Зарафшонда имконияти чекланган болалар учун янги боғча ишга тушди

366

 Яқинда Навоий кон-металлургия комбинати ҳомийлиги асосида Зарафшон шаҳрида имконияти чекланган болалар учун замонавий махсус мактабгача таълим ташкилоти барпо этилди. Жорий йилнинг 8 октябрь куни Мактабгача таълим вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ушбу масканнинг очилиш маросими  бўлиб ўтди.

Тадбирда Зарафшон шаҳрида бунёдкорлик соҳасида кўплаб хайрли ишларни амалга  ошириб келаётгани, кўплаб ижтимоий соҳа объектлар қуриб берилгани, жумладан, имконияти чекланган болалар учун фойдаланишга топширилаётган махсус мактабгача таълим ташкилоти ҳам хайрли ишларнинг мантиқий давоми эканлиги алоҳида  таъкидланди.

Имконияти чекланган болалар учун барпо этилган ушбу замонавий мактабгача таълим ташкилоти қурилиш ва жиҳозлаш ишларига қарийб 30 млрд. Сўм маблағ сарфланди. Ташкилот махсус жиҳозлар, тиббиёт ускуналари билан таъминланди. Машғулотлар белгиланган дастур бўйича олиб борилади. Учта блокдан иборат икки қаватли бинонинг иккитасида лифтлар ўрнатилган. Ташкилотда болажонларнинг униб-ўсиши ва таълим-тарбия олишлари учун барча қулайликлар яратилган бўлиб, футбол майдончаси, ёзги ва қишки бассейн, сунъий қопламали болалар майдончаси, югуриш майдончаси улар ихтиёрида.

90 ўринга мўлжалланган мазкур кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти  вилоятимизнинг олис ва чўл ҳудуди бўлган Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида мактабгача ёшдаги имконияти чекланган беғубор фарзадларимизни соғлом болалар қатори таълим-тарбия олишларига ҳамда уларни тезроқ соғлом ҳаёт ва жамиятга қўшилишида муҳим аҳамият касб этади. Кўп тармоқли ДМТТнинг бошқа МТТлардан фарқи шундаки унда махсус ускуналардан ташқари қуёш батареялар ўрнатилган. Яъни МТТда доимий тарзда электр мосламалар қуёш батареяларидан электрланади. Бундан ташқари ушбу болажонларимиз учун махсус қишки боғ ҳам яратилган. Бу оддий боғча эмас, реабилитацион марказ сифатида фаолият юритади, махсус таълим ва тарбияга муҳтож болажонларимиз эндиликда олис ҳудуларга бориб юришмайди, чунки бу ерда барча имкониятлар мавжуд. Ушбу МТТнинг фондини ташкил этишда Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда вилоят хокимлиги томонидан 400 млн. сўм ажратилди.

 

Зебо Намозова