135 ёшли Тўти момо

215

У нима учун Гиннеснинг рекордлар китобига киритилмаган?

2015 йил 29 март куни дунёдаги энг кекса аёл – қорақалпоғистонлик Тўти момо Юсупова 135 ёшда оламдан ўтди. Ўша пайтда дунё оммавий ахборот воситалари ушбу воқеани шов-шув қилиб ёритган бўлса-да, марҳум юртдошимизга негадир Гиннеснинг рекордлар китобидан жой тегмади. Энг кекса аёл сифатида эса франциялик Жанна Кальман 122 ёш билан ушбу китобда кўп умр кўрувчилар рўйхатини бошлаб беради. 135 ёшга кирган Тўти момо ҳақида эса ҳатто интернетда етарлича маълумот йўқ.

Тўти Юсупова 1880 йил 1 июлда таваллуд топган. Ҳаёти давомида 3 асрни кўрган. Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларига гувоҳ бўлган. Коллективлаштириш ишларида иштирок этган. 17 ёшида турмушга чиққан. Эри 1940 йилда, битта қизи эса 1941 йилда вафот этган. Баъзи маълумотларда ўғли ҳам бўлгани қайд этилади. Тўти момо ҳаётининг охиригача чевараси Ҳасилбек Таджибоевнинг қарамоғида яшаган.
– Момомизнинг ўғли бўлган-бўлмагани тўғрисида аниқ маълумот йўқ, – дейди Ҳасилбек Таджибоев. – Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш бўйича таклифлар бўлгани рост. Лекин момонинг ўзига ҳам, бизга ҳам бу таклифлар маъқул келмаган. Сабаби, ортиқча оворагарчилик онахонни чарчатиб қўйиши мумкин эди. 135 ёшга кирганида хориждан, ўзимизнинг юртдан кўп журналистлар келди. Шунинг ўзи момони анча уринтириб қўйган эди. Тўти момом еттинчи авлодини кўрган дунёдаги саноқли одамлардан биридир.
Айтишларича, Рекордлар китобига киритишга ­масъул мутасаддиларда момонинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлишига қарамай, бунга шубҳа билан қарашган. Унинг ёшига илк бор партия фаоллари эътибор қаратган ва оммавий ахборот воситаларига маълум қилган. ­Кейинчалик у 100 ёшдан ўтган киши сифатида «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Эътиборли жиҳати, ҳаётининг сўнгида уйига шифокорлар келиб, қон босимини ўлчаб кетганини айтмаса, Тўти момо умри давомида бирон маротаба даво истаб шифохонага бормаган.
Тўти Юсупова ҳақида Би-би-си телеканали ҳужжатли фильм тайёрлаган. «Қорақалпоқфильм» ҳам 2010 йилда «Уч асрнинг гувоҳи» номли ҳужжатли фильм яратган.