Миллат тараққиётига дахлдор

16

Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини ошириш борасида ниҳоятда муҳим ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда.

Буни хусусан, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги ишларда ҳам яққол кўриш мумкин.
Тизимда айни вақтда ушбу йўналишда жадал ислоҳотлар давом этмоқда. Хусусан, ҳужжат алмашинуви тўлиқ давлат тилида амалга оширилмоқда. Иш қоғозлари лотин ёзувига асос­ланган ўзбек алифбосига ўтказилган. Вазирлик ва унинг тасарруфидаги бино пеш­лавҳалари ва бошқа кўргазмали ахборот матнлари хатоларсиз жойлаштирилишига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ходимларнинг лотин алифбосига асосланган давлат тилида иш юритиш борасида билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида қисқа ўқув курслари ташкил қилинди. «Давлат тилида иш юритиш» (лотин ва кирилл алифбосида), «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» (5 томдан иборат тўплам) китоблар ҳамда турли соҳаларга оид изоҳли луғатлардан иборат адабиётлар ходимларнинг ­фаолиятида муҳим аҳамиятга эга рисолаларга айланди.
«Давлат тили тўғрисида»ги қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш, уни бартараф этиш борасида вазирлик, идора ва барча ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишлашни йўлга қўйганмиз.
Шу ўринда соҳада мазкур йўналишдаги муҳим ишлардан бирига тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик. Бу давлат тилида иш юритишда соҳа ходимлари учун қўлланма вазифасини ўтайдиган «Меҳнат ва бандлик соҳасига оид атамалар изоҳли луғати»дир. Айни вақтда нашрга тайёрланаётган ушбу луғатни тузишда «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенция ва тавсия­лари, Президентнинг меҳнат, аҳоли банд­лиги тўғрисидаги фармон ва қарорлари, статистик тўп­лам, меҳнат бозори бўйича ўқув ва услубий қўлланмалар ва халқаро илмий адабиётлардан фойдаланилган. Изоҳли луғатда сўз, атама ва иборалар алифбо тартиби асосида жойлаштирилган.
Ҳозирда изоҳли луғатнинг онлайн версияси лотин ва кирилл алифболарида вазирликнинг расмий сайтига жойлаштирилди. Насиб бўлса, яқин кунларда нишонлайдиган улуғ саналардан бири – Ўзбек тили байрамида китобхонлар қўлига етиб боради, деган умиддамиз.
Соҳадаги ишлар улуғ мақсад – Ватан ва Миллат тараққиётига уйғунлиги билан бизга алоҳида куч ва шижоат бахш этади. Зеро, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш Янги Ўзбекистоннинг дунё саҳнидаги мавқеини оширишдаги муҳим воситалардан биридир.

Гуллола ИСОҚОВА,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, «Давлат тили тўғрисида»ги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича
маслаҳатчиси