Меҳр-оқибат кўприги

883

Қибрай тумани марказидаги «Биллур» кошонаси… Кираверишда чиройли айвонли йўлак… Оркестр садолари янг­раб турибди… Бу даргоҳда уч авлод учрашуви бўляпти.

Ташриф буюрувчилар орасида турли миллат вакиллари бор. Уларнинг кўксини нишонлар, орден ва медаллар безаб турибди. Мўйсафид отахонлар, муниса онахонлар, ўрта авлод ва ёшларни кўриб, ҳавасингиз келади. Кошона ичкарисига қадам босишингиз билан муҳит яна ўзгаради. Тўкин дастурхон ёзилган. Майин янграб турган мусиқа садолари дилларга ором бағиш­лайди.
Замонимиз қаҳрамонлари бўлган уч авлод иштирокидаги байрам шундай кўтаринки руҳда бошланди.
Тантанани Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла ­Йўлдошев табрик сўзи билан очди.
Учрашувда ўзбек узумчилигининг дарғаси, икки марта Меҳнат қаҳрамони, академик Ризамат Мусамуҳаммедов, Ўзбекистон Қаҳрамони, давлат арбоби, тиббиёт фанлари доктори Зайниддин Низомхўжаев, ўзбек ички ишлар хизмати фахрийларидан бири, милиция генерал-полковниги Зокиржон Алматов ва бошқа ўнлаб юрт фидойиларининг номлари ҳурмат билан тилга олинди.
Тадбирда Янги Ўзбекистон ёшлари эришаётган муваффақиятлар ҳақида ҳам сўз борди. Хусусан, йигирма тўққиз ёшли қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби Сардор Саматов ҳамда Шириновлар оиласининг фарзандлари номи янграганда гулдурос қарсак­лар чалинди.
Қайд этиш керакки, Қибрай тумани ободонлаштириш бошқармасида оддий уста бўлиб ишловчи Матёқуб Ширинов ва унинг турмуш ўртоғи полик­линика лобаранти Моҳигул Ширинованинг катта ўғли Бекзод Болтабоев тўрт марта халқаро Менделеев олимпиадаси ғолиби, таэквандо бўйича мамлакат чемпиони, «Шуҳрат» медали ва «Мард ўғлон» давлат мукофоти совриндори. Яна бир ўғли Бобир Болтабоев халқаро Менделеев олимпиадасида беш марта ғолиб­ликни қўлга киритган. Қизи Тошкент давлат педиатрия олий ўқув юрти талабаси Моҳира Болтабоева эса Зулфия мукофотига сазовор бўлган.
Тантанада Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов учрашув қатнашчиларидан бир гуруҳига ­«Мустақилликнинг 30 йиллиги» кўк­рак нишонини топширди.
«Мустақилликнинг 30 йиллиги» ­кўкрак нишонига сазовор бўлганлар орасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов ҳам бор.
Уч авлод учрашуви иштирокчиларини Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекис­тон халқ артисти Муножат Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов ва бошқа санъат усталари дилрабо қўшиқлар билан хушнуд этди.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
«ISHONCH»