«Ипак йўли дурдонаси» – қайта тикланган зарварақ

999

Маълумот учун: «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивали» илк бор 1968 йилда «Тинчлик, ижтимоий тараққиёт ва халқлар дўстлиги учун» ­шиори остида ташкил этилган. Ўша йили дунёнинг 22 мамлакатидан таниқли кинопродюсерлар, режиссёрлар ва кино юлдузлари иштирокида 50 га яқин картина намойиш қилинган. Шундан сўнг кинофестиваль 1988 йилга қадар мунтазам равишда ўтказиб келинган. Аммо 1997 йилдан сўнг айрим сабабларга кўра, у тўхтаб қолган.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон кинематография­сини ривожлантириш, ўзбек киносининг тарихий шуҳратини қайта тиклаш мақсадида бир қатор истиқболли ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивали» «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта тикланиб, у ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида Тошкент шаҳрида ўтказилиши белгиланди.

Тошкент қизил йўлаги унутилмас хотиралар улашди

«Ипак йўли дурдонаси» халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими Республика «Киночилар уйи» биносида бўлиб ўтди.
28 сентябрь Тошкент оқшомида жаҳон ва миллий кинонинг машҳур юлдузлари – 355 хорижлик ижодкор ва ­дунёга машҳур 55 нафар таниқли киноюлдуз бир жойда жамул-жам бўлишди.
Тошкент қизил йўлаги нафақат мезбонлар ва кино ихлосмандлари, балки жаҳон юлдузларида ҳам унутилмас таассурот ва хотиралар қолдирди десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.
Ўзбекистон Респуликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригини Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов, россиялик кинопродюссер ва режиссёр Т.Бекмамбетов, америкалик машҳур мультипликатор ва режиссёр Роб Минкофф ва бошқалар кинофестивалнинг ­аҳамияти, юртимизда кинематографияни ривож­лантиришга қаратилган чора-тадбирлар, бугунги жаҳон киноси олдида турган масалалар хусусида мухтасар сўз юритишди.
Сўнгра фестивалнинг расмий байроғи кўтарилди. Ўзбек ва жаҳон киносида куйланган қўшиқлар асосида тузилган мусиқий композиция томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди. Тадбирда хориж мусиқасининг атоқли вакиллари – Россия халқ артисти Филипп Киркоров, турк мусиқасининг машҳур юлдузи Сердар Ортач, тожикистонлик хонанда Хужастаи Мирзовали ва бошқалар ижросида куй-қўшиқлар янгради.
Дарвоқе, кинофестивалнинг очилиш маросимида 2000 нафардан ортиқ томошабин иштирок этиб, тадбир мамлакатимизнинг бир қатор телеканаллари орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.

Янги авлод киноси: танловлар ва намойишларда

29 сентябрдан кинофестивалнинг икки муҳим танлови «Янги авлод киноси» ҳамда «Кино беш кунда» лойиҳалари иш бошлади.
«Янги авлод киноси» танловида 25 та мамлакатдан келган 50 дан ортиқ киноижодкорлар сўнгги йилларда яратилган қисқа метражли фильмлари билан иштирок этишди.
Фестиваль доирасида ўтказилган «Ўзбекистон киноси кунлари» алоҳида аҳамиятга эга. Жойларда ўзбек киносининг таниқли вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказилди. Сўнгги йилларда ўзбек киноусталари томонидан суратга олинган бадиий фильмлар намойиш этилди.

6 та кинотеатр ишга тушди, 20 та мактаб янгидан номланди

Фестиваль доирасидаги «Жаҳон киноси кунлари» ҳам катта тантаналар билан бошланди. Ҳар бир мамлакат киноси кунларининг очилиши катта байрамга айланиб кетди.
Пойтахтимизнинг турли маданият муассасалари, яъни 10 га яқин маданият ва санъат масканлари кинофестиваль иштирокчилари, миллий ва хорижий кино юлдузлари, мухлис ва мутахассислар билан гавжум бўлди. Мамлакатимиз бўйлаб 14 та мамлакат киноижодкорлари иштирокида «Жаҳон киноси кунлари» ўтказилди.
Лойиҳанинг хорижлик иштирокчилари ўзбек санъаткорлари ҳамроҳлигида мамлакатимизнинг турли ҳудудларига йўл олишди. Меҳмонлар иштирокида бир қатор шаҳарларимизда муассасалар фойдаланишга топширилди. Булар – Тошкент шаҳридаги «Киночилар уйи» ва «Renaissance Hall» кино-концерт зали, Самарқанддаги «Family Park», Бухородаги «Бухоро» ва «Chinor Cinema», Хивадаги Худойберган Девонов номидаги кинотеатрлардир.
Шу кунлари юртимизнинг 10 та шаҳридаги 20 та кинотеатрда ўзбек ва жаҳон киноижодкорлари суратга олган 150 га яқин фильм намойиш қилинди. Тадбирлар давомида юртимизнинг турли ҳудудларидаги 20 та мактаб­­га ўзбек киноси ривожига катта ҳисса қўшган марҳум санъаткорлар номи берилди.
Кинофестиваль доирасида санъат ва маданият йўналишидаги олий ўқув юртлари иштирокида «Кино соҳасидаги таълимнинг долзарб масалалари ва истиқболлари» мавзусидаги I Халқаро конференция ўтказилди. Унда дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатидан кино йўналишида таълим бериладиган ОТМ ректорлари ва мутасаддилари қатнашди. Конференция­­да кино таълимидаги муаммолар, таълим методологияси, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабалар ва магистрантларнинг билим ва малакасини ошириш, янги ўқув қўлланмаларини яратиш сингари масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Киноюлдузлар Ўзбекистон ҳақида…

Кинофестиваль давомида таниқли арбоблар, кинорежиссёрлар, актёрлар ва операторлар Янги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар билан яқиндан танишиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
– Биринчи марта Тошкентга ҳамкорликда фильм яратганимизда келгандим, бир ой давомида бу ерда яшаганмиз, аммо мамлакат билан яқиндан танишиш имкони бўлмаган, – дейди ҳиндистонлик киноактёр ва продюсер Митхун Чакраборти. – Бу сафар Тошкентга келиб, Ўзбекистон янги тараққиёт босқичида янада ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлдим.
– Мен дунёнинг турли мамлакатларидаги кинематографистлар қатори машҳур ва афсонавий кинофестивалнинг қайта тиклангани учун Ўзбекистон Республикаси раҳбариятидан жуда миннатдорман, – дейди америкалик кинорежиссёр Стивен Сигал. – Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган таниқли кино намояндалари иштирокидаги мазкур кинофестиваль ўта кенг миқёсли ­воқеага айланишига ишонаман.
Туркиялик ҳужжатли кино устаси Ҳусейн Ўзденнинг фикрича, Тошкент халқаро кинофестивалининг қайта тикланиши Янги Ўзбекистоннинг ютуқларидан биридир.

«Биз яна келамиз!»

«Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали давомида дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли киноижодкорлар иштирокида 30 га яқин мастер-класс ва маҳорат дарси ташкил этилди. Унда 300 нафардан ортиқ ёш киноижодкор, шу йўналишда таҳсил олаётган талабалар иштирок этишди.
Кинофестивалнинг якунида эса беш нафар махсус меҳмонга Кинематография ривожига қўшган ҳиссаси учун махсус статуэткалар ҳамда 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари топширилди. Улар орасида россия­лик кинорежиссёр Никита Михалков, туркия­лик кинорежиссёр Нури Билге Жейлан, Қирғизистон Республикаси халқ ­артисти Айтурган Темирова, Тожикистон халқ артисти Сайрам Исаева, таниқли актёр, ҳиндистонлик режиссёр ва продюсер Рандхир Капур бор. Шунингдек, қардош ва хорижлик кино­ижодкорлар билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик меморандумлари, «Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий» кинолойиҳаси, Хўжа Насриддин ҳақида анимацион фильм яратиш ҳақидаги меморандумлар ҳам имзоланди.
Фестивалнинг тантанали ёпилиши маросими Тошкент шаҳридаги «Renessans Hall» мажмуасида бўлиб ўтди. Унда россиялик машҳур кинопродюсер, халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзоси Тимур Бекмамбетов Кинофестиваль иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президентига йўллаган Мурожаатномасини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг, кинофестиваль иштирокчилари ва ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда «Кино беш кунда» ва «Янги авлод киноси» танловлари, «Энг яхши эркак роли», «Энг яхши аёл роли» учун номинациялари ғолиблари аниқланди.
Танлов натижаларига кўра, 1-ўрин ва 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ўзбекистонлик Шерзод Ҳасановга, 2-ўрин ва 10 минг АҚШ доллари Жанубий кореялик Пак Су Минга, 3-ўрин ва 7 минг АҚШ доллари яна бир ҳамюртимиз Саидаъло Мақсудхоновга насиб этди.
Тадбир якунидаги катта концертда хорижлик киноюлдузлар фестивалнинг юқори даражада ташкил этилганини ­эътироф этишди. Ўз сўзларида юртимизга таклиф учун миннатдорлик билдириб, «Хайр, Тошкент, биз яна келамиз!», дея самимий хайрлашишди.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»