Бахмал олмалари бозори қаерда?

1622

Бахмал – Жиззах вилоятининг ўзига хос табиатга эга туманларидан. Ҳудуднинг асосий қисми тоғлардан иборат. Бу гўшада баҳор узоқ давом этади. Ёз ҳам унчалик иссиқ келмайди. Тоғлар бағридаги арчазорлар ва зилол булоқлар шарофати билан яшиллик туманнинг доимий «меҳмони»га айланган. Мўътадил ҳаво ва туп­роқда намлик узоқроқ сақланиши туфайли тумандаги лалми экинзорлардан юқори ҳосил олинади. Ҳудуд иқлими ҳар хил мевалар етиштириш учун жуда қулай. Шунга кўра, туманнинг катта қисмини боғ ва узумзорлар эгаллаган. Бирор хонадон йўқки, Бахмалнинг машҳур олмалари унмаётган бўлса…

Ҳосил мўл, бироқ…

Дарвоқе, сўнгги йилларда туманда интенсив боғлар пайдо бўла бошлади. Бу турдаги боғлар эса юқори ҳосилдорлиги, меваларнинг ташқи кўриниши ва сифати халқаро бозор талабларига мослиги билан ажралиб туради. Айни чоғда, алоҳида қаровни ҳам талаб этади. Қувонарлиси, бахмаллик боғбонлар янги боғларда ишлатиладиган технологияларни пухта ўзлаштириб олишаётир. Бунга мисол тариқасида Отабек Алимжонов раҳбарлигидаги «Бахмал олмаси» фермер хўжалигини келтиришимиз мумкин. Биз ушбу жамоа аҳли яратган 15 гектарлик боғда бўлганимизда бахмалликлар ғайрат-шижоатига яна бир бор тан бердик.
Боққа 2016 йили 36 минг туп «Жереми», «Кремсон», «Голден эйпл» навли ярим пакана олма дарахти кўчатлари ўтқазилган. Оралиғи эни ва бўйига 2 ва 4 метрни ташкил этади. Қайси томондан қараманг, олма дарахтлари бир тўғри чизиққа тортилгандай кўриниш ҳосил қилган. Бу эса уларнинг қуёш нуридан бир маромда баҳра олишига ва шамолдан ҳимояланишига хизмат қилади. Боғ ичига текис қилиб устунлар ўрнатилган. Уларга тортилган симларга дарахт новдалари боғлаб қўйилган. Бундан кўзланган мақсад унинг шохлари ҳосилни кўтара олмай синиб кетиши олдини олишдир.
Бултур боғ 36 тонна ҳосил берган. Жорий йилги мўлжал – 150 тонна. Келаси йилдан олма дарахтлари тўлиқ ҳосил бера бошлайди.
Лалми ҳудуд бўлгани учун боғ барпо этилиши биланоқ томчилатиб суғориш усули жорий этилди. Артезиан қудуқлардан сув олиниб, махсус идиш­ларга жамланади. Сўнгра зарур кимёвий ўғитлар билан бойитилади ва қувурларга лой тиқилиб қолмаслиги учун фильтрланади.
Томчилатиб суғориш жараёни компьютерда бошқарилади. Ташқаридан салбий таъсир бўлмаса, олма чиройли шаклга киради. Унга Бахмал олмаларининг ширин таъми қўшилса, бемалол дунё бозори забт этилади, деяверинг.
– Ярим пакана олма дарахтлари бизнинг иқлимимизга жуда мос, – дейди Отабек Алимжонов. – Бундан ташқари, уларга ишлов бериш, буташ ва ҳосилини териш осон. Меваси ерга тўкилган тақдирда ҳам зах тортмайди. Кичик майдондан кўп ҳосил олиш мумкинлиги даромадимизни ошираяпти. Биз фойдаланаётган усул оддий суғоришга нисбатан сувни 70-90 фоиз тежаш имконини яратяпти. Қолаверса, сув таркибидаги ўғит исроф бўлмай дарахт томирларига етиб боряпти. Етиштирган ҳосилни то сотилгунча сиғими 350 тонналик совиткичда сақлаяпмиз.
Шу ўринда фермер хўжалиги раҳбарининг гапига битта қўшимча: ҳозир туман бўйича жами 10 минг тонна сиғимга эга 11 та совиткич, 8800 тонна сиғимга эга 10 та омборхона мавжуд. Агар ҳудуддаги боғлар ва томорқаларда 100 минг тонна ҳосил етиштирилишини инобатга олсак, ҳали бу соҳада қилинадиган ишлар анчагина экани аён бўлади.

Нега махсус дўкон йўқ?

Тумандаги Ойқор, Музбулоқ, Сартюз, Нушкент, Қирққишлоқ, Новқа, Боғимозор қишлоқлари боғларида пишиб етиладиган олмалар довруғи вилоятдан ташқарига ҳам кенг тарқалган. Моргузар тоғлари этагидаги Сангзор дарёси жилғаланадиган сойлар қўйнида жойлашган бу гўшаларда сўнгги йилларда мевазорлар янада кўпайди.
– «Боғни боқсанг, боғ бўлар», деган нақл бежизга айтилмаган, – дейди қирққишлоқлик тажрибали боғбон Эркин Жумабоев. – Бироқ боғдорчилик осон иш эмас, айниқса, олма етиштириш кўп меҳнат ва чидам талаб этади. Устига-устак, об-ҳаво ҳар доим ҳам қулай келавермайди. Бу – биринчидан. Иккинчидан, менинг 20 сотихли томорқамда 30 туп олма бор. Уларни парваришлашда ўзига хос муаммоларга дуч келаман. Айниқса, зараркунандаларга қарши ишлатиладиган кимёвий дори воситаларини, дарахт­ларни озиқлантириш учун зарур маъданли ўғитларни топиш амримаҳол. Боғдорчиликка ихтисослашган туманимизда бундай маҳсулотлар сотиладиган махсус дўкон йўқ. Баъзан кимёвий дориларни излаб қўшни вилоятларга ёки пойтахтга боришга тўғри келади. Мен ҳар йили ушбу дори воситаларини харид қилишга 1,5-2 миллион сўм миқдорида маблағ сарфлайман. Менга ўхшаган боғбонлар эса сон-саноқсиз. Уларга озмунча кимёвий препарат керакми? Наҳотки, туманимизда лоақал битта бўлса-да, бизнинг коримизга ярайдиган шохобча очиш шунчалар қийин бўлса?!.
Эркин Жумабоев биргина олманинг ўзидан 50 миллион сўм соф фойда кўради. Агар бу меваларни бозорда ўзи сотса, даромади янада ошиши тайин.
– Ҳозирги кунда тадбиркорлар сара олмаларнинг килосини биздан 5000-7000 сўмдан олишади, – дейди у. – Қурт еган ва ерга тушганларини эса 500-1000 сўмга олиб кетиб, бозорда 3000-4000 сўмга сотишади.

Нарх ҳақида мулоҳазалар

Ғаллаорол туманидан ўтувчи катта йўл ёқасидаги Заргар қишлоғида донғи оламга кетган бир бозор бор. Унда олманинг ҳар қандай турини топишингиз мумкин. Мен яқинда шу бозорда бўлдим. Қизил, сариқ, кўк рангли чиройли олмалар териб қўйилган раста олдига яқинлашиб, нарх-наво билан қизиқдим. Очиғи, сотувчиларнинг жавобини эшитиб, нафасим ичимга тушиб кетди. Савдоси ­сустлигиданми, аламини кимдан оларини билмай турган аёл «Ўзи ҳозир нима арзон? Нархи кўтарса, бизга ҳам яхши, бозоримиз юришарди. Сизга ўхшаган харидорлардан пичинг гаплар эшитиб ўтирмай, молимизни сотардик-кетардик», дея нолий бош­лади. Кейин олмалар нега қимматлашгани сабабини ҳижжалаб тушунтира кетди:
– Укажон, олмаларимизнинг энг зўрлари чет элларга жўнатиляпти. Шу боис, ўз бозорларимизда камайиб кет­япти. Борларининг ҳам сифати паст. Биз уларни кўпинча иккинчи, баъзан учинчи «қўл»дан оламиз…
Хуллас, мен бир зумда бозорларимизда мевалар нархи баландлигининг айрим сабаблари ҳақида анча маълумотга эга бўлдим.
Жиззах вилояти статистика бошқармаси маълумотига қараганда, 2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига вилоятдан хориж­га жами қиймати 233 минг 400 долларга тенг 783 тонна 800 килограмм олма экспорт қилинган. Бу 2019 йилнинг мос давридагига нисбатан 94,3 тонна кўп демакдир. Жорий йилда экспорт қилинадиган олмалар миқдори янада ошиши кутиляпти.
Ана, оқибати: ушбу бозорда энг арзон олманинг ҳар килоси 4 минг сўмдан, сал бундайроқлари 8000-12000 сўмдан сотилмоқда. Ажаб, пишиқчилик даврида уларнинг баҳоси шундай бўлса, янги йил арафасида неча сўмга чиқар экан?
Ҳолбуки, олма мевалар ичида энг хушхўр ва ёш-қарига тавсия этиладигани. Унинг таркибидаги темир моддаси инсон организми учун жуда фойдали. Шундай экан, бозорда нархлар мувозанатини ушлаб туриш учун улгуржи савдо базалари фаолиятини ривожлантирадиган, элимизнинг соғлом келажагини ўйлайдиган вақт келмадимикин?

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»