Тасвирий мва амалий саъат изчил ривожланмоқда

9

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишини ривожлантириш борасида  амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда  сўзга чиққанларнинг таъкидлашларича, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли маърифий ислоҳотлар ҳозирги кунда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Шу асно миллий тасвирий ва амалий санъатни янада юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бултур 21 апрелда, аниқроғи, пандемия даврида Президентимизнинг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани бунинг амалий тасдиғи бўлди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Бадиий академияси соҳани янада ривожлантириш, тегишли қарор ва топшириқлар ижросини таъминлаш, шахсий ва ижодий кўргазмалар уюштириш, тизимдаги ташкилотлар ва таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш  йўлида салмоқли ишларга қўл урди.

Бадиий академиянинг жорий йилги фаолияти ҳам қизғин кечмоқда. Масалан, ҳозирга қадар мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларини янада ривожлантириш, академик бадиий таълим сифатини оширишга тааллуқли саккизта норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. Улардан биттаси Президент фармони, қолганлари ҳукумат қарорлари лойиҳасидан иборат бўлди ва ҳозиргача учтаси тасдиқланди.

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш, навқирон авлоднинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ишларига тажрибали санъат соҳаси мутахассислари ҳам жалб қилиндилар. Ўзаро ҳамкорликда кўплаб тадбирлар уюштирилди. Жумладан, Бадиий академия тасарруфидаги “Академия” галереяси, Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Тошкент фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва вилоят бўлимларида республика ва халқаро миқёсдаги кўргазмалар, маҳорат дарслари, пленэрлар ташкил этилди. Бу тадбирларда 1264 нафар ижодкорнинг 6218 та асари намойиш қилинди.

Анъанага кўра, апрель ойида салоҳиятли ёш ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашга бағишланган халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтди. “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови, “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси доирасида кўргазма ва маҳорат дарслари, “Мен юртимни келажакда қандай тасаввур қиламан?” шиори остида кўрик-танловлар ўтказилди. Салкам олти мингта асар санъат ихлосмандлари эътиборга ҳавола қилинган тадбирларда таниқли рассомлар, академик ва Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, ёш ижодкорлар, ўқитувчи ва ўқувчи-ёшлар қатнашдилар. Олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишлари бўйича таълим олаётган истеъдодли йигит-қизлар ўртасида бўлган танлов якунига мувофиқ, етти нафар талабага Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси  тайинланди.

Йил давомида ўзбек тасвирий санъати, маданияти, адабиёти ва бошқа соҳаларнинг етук  вакиллари хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўн бешта барельеф, учта ҳайкал, битта ландшафт дизайни ва боғ меъморчилиги бўйича ҳайкалтарошлик лойиҳалари яратилди. Кенг жамоатчиликни миллий амалий санъатимиз билан таништириш учун “Ўзбекистон амалий санъати” каталоги ўзбек, рус ва инглиз тилларида 1000 нусхада нашрдан чиқарилди. Шунингдек, манфаатдор муассаса ва ташкилотлар билан бирга, Истиқлолнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятига доир маънавий-маърифий мулоқотлар, фестиваль ва кўргазмалар, ижодий учрашувлар ташкиллаштирилди.

Тўққиз ой мобайнида Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва мавқени юксалтириш  янада кўтариш соҳасида ҳам диққатга молик ишлар амалга оширилди. Хусусан, Қўқон ихтисослаштирилган санъат мактабида қўшимча ўқув биноси  қурилиши бошлаб юборилди. Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон халқ рассоми, академик Рўзи Чориев номи берилди. Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаби эса янги ўқув йилидан эътиборан ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатга айлантирилди. Қолаверса, Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами муносабати билан Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъати тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фаол ижодкорлар ва соҳа вакилларидан бир гуруҳи “Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Бибигул МУРТАЗАЕВА