Серқирра ижодкор эди

27

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўзидан муносиб маънавий мерос қолдирган истеъдодли журналистлар ва шоир-ёзувчилар хотирасини абадийлаштириш бўйича қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Куни кеча Миллий матбуот марказида таниқли журналист ва шоир, марҳум Тоҳир Шомуродовнинг “Мен ёнингдан йироқман” номли китоби тақдимотига бағишлаб ўтказилган тадбир ҳам ана шундай хайрли саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Тоҳир Шомуродов 1978 йили Пискент туманида туғилган эди. 25 ёшида Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетининг магистратура босқичини муваффақиятли тамомлади. Сўнгра “Фидокор”, “XXI аср”, “Ҳуррият”, “Нуроний” газеталарида, Олий суд матбуот хизматида, “Ўзбеккино” миллий агентлигида, Президент Девонида, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Маҳалла” телеканалида масъул лавозимларда ишлади. Шу асно Тоҳир Малик, Хайриддин Султон, Ўктам Мирзаёр, Ҳабибулла Олимжонов, Жуманазар Мелиқулов, Ғафур Шермуҳаммад каби устозлари изидан бориб, ижтимоий-сиёсий мавзуларга, оддий одамларни ташвишлантираётган муаммоларга бағишланган кўплаб таҳлилий-танқидий мақолалар ёзди. Айниқса, глобаллашув, жаҳонда кучайиб бораётган тенгсизликлар, урушлар ва зиддиятларнинг мудҳиш оқибатлари, тинчлик ва осойишталикнинг бебаҳо қадри, Ўзбекистон раҳбарияти олиб бораётган тинчликпарварлик сиёсати, юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилган туб ислоҳотлар, рўй берган диққатга сазовор ўзгаришлар, кексаларга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик ҳақида фаол қалам тебратди. Ҳар доим ҳаётни синчковлик билан кузатиб бориб, ибратли кичик ишлардан ҳам катта фалсафий хулосалар чиқара олди.

“Янги китоб” нашриётида чоп этилган “Мен ёнингдан йироқман” номли тўпламга Тоҳир Шомуродовнинг турли йилларда қатор газета-журналларда ёритилган туркум мақолалари киритилган. Шунингдек, китобдан унинг Фейсбук ижтимоий тармоғида эълон қилинган, қўлёзма шаклида сақланган айрим назмий ва насрий асарлари, рус тилидан ўзбекчага ўгирилган шеърлар, “Ўзбеккино” томонидан тасвирга туширилган “Тузоқ” бадиий фильми, “Тулкивойнинг тавбаси” мультфильми, “Суянч”, “Рефери”, “Ярашув институти”, “Тошкент – ислом маданияти пойтахти” каби ҳужжатли фильмлар сценарийлари ҳам ўрин олган. Бу ижодий намуналарнинг барчаси содда ва равон тилда битилгани, зуваласи ватанпарварлик ва эл-юртга садоқат туйғуси ила йўғрилгани билан муштарийлар эътиборини ўзига жалб этади.

Бибигул МУРТАЗАЕВА