“Муштум” журнали жамиятимизга қайтди

614

       Кулгисевар халқимизга қарийб бир асрдан буён ҳамроҳ бўлиб келаётган “Муштум” журнали сўнги пайтларда кўринмай қолганди. Биз матбуот дўконидаги газета-журналлар орасидан уни қидириб, чоп этилмаётганидан хуноб бўла бошлагандик. Сабаби “Муштум” ўз номи билан муштум-да, жамиятдаги иллатларга қарши муросасиз бўлишни ҳам, одамларга табассум улашишни ҳам билади. Шу  боисдан унинг ўрни алоҳида эди. 

Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг ягона ҳажв (сатира) журнали, дея эътироф этиладиган “Муштум” айрим сабабларга кўра бир муддат танаффус қилишга мажбур бўлди. Хайрият, танаффус узоққа чўзилмади. Журнал энг гуллаган даврида ойига бир миллион етти юз минг, ҳар ўн беш кунда 850 минг ададда нашр қилинган.

Тараққийпарвар, халқпарвар маърифатпарвар зиёлиларимиз – Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон бошлаб берган анъанани Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Анвар Обиджон, Саъдулла Сиёев, Турсунбой Адашбоевлар давом эттиришди. Журналга элимизнинг таниқли адиблари – Мумтоз Муҳамедов, Акмал Пўлат, Иброҳим Раҳим, Мирмуҳсин, Мақсуд Қориев, Жўра Саъдулла, Неъмат Аминов, Ашурали Жўраевлар бош муҳаррирлик қилишган.

“Муштум”нинг оммалашига карикатурачи рассомларидан Леушин, Борис Жуков, Владимир Думкин, Дмитрий Синицский, Вячеслав Муромцев, Лутфулла Абдуллаев, Черкаускас, Наримон Иброҳимов, Тельман Муҳамедов, Алижон Ҳолиқов ва Фаррух Кагаров катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Юз билан юзлашаётган “Муштум” оммабоплиги жиҳатидан рекорд ўрнатган дейишга ҳам асосимиз бор.

“Муштум” олдига қўйилган мақсад-вазифалардан, йўналишидан келиб чиқиб, бугунги кунда ҳам жамиятдаги турли иллатларга, кундалик ҳаётда учраётган зарарли одатларга қарши курашишда муҳим маънавий восита вазифасини ўтайди.