатган. Айтиш керакки, улар тузган давлат – Бухоро хонлиги анча қудратли, барқарор ва мустаҳкам эди; Шайбонийлар Усмонлилар, Сафавийлар ва Бобурийлар қаторида мусулмон дунёсини бўлиб олган тўрт йирик кучдан бири ҳисобланарди. Шайбонийхондан кейин ҳукм сурган хонлар – амакилари Суюнчхўжахон ва Кўчкунчихон, жияни Убайдуллахон ва унинг ўғли Абдулазизхон йирик давлат арбоблари эди. Уларнинг фаолиятини ўргансангиз, улар мамлакатни шиа экспансиясидан сақлаб қолганини, ҳудудларини кенгайтириб борганини, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказиб, давлатни мустаҳкамлаганини кўрасиз. Уларнинг ҳар бири алоҳида тадқиқотларга муҳтож, ўрганилмай қолиб кетаётган йирик тарихий шахслардир.
Шайбоний ҳукмдорлар сиёсий ва ҳарбий фаолиятдан ташқари, фан ва маданиятга ҳомийлик қилган. Шайбонийхон, Убайдуллахон, Абдулазизхон дилбар шеърлар ёзган, Кўчкунчихон таржимонликни рағбатлантирган; Шайбонийлар даврида туркий тилда тарихий солномалар ёзила бошланган. Қарши, Қўқон, Тошкент, Бухоро ва Хивадаги тарихий ёдгорликларнинг ҳам аксарияти Темурийлар даврида эмас, Шайбонийлар ҳамда улардан кейинги ўзбек сулолаларининг буюртмасига биноан қурилган.
Хуллас, Шайбонийлар сулоласи анча қудратли, катта ва барқарор давлат яратиб, бир аср давомида минтақанинг иқтисодий, маданий ва сиёсий ўсишини таъминлаган. Уларнинг даврида фан ва маданият ривожланган. Ғарбдан иқтисодий, техник ва маданий томондан ортда қолиш кейинги асрларда кўзга ташлана бошлаган ва умуман мусулмон оламига хос ҳодисадир. Бу – алоҳида ва жуда катта мавзу.
Лекин Шайбонийларнинг асосий хизмати ўзбек халқи ва давлатининг тамал тошини қўйгани, минтақадаги этник ва сиёсий вазиятни ўзгартириб юборганидир. Улар кўп жиҳатдан бугунимизни, минтақа халқларининг жорий маданий ва этник қиёфасини белгилаб берган сулоладир.

Дунёда қандай?

Жаҳон фани Ўзбекистон академиясида ҳукмрон позицияда турган концепцияни асосли деб ҳисобламайди. Ўзбек давлатчилигини Сўғдиёна-ю Бақтрияга боғлашни, Шайбонийлар ва ўзбек хонлик­ларининг ролини инкор қилишни дунё олимлари сиёсий конъюнктура меваси деб билади. Инглиз тилидаги тадқиқотларда, замонавий антропологик назарияларга асосланган рус тилидаги ­матнларда мутлақо бошқача ёндашувни учратасиз.
Илгарироқ Оллвортнинг қарашларига тўхталиб ўтдим. ЮНЕСКО шафелигида тайёрланган фундаментал тадқиқот – History of Civilizations of Central Asia китобининг XVI–XIX асрлар тарихига бағишланган бешинчи жилдида ҳам шунга яқин ёндашувни учратасиз.
Ҳозирги кунда қўшни Қозоғистон тарихчилари ўз методикасини жаҳон академиясига мослашга уриниб, қозоқ давлатчилиги тарихини XV асрдан – Қозоқ хонлигидан бошламоқда. 2015 йилда Қозоғистонда Қозоқ хонлигининг 550 йиллиги нишонланди. Бошқа соҳаларда бўлганидек, тарихчиликда ҳам улардан ўрганадиган нарсаларимиз бор.

Хулоса ўрнида. Шайбонийлар бугунги

Ўзбекистонга нима бера олади?
Узуқ-юлуқ фикрларимни эринмай ўқиб, охирги бандга етиб келган ўқувчиларга миннатдорлик билдираман. Юқорида Шайбонийхонга беписандлик ўзбек фани ва адабиётида совет даврида шаклланиб қолган, тарихий хотирага алоқадор бўлмаган стереотипик қараш эканини кўрсатишга интилдим. Бирор шубҳа қолган бўлса, эринмай XVI–XIX манбаларини кўздан кечиринг: у кезлари ўтмиш ҳозиргидан тамомила бошқача тушунилгани, тарихий шахслар ва қаҳрамонлар бошқа бўлгани, Чингизхон, Абулхайрхон, Шайбонийхон, Убайдуллахон, Абдуллахон II янглиғ арбоблар расмий пантеонни ташкил қилганини кўрасиз.
Мабодо буни сиёсий буюртма, сарой тарихчилиги деб ўйлайдиган бўлсангиз, халқ оғзаки ижодига мурожаат этинг. Фольклоршунос Ходи Зариф бахши Пўлкан шоирдан ёзиб олиб, 1928 йилда нашр эттирган «Шайбонийхон саргузашти» номли халқ достонида Шайбонийхон бош қаҳрамон, антагонист эса Бобур ролида гавдалантирилган. «Ўзбек адабиёти тарихи» фундаментал тадқиқотининг биринчи китобини ёзган адабиётшунос Натан Маллаев халқ хотирасидаги Шайбонийхон ва Бобур образлари расмий тарихчиликка мос келмаганини тушунтиришга уриниб, достондаги бу образлар реал тарихий шахсларга алоқаси йўқ, деган хулоса чиқаради. Аммо унинг хулосаси зўрма-зўраки экани кўриниб турибди.
Шундай экан, Шайбонийхоннинг тарихий роли тан олиниши аввало, расмий тарих халқ хотирасига мувофиқ келишига олиб келади. Бундан ташқари, совет тарихчилигининг идеологик клишеларидан воз кечилиб, расмий парадигма академик позицияга, тарихий ҳақиқатга, дунё фанидаги тенденцияларга максимал даражада яқинлашиши таъминланади.
Бу, ўз навбатида, миллий тарих шахслари пантеонини янада бойитади. Фақат Амир Темур ва Жалолиддин Мангбурнидан иборат сиёсий арбоблар рўйхати ўтмишнинг бойлигини ва буюклигини кўрсатиш учун камлик қилади, менимча. Ўзбек сиёсий тарихи жиддийроқ тадқиқотларга муҳтождир.
Ниҳоят, ўзбек деган номнинг қадри ошади. Ҳар бир халқнинг, давлатнинг номи унинг маънавият капиталини, рамзий бойлигини ташкил қилади. Руслар руслигидан, қирғизлар қирғизлигидан фахрланади. Ўзбекларга ҳам ўзбеклигидан фахрланиш ўргатилади, лекин тарихга келганда, бу ном қадрини йўқотади: миллий тарих «бизнинг асл номимиз бошқа, бу ном беш юз йил олдин адашиб келиб қолган, тасодифан бирикиб қолган» деб уқтиради. Тарихга ёндашув ўзгариши билан бундай қарашлар барҳам топиб, бу этноним беш юз йиллик асосга эга экани, унинг ортида салмоқли рамзий капитал борлиги маълум бўлади.

kun.uz сайтида эълон қилинган
ушбу мақола жузъий
қисқартишлар билан берилди.

Элдор АСАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси
Миллий археология маркази кичик илмий ходими

Муаллиф ҳақида:

1988 йилда Самарқанд вилояти Ургут шаҳрида туғилган. 2009 йилда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетининг бакалавр, 2011 йилда магистратура босқичини тамомлаган. 2014 йилда филология факультетида докторантурани битирган.
Кейинги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўқитувчи бўлиб фаолият юритган. 2017 йилда Озарбайжон Фанлар академия­си, 2019 йилда АҚШдаги Жорж Вашингтон университетида таклиф этилган тадқиқотчи бўлиб ишлаган. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология марказида кичик илмий ходим лавозимида ишламоқда.
Муаллиф, шунингдек, «Kun.uz», «Daryo.uz», «Turon24» каби онлайн нашрларда фаолият юритган. Бугунги кунда «Bugun.uz» нашрида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаб келмоқда.
Telegram’да 9 минг обуначига эга «Асанов формати» номли илмий канал асосчиси.