» Емаган сомса»га тўланаётган пул

1834

Тахиатошдаги арзонлаштирилган уй-жой муаммоси қачон барҳам топади?

Халқимизда «Арзоннинг шўрваси татимас», деган мақол бор. Бу мақолни Тахиатош тумани «Орайлиқ» МФЙ ҳудудида «Ипотека банк» кредитлари асосида қурилаётган 4 қаватли, 24 квартирали арзонлаштирилган уй-жойга нисбатан бемалол қўлласа бўлади.

– 2020 йилнинг июль-август ойларида ўз ҳисобимдан дастлабки тўлов учун 14 миллион сўм гаров пули тўладим, – дейди Венера Абраматова. – Кейин етмаганига «Ипотека банк»нинг Қорақалпоғистон Республикаси филиалидан кредит олиб, қурилиш ташкилоти ҳисобрақамига ўтказиб бердик. Бизга бу уй 2021 йилнинг май ойида фойдаланишга топширилади дейишганди. Ўтган йилнинг август ойидан бошлаб «Ипотека банк»ка 968 минг сўмдан ҳар ойда кредит тўловини тўлаб келамиз. Аммо ҳалигача уйимиз битмаган. Бу эса қарамоғида ўзганинг парваришига муҳтож қизи бор, бошпанаси йўқ мендек ижарадор она учун ғоят оғир…
– Қизим ушбу уйдан квартира олиш учун туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, рўйхатга олинган ва олдиндан 10 фоиз гаров пулини тўлаган, – дейди Қувватбой Қадиримбетов. – Мана 1 йилдан ошди, банк кредитини ойма-ой тўлаб келади. Муаммонинг ечимини сўраб «Қиш­лоққурилишинвест» МЧЖ Қорақалпоғис­тон Республикаси филиали ва Тахиатош тумани ҳокимлигига арз қилдим. Масъул ходимларнинг таъкидлашича, тендерда ютиб олган фирма банкротга учрагани боис қурилишни тўлиқ якунига етказа олмаган. Эндиликда уй-жой қурилишини бошқа фирмага беришаётган эмиш. Сентябрь ойида қурилиш якунланади дейишган эди. Мана, ўша муддат ҳам якунига етди. Лекин…
– Ҳолат бўйича прокуратуранинг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, арзимни айт­дим, – дейди яна бир истеъмолчининг ишонч­­ли вакили Шуҳрат Исмоилов. – Туман ҳокимлигидан вакиллар келиб, мурожаатингизни ўз вақтида ёпишимиз зарур, сентябрда қурилишни битказишга ёрдам берамиз, деб тушунча бериб кетди. Кўриб турганингиздек, ҳамон натижа йўқ. Ҳануз «емаган сомса»га пул тўлаб келмоқдамиз.
Айтишларича, Акрам деган фирма бош­лиғи томонидан оғзаки келишув асосида ушбу ҳудуддаги қурувчи йигитларга иш ҳақлари тўлиқ берилмагани учун улар ишни ташлаб кетган экан.
– Фирма бошлиғи билан оғзаки келишув асосида февраль ойидан бошлаб 3 ой ишладик, – дейди бир гуруҳ қурувчилар. – Лекин маошларни ҳанузгача ололмадик. Бу борада кўп жойга мурожаат қилдик. Меҳнат шартномаси асосида ишламаганингиз учун ушбу тадбиркорга ҳеч қандай чора қўллай олмаймиз, деб жавоб олдик.
Уйли бўламан деб, бир йилдан зиёд вақтдан буён кредитни тўлаб келаётган фуқаролар муаммоси қачон ечим топади? Ишчиларнинг додини ким эшитади?
Ўйлаймизки, бу масалага мутасадди идоралар албатта эътибор қаратишади.