Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича  65 турдаги амалий-услубий қўлланма яратилди

49

Бугун пойтахтимиздаги «Wyndham Tashkent» меҳмонхонасида Ўзсаноатқурилишбанк бошчилигида чоп этилган 65 турдаги амалий-услубий қўлланмалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзсаноатқурилишбанк,Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “ЎзқурилишматериалЛИТИ” илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тақдимот маросимида тадбиркорлар, тадқиқотчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ҳар қандай соҳадаги ютуқ ва юксалишлар негизида илм-фан ва ижодий ёндашувлар маҳсули ётади. Шу боис мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигидаги саноат йўналишидаги ислоҳотлар ҳам, аввало, унинг илмий пойдеворини мустаҳкамлашдан бошланмоқда.

Шу йилнинг 30 апрель куни Президентимиз раислигида ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида биргина қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни юқори даражага кўтаришда соҳанинг илмий ва кадрлар билан боғлиқ йўналишларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Бу борада Ўзсаноатқурилишбанк ва бошқа мутасадди ташкилотлар зиммасига аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Бугунги кунда Банк томонидан ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “ЎзқурилишматериалЛИТИ” илмий тадқиқот ва инжиниринг маркази билан ҳамкорликда тадбиркорлар ва манфаатдор аҳоли вакиллари учун қурилиш материаллари ва уларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ маълумотларни ўз ичига олган 65 турдаги амалий-услубий қўлланмалар чоп этилди.

Ушбу қўлланмаларнинг яратилиши  давомида  ҳар бир қурилиш материалининг алоҳида хусусиятлари, хоссалари, бунёдкорлик соҳасидаги аҳамияти ва бошқа жиҳатлари чуқур таҳлил қилинган. Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда зарур бўладиган хомашё турлари, миқдори, сифати ва меъёрий ўлчамлари, мавжуд хом ашё заҳиралари ҳақида маълумотлар тўпланган. Ишлаб чиқариш технологиялари ва уларнинг хавфсизлиги, ўлчов воситалари ва уларнинг самарадорлик кўрсаткичлари, экологик меъёрлар ва санитария қоидалари ҳақида батафсил тўхталинган.Тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш ҳамда тижорат банкларидан кредит олиш тартиблари аниқ ва содда тилда баён этилган.

Шунингдек, энди бизнес соҳасига кириб келаётган тадбиркорлар учун алоҳида қўлланмалар чоп этилган бўлиб, уларда маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, сифатини яхшилаш, ички бозор талабларини тўлиқ қоплаб, экспортга йўналтириш бўйича алоҳида тавсиялар берилган.

Тақдимот маросимида Банк мутасаддилари саноатнинг ушбу тармоғини ривожлантириш йўлида изланишлар фаол давом этаётганлигини таъкидладилар.

Хусусан, Туркиянинг Малтепе университети билан ҳамкорликда Ўзбекистонда мазкур университет филиалини очиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга келишиб олингани, тадбиркорлар учун эса, туркиялик мутахассислар билан биргаликда ишлаб чиқилган махсус ўқув дастури асосида ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилаётгани маълум қилинди.

– Темир бетон қурилиш маҳсулоти ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз, – дейди DSK  бинокор” МЧЖнинг бош иқтисодчиси Исмоил Юнусов. – Бугун тақдимоти бўлиб ўтган  65 та ўқув қўлланмалар ичида бизнинг йўналишимизга мос темир бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида ҳам қўлланма тайёрланибди. Бундай қўлланмалар юртимизда жуда кам, аммо ниҳоятда зарур эди. Шу жиҳатдан тадбиркорликни бошламоқчи бўлганларга бу қўлланма катта ёрдам беради. Биз каби қурилиш бозорида мустаҳкам ўрнини топишга интилаётган корхоналар учун эса янада сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга туртки бўлади. Умуман, соҳада мунтазам дунё тажрибасини, янгиликларини мунтазам ўрганиш, кузатиб бориш муҳим роль ўйнайди ва келгусида бундай қўлланмаларни ҳам янада бойитиш, кўпайтириш керак, деб ҳисоблайман.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси фаолияти сўнгги йилларда анчайин жонланди. Шу кунларда уюшма биносида  алоҳида замонавий лаборатория ҳамда ўқув маркази ташкил этиш ишлари ҳам жадал давом этмоқда. Тез кунларда фаолият бошлайдиган ўқув маркази тадбиркорлар учун яна бир қулайлик бўлиб хизмат қилади.

Ўзсаноатқурилишбанк ва “ЎзқурилишматериалЛИТИ” илмий тадқиқот ва инжиниринг маркази ҳамкорлигида чоп этилган қурилиш материаллари бўйича амалий-услубий қўлланмалар тўплами тақдимоти эса республикамизнинг барча ҳудудларида давом эттирилади.

Маълумот учун: 65 турдаги амалий-услубий қўлланмаларни Ўзсаноатқурилишбанк расмий сайтидан (https://sqb.uz/uz/business/business-assistance/) юклаб олиш мумкин.

 

Зебо НАМОЗОВА