Меҳр-саховат уйидагилар сизга бегонами?

26

Акс ҳолда, нега уларга вақтида тез тиббий ёрдам  кўрсатилмаяпти?..

Бу барчага аён ҳақиқат: дунёдаги йирик шаҳарларда камбағаллиги ва бошпанаси йўқлиги туфайли дарбадарликда кун кечираётганлар ҳам кўп.  Уларнинг аксарияти азбаройи тирикчилик кундузи одам гавжум жойларда тиланчилик қилади, оқшомлари йўлакларда, кўчаларда, хилватгоҳларда, ертўлалар ва метро бекатларида тунайди. Баъзилари ўша жойларда омонатини топширади.

Статистик маълумотларга кўра, Россиянинг биргина Москва шаҳрида 80 минг нафарга яқин уйсизлар бор. Бундай кишилар сони Буюк Британияда 300 минг, АҚШда қарийб 553 минг нафарни ташкил қилади. Уларнинг яшаши учун давлат томонидан алоҳида бино-иншоотлар барпо этилмаган. Фақат айрим ташкилотлар, жамғармалар ва саховатпеша инсонлар ёрдам тариқасида озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар ёки дори-дармонлар солинган халтачаларни кўча ва йўл бўйларига қўйиб кетишади.

Хўш, бизнинг юртимизда бу борадаги вазият ҳамда “ўз уйи – ўлан тўшаги”  йўқларга муносабат қандай?

Ҳукуматимизнинг 2018 йил 26 апрелдаги 309-сонли қарори билан Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисидаги низом тасдиқланган. Унга кўра, шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган, шунингдек, бирон-бир манзилда доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинмаган, ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бор 18 ёшдан ошган шахс муайян яшаш жойига эга бўлмаган, яъни бошпанасиз киши  ҳисобланади. Реабилитация марказлари эса уларни сақлаш ва шахсини аниқлаш, профилактик тадбирлар ўтказиш, саломатлиги ва меҳнат қобилиятини тиклаб, соғлом турмуш тарзига қайтариш ишлари билан шуғулланади. Шу жараёнда бошпанасизларнинг ҳуқуқларини, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва  шахсини аниқлашда тегишли идораларга кўмаклашиш, аҳволи ночорларни белгиланган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, уларга психологик ёрдам бериш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлганларига тушунтириш ишларини олиб бориш, меҳнатга лаёқатлиларини ишга жойлаштириш, қаровсиз қолган кексалар ва ногиронларни Саховат, руҳий касалликка чалинганларни Мурувват интернат уйлари ва шифохоналарга жойлаштириш чораларини кўради.

Уй-жойсиз кишиларга мададкор бўлишни истаганлар республикамиз  бўйлаб 102 ёки Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмининг 71-281-90-32 телефон рақами орқали хабар беришлари мумкин.

Дарвоқе, ушбу ИИББнинг реабилитация маркази қошидаги Меҳр-саховат уйига бошпанасизлар жойлаштирилади. Яшнобод туманидаги Баротхўжа маҳалласида очилган бу масканда яшовчилар ҳам иссиқ овқат, кийим-кечак, дори-дармонлар ва зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминланади.

  • Бундай одамлар вилоятларга нисбатан пойтахтда кўпроқ, – дейди Меҳр-саховат уйи масъулларидан бири Наргиза Тўлқинова. – Шу боис мазкур муассаса 300 ўринга мўлжаллаб қурилган эди. Аммо охирги пайтларда 1300 тагача кишини қабул қилишга тўғри келаяпти. Чунки тураржойга эга бўлмаганлар коронавирус балоси туфайли ўта мушкул аҳволга тушиб қолишди. Биз уларга баҳоли қудрат кўмаклашдик, дардманларига ёки руҳий хасталикка йўлиққанларига тиббий ёрдам кўрсатишни йўлга қўйдик. Бундан ташқари, “Қизил хоч” хайр-эҳсон жамғармаси ходимлари ҳар чоршанба куни улардан хабар олишаяпти. Бироқ муассасага келтирилганлар сони кескин ошгани туфайли жой ва ногиронлик аравачалари етишмовчилиги кузатилаяпти. Агар бизга 2 гектар ер ажратилса, кўпроқ ўринга ва янада каттароқ қулайликларга эга марказ барпо этардик. Ҳозирча эса бор имкониятларимизни ишга солиб, мавжуд майдончаларимизда сабзавот ёки полиз экинлари ва мевали дарахтлар парваришлаяпмиз. Уларнинг ҳосили пишиб етилгач, шу ерда яшовчилар билан биргаликда йиғиштириб олаяпмиз.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Меҳр-саховат уйида яшовчиларни  мустақил ташкилотлар, меҳрибон-ғамхўр инсонлар, хусусий саховат гуруҳлари  доимий равишда моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турадилар.  Ҳозир бу ерда 30 нафар ногирон ҳам бор. Уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Шунингдек, катта ёшлиларга пенсия тайинланишида, бошқаларига шахсий ҳужжатлар олишларида ва рўйхатдан ўтишларида кўмаклашилмоқда.

  • Бугунги кунда бизни қийнаётган энг жиддий муаммолардан яна бири соғлиғи ёмонлашган беморларга “Тез ёрдам” чақириш бўлиб қолмоқда, – дея сўзида давом этди Наргиза опа. – Чунки шифокорларга Меҳр-саховат уйидан қўнғироқ қилаётганимизни айтсак, умуман келишмайди ёки кеч келишади. Ана шунинг оқибатида яқинда Рустам исмли бемор ҳаётдан бевақт кўз юмди. Чунки эрталаб соат саккизда чақирилган “Тез ёрдам” тўрт соатдан кейин келди! Агар 10-15 дақиқа эртароқ келганида эди, у яшаб қолар эди. Афсус, врачлар вақтни бой беришди. Бундай вазиятларда мен уларга қаттиқ гапиришга мажбур бўламан. Муассасамизда яшаётганлар тиббиёт ходимлари эътиборидан четда қолаётганини рўй-рост айтаман! Ахир, ким бўлишидан қатьи назар, улар ҳам одам-ку! Бу бечораларни ҳеч кими йўқ экан деб, янада ёлғизлатиб ва ўз ҳолига ташлаб қўйишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Тез тиббий ёрдам ходимлари шуни била туриб, нега лоқайдлик қилишаётганига ҳайронман. Ҳар эҳтимолга қарши, хонамга тиббий ёрдам жавончалари ўрнатганман.

Наргиза Тўлқинова шкафга батартиб териб қўйилган тиббий буюм-жиҳозлар ва дори-дармонларни бизга кўрсатаётган пайтда хонага 40-45 ёшлардаги юзлари сўлғин аёл кириб келди.

– Ҳаво булутли бўлгани сабабли қон босимим ошди шекилли, мазам  қочаяпти, – деди у илтижоли оҳангда.

Опа беморга ёрдам беришга шошилди. Биз эса масалага ойдинлик киритиш  ниятида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан телефон орқали  гаплашмоқчи бўлдик. Аммо ҳарчанд уринмайлик, уларга  боғлана олмадик…

Наргиза Тўлқинова билан мулоқотимиз чоғи англадикки, у бахтиёр бир оиланинг бекаси, фарзандларининг меҳрибон онаси экан. Лекин баъзан 10-15 кунлаб уйига боролмай, бу ерда қолиб кетар экан. Буни биз, аввало,  кабинетининг бир бурчагида ихчамгина каравот турганидан сездик, кейин муассаса ходимларидан ҳам эшитдик.

Бошпанасизлар Меҳр-саховат уйидаги кичик ва тор хоналарда кўпчилик бўлиб яшаётганликлари сабабли турли ноқулайликларга дуч келишмоқда. Устига-устак, бинода юқумли касалликлар тарқатувчи ҳашаротлар кўпайган. Аҳвол шу даражада ташвишли экан, муассаса жойлашган туман ва шаҳар ҳокимиятидан нега бирон-бир вакил келиб, ундаги муаммо ва камчиликларни  ўрганмади, нега уларни бартараф этиш чораларини кўрмади?..

Меҳр-саховат уйи даҳлизидаги ўриндиқларининг бирида кекса ёшли аёл  ўтирган экан. Мен оҳиста унинг ёнига бориб, саломлашдим. Сўнгра бу ерга қандай қилиб келиб қолгани ҳақида сўрагандим, бирдан авзойи бузилиб, озғин қўллари қалтирай бошлади. Шу асно елкалари ҳам титраганча, дудуқлана-дудуқлана “М-м-мени… мени ташлаб кетишган…” деди.

Наргиза Тўлқинова эса бу ердаги кишиларнинг айримлари  ичкиликбозликка ружу қўйгани,  баъзилари қамалгани туфайли оила аъзолари ва  яқинлари юз ўгирган, ҳатто одамлар нафратига учраган, озодликка чиққач, ишга киролмай аросатда қолган аламзада эркаклар ва аёллар эканлигини эслатди.

– Биз улардан бошқа ичмаслиги ва яна хато йўлларга кирмаслиги, соғлиғини тиклаш учун тиббий ёрдам кўрсатилишига рози эканлиги тўғрисида тилхат оламиз. Бироқ ҳаммаси ҳам бу ишнинг уддасидан чиқавермайди. Чунки қалбларига етказилган руҳий жароҳатлар осонликча битмайди,  – дея  фикрига якун ясади Наргиза опа.

Зеро, бу оламда инсондан фақат яхшилик қолади.  Киши умри давомида қўл урган эзгу амаллар унинг ўзига ўзи қўядиган ёдгорлиги ҳисобланади. Шундай экан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари бу масалаларга алоҳида аҳамият берадилар, Меҳр-саховат уйида  яшаётганлар ҳам, аввало, инсон эканлигини унутмайдилар, деган умиддамиз!

 

Шаҳло НУР