Қаватли уйлардаги қат-қат муаммолар

1222

Наманган шаҳри аҳлининг коммунал соҳадаги муаммолари кеча ёки бугун пайдо бўлмаган. Ёзда кўп қаватли уйларни ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз икки-уч кунлаб ичимлик сув таъминотидан узиб қўйишлар, қувурлардан лойқа сув оқиши, канализация тизимидаги нуқсонлар, газ ва электр тармоғидаги ўчиб-ёнишлар туфайли одамлар кўпдан буён азият чекиб келишади. Совуқ кунлар бош­ланиши биланоқ муаммолар янада авжига чиқади.

Охирги пайтлар шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг иссиқлик тизимидаги носозликлар аҳолида ҳақли эътирозлар туғдирмоқда. Устига-устак, бу муаммо электр тармоқларидаги узилишларга ҳам замин яратади, оқибатда қаҳратонда соатлаб вақт ва каттагина маблағлар электр таъминотидаги носозликларни бартараф этишга сарфланади. Чунки иситиш тизими ҳаминқадар хонадонлар эгалари электр иситиш мосламаларидан фойдаланишга мажбур бўлади.
Масалага ойдинлик киритиш ниятида мутасаддиларга юзландик. Улардан «Бу галги куз-қиш мавсумида шаҳарликлар бирон-бир ­қийинчиликка дуч келишмайди. Негаки, йил бошида шаҳардаги 350 та кўп қаватли уйдаги хонадонларни марказлашган иссиқлик таъминотига улаш учун ички тармоқларни тиклашга маҳаллий бюджетдан 28,6 миллиард сўм ажратилган. Ҳозиргача 18 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ушбу масалаларни ҳал этиш учун сарфланди», деган юқори ҳароратли жавоб олдик.
Қўлимизга берилган маълумотларга кўра, бугунга қадар Давлатобод тумани, «Порлоқ» МФЙ ҳудудидаги 59 та кўп қаватли уйдаги 2738 та хонадонни марказлашган иссиқлик таъминотига улаш бўйича ички тармоқларни демонтаж ва монтаж қилиш ишлари якунланган, хонадонларга радиаторлар тўлиқ ўрнатилган. Шунинг­дек, 1-, 2-кичик туман деб юритилувчи «Мус­тақиллик», «Тўқувчи» ва «Навбаҳор» МФЙдаги 94 та кўп қаватли уйда ҳам ички тармоқларни монтаж қилиш ишлари 100 фоизга бажарилган. Радиаторларни монтаж қилиш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.
Далиллар нечоғли тўғрилигини билиш мақсадида «Тўқувчи» маҳалласидаги ҳақиқий ҳолат билан танишдик. Шу асно мавсумга тайёргарлик ишлари 100 фоиз якунига етмаганининг, аҳоли яшайдиган катта ҳудуд ўйдим-чуқур бўлиб ётгани одамларга ноқулайликлар туғдираётганининг гувоҳи бўлдик. Бундан ташқари, 1-, 3-кичик туманларда иссиқлик тизими учун магистрал тармоқ тортиш мақсадида кўп қаватли бинолар атрофи кавланганини кўриб, мутасаддилар берган маълумотлар ёлғон эмаслигига, аммо бу жойлар ёғингарчилик бошланмай туриб аввалги ҳолатига келтирилмаса, маҳаллий аҳоли лой кечиб юришига тўғри келишига ишонч ҳосил қилдик.
Биз бу билан кўп қаватли уйларда яшовчилар учун яратилаётган шарт-шароитларни инкор қилмоқчи эмасмиз, аксинча, ҳадемай қор-ёмғир ёғиши туфайли яхши ниятда олиб борилаётган хайрли ишлар ўлда-жўлда қолиб кетмаса эди, деган хавотирдамиз холос.

Орзугул Рустамова,
«ISHONCH»