Ўзбек тилининг ҳозирги ҳолати ва келажаги

2031

Сўнгги пайтда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, кўча-кўйда миллий тил ва ўзлик (идентиклик) ҳақида баҳслар ва турли фикрлар кўпайди. Бу, албатта, яхши ҳолат.

Тил ва ўзлик доимо баҳсларда шаклланади. Машҳур француз олими Эрнест Ренан эътироф этганидек, «миллат – бу ҳар куни плебисцит демакдир».

Миллат доимо сўзлашув ва мулоқот (диалог) орқали барпо этилади. Миллий тилнинг асосида англанган борлиқ ётади. Тил жаҳондаги воқеаларни англаб, илмий мушоҳада орқали соддалашган дунё тасвирини ҳам яратади. Воқеалар ўз вақтида англанмаса ва тилимизда акс этмаса, улар баёнини биз бошқа тиллардан олишимизга тўғри келади. Натижада жамият онги ўзга тилга боғлиқ бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам охирги йилларда тил масаласи давлат даражасига кўтарилди.

Қуйида ҳозирги ўзбек тили ҳолати ва ўзлик (идентиклик) масаласида фикр ва қарашларимни мухтасар баён этмоқчиман.

Сўнгги уч-тўрт йил ичида ўзбек тилини ­ривожлантириш, давлат тилида иш юритиш ва ўзбек тилининг обрўсини кўтариш учун қонунлар қабул қилинди, қўмиталар ва марказлар тузилди. Лекин эзгу ишлар биз кутганчалик натижалар бераётгани йўқ. Нима учун?

Негаки биз қонунлар ва қонуности ҳужжатларни қабул қилаётганда ва турли марказлар тузаётганда бугун дунёда мавжуд бўлган тил ҳолати ва сўнгги илмий технологиялардан фойдаланаётганимиз ҳам, уларни ҳисобга олаётганимиз ҳам йўқ.

Ҳозирги кунда жаҳонда ахборот ва фан тили ­инглиз ва биз каби постсовет жамиятларида кўпроқ рус тилидир.

Ўз вақтида жадидлар тилни янги сўзлар ва маданий янгиликлар билан тўлдиришган. «Театр», «роман», «пьеса», «поезд» ва ҳоказо сўзларни кенг қўллашган ва бунинг таъсири ўлароқ XX асрнинг 20-йилларида миллий романчилик вужудга келди.

Жадидлар ўзбек тили грамматикасини ислоҳ қилишга уринишган ва ҳатто лотин алифбосини киритишда катта жонбозлик кўрсатишган. Улар саъй-ҳаракати билан ўзбек сиёсий миллати ­вужудга келди. Европадан олиб келинган ва ўзлаштирилган маданият ўзлигимизни (идентикликни) маълум маънода шакллантирди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, жадидлар ўзбек тилини янгиликка очиқ система деб тушунишган. Бу тилда ўша пайтлардаёқ кўплаб Европа ва рус романлари таржима қилинди. Пировардида Ўзбек тили модерн тилга айланди ва XX асрнинг 30-60-йилларида ўзбек тилида кўплаб нодир асарлар ва шеърлар яратилди.

Биз ҳозиргача Ғ.Ғулом, А.Орипов, Э.Воҳидов, П.Қодиров ва бошқа адибларимиз асарлари ва улардаги тил «жозибаси» таъсиридамиз. Ҳолбуки, ундан кейин қанча сувлар оқиб ўтди: дунё глобаллашди, маданиятлар қоришиб кетди, деймиз, сиёсий тузумлар ўзгарди, қадриятлар «сафи» кенгайди. Бизда эса…

Ўйлашимча, бизнинг ҳозирги ўзбек тили ана шу давр билан чамбарчарс боғлиқ бўлгани ва кўп ҳолларда уни ўзи учун «эталон» деб билгани боис ривожланишдан тўхтаб қолди.

Ўзбек тили XX асрнинг жамиятда ­кескин иқтисодий ва сиёсий жараёнлар кечган 80-90-йилларида янги, ўзига табиатан тескари бўлган хавфларга дуч келди. Социумда бунга қарши потенциал билим ва кўникма бўлмагани учун у маълум муддат турғунликка мубтало бўлди. Аслида эса тилимиз ҳозирги замон талабларига мос бўлиши зарур. Бу, бугунги глобаллашган ­дунёнинг талабидир!

Охирги йилларда ўзбек тилини ислоҳ қилиш, рағбатлантириш бўйича талай амалий ишлар қилинмоқда. Бироқ кўзга кўринарли натижага эришиш муайян ютуқларга эришилганига қарамай анча секин ва қийин кечмоқда.

Мен бунинг бир қанча сабаблари бор, деб ўйлайман. Наздимда, ҳозирги ўзбек тили «ёпиқ» системага айланиб қолганга ўхшайди. Биз ҳозир тилни шева ва лаҳжалар билан тўйинтиряпмиз холос. Балки бу ҳам яхши ҳолатдир. Тўғри, тилимизга сўнгги йилларда «компьютер», «ноутбук», «челленж» ва кўплаб янги сўзлар кириб келди. Лекин бу ҳолат тилимизни замонавий тилга айлантирмади. Аҳолимиз, фикримча, хориж сўзларини кўр-кўрона тақлид қилиб олмоқда.

Тил ривожланиши хорижий сўзлар ва атамаларни илмий, адабий мушоҳада қилиб, «ҳазм» қилиш даражасига боғлиқ. Жонли тил фақатгина истеъмолчи эмас, балки яратувчи ҳам бўлиши зарур.

Мисол учун, охирги илмий адабиётлардаги атамаларни умуман ўзбек тилига таржима қилишнинг иложи топилаётгани йўқ. Улар қуйидаги сўзлар: «postcolonial», «gender studies», «subaltern», «премодерн», «модерн», «постмодерн» ва ҳоказо. Яъни, бу сўзлар ўзбек илмий адабиётида ўз мазмуни ва моҳиятига эга эмас. Албатта, бу ҳолат ўзбек ижтимоий-гуманитар соҳаси дунё фанидан анча орқада эканини исботлайди. Тилни ­бойитишда фалсафа ва мантиқ фанлари жуда катта роль ўйнайди.

Ўзбек тилининг илмий салоҳиятига тушкун кайфиятда қараб, ўзбек тили фақат маиший тил сифатидан юқорига кўтарила олмайди, деювчилар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда, мавзуга бевосита алоқаси бўлгани учун яна шуни ҳам айтиш керакки, бизда адабиётшунослик ривожланган, фалсафа эса фан сифатида умуман жойидан жилган эмас. Тўғри, бу иддао кўпчиликда (айниқса, файласуфларимизда) норозилик туғдириши мумкин. Мен эса улар билан ғойибона баҳсга киришиб, қуйидаги саволни бераман: хўш, айтинг-чи, охирги 30 йилда қайси ўзбек файласуфи машҳур, қўлдан қўймай ўқиладиган бирор китоб ёзди?..

Тилнинг ривожланиши билан боғлиқ тизимимизда ҳам нуқсонлар керагидан ортиқ. Масалан, мантиқ фани бугун олий таълим муассаларида махсус фан сифатида ўқитилаётгани йўқ. Ваҳоланки, айнан шу фаннинг мушоҳадани ­шакллантиришда роли беқиёслигини бутун дунё олимлари эътироф этишади. Қолаверса, тил қонуниятлари мантиқ фани билан чамбарчас боғлиқдир.

Шу боис, бугун биз ўзбек тилини ривожлантириш ҳақида гапирар эканмиз, замонавий фалсафа, мантиқ фанларини таълимга кенг татбиқ қилишимиз зарур. Афсуски, уят бўлса ҳам айтиш керак, айни дамда республикамизда бўлажак фан докторлари ҳам фалсафа, фан фалсафаси ва мантиқдан бехабардирлар. Эсимда, бизда 2012 йилларгача илмий иш ёқлаш учун фан фалсафасидан махсус курс эшитиб, имтиҳон топшириларди. Аслида бу бутун дунёда қабул қилинган стандартдир. Лекин ҳозир бу курс умуман докторантурада йўқ. Афсуски, фан фалсафаси бўйича яхши, бугунги кун талабларига жавоб берадиган ўзбекча илмий адабиётлар ҳам. Энди айтинг, қандай қилиб фан фалсафасидан ва мантиқдан бехабар бўлажак олим яхши илмий иш ёзади? Шу ҳолатни билиб туриб, нимага ўзбек тили фан тилига айланмаяпти деб куйинамиз.

Қачонки, файласуф, тарихчи ва филолог бирлашиб ўзбек тилига мос хорижий атамаларга мазмун бера олишса, ана шунда тилимиз ривожланади ва бойийди. Акс ҳолда, биз бир жойда депсинамиз ва тилимиз шеъриятга ва адабиётгагина боғланиб қолади. Фақат илмий мушоҳада, синтез, илмий догмаларни янги маъно-мазмун билан бойитиш ва бу илмий жараёнларни илмий тилда ифода қилиш, табиий, профессионал олимлар томонидан амалга оширилади. Бу эса, албатта, маблағ ва ­сиёсий ирода талаб этади.

Биз бир илмий ҳақиқатни унутиб қўймоқдамиз: тил – доимо ривожланаётган ва динамик ҳодисадир. Тил ривожланиши учун миллий адабиёт, кино, санъат, фан мутаносиб ривожланиши зарур. Мутаносиблик эса миллий ўзликни ташкил топишига ижобий таъсир этади. Яъни, файласуфлар, лингвистлар ва тарихчилар ёрдамида яратиладиган янги маънолар тилимизни бойитади, кенгайтиради ва дунёқарашни шакллантиради.

Натижада инглиз ва рус тилларига қарамлигимиз анча камаяди. Ўз мафкурамиз ва дунёқарашимизнинг фалсафий ва мантиқий ­асослари вужудга келади. Кино, санъат ва адабиёт тилни ижтимоий борлиққа мослаштиради, файласуфлар, тарихчилар ва лингвистлар янги мазмун ва талқин яратишади. Олимларимизнинг муштарак ҳаракати ўзбек тилини янги ривож­ланиш босқичига олиб чиқиши мумкин. Бунинг учун файласуфлар, тарихчилар ва лингвистлар кўплаб илмий мақолалар, монографиялар ва китоблар ёзмоғи лозим. Маданий алмашинув ва дунёга очиқлик нафақат олимларимизга наф келтиради, балки минтақимизнинг ўзлигини англашига ҳам катта туртки бўлади.

Ўйлайманки, тил сиёсати борасида олимларимиз ва ҳукуматимиз олдида катта ишлар турибди. Президентнинг тил борасидаги ташаббуси назарияда ва амалиётда қўлланилса, янги авлод олимлари, санъаткорлари, шоиру ёзувчилари, журналистлари жонбозлик кўрсатишса, молиялаштириш кўпайтирилса, албатта, марра бизники бўлади. Чунки миллий тилимиз сиёсий ва иқтисодий ривожланиш, эркин ҳаёт, инновация асоси ва эртанги кунимиз гаровидир.

Бахтиёр АЛИМЖАНОВ,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон Республикаси

Фанлар Академияси

Абу Райҳон Беруний номидаги

Шарқшунослик институти докторанти