Шаффофлик бўлмаса, бари бефойда

91

Яқинда «Ishonch» газетасида Зебо Намозованинг «Сифат масаласими ёки монополия? ёхуд танловсиз эълон қилинаётган дарсликлар ортида нима турибди?» сарлавҳали мақоласини ўқиб қолдим. Мақола менда қатор мушоҳада ва мулоҳазалар уйғотди. Ўзимнинг таж­рибаларим, ҳаётий хулосаларим ҳақида сўзлаб бериш фикри туғилди.

…Неварам мактабга чиққач, унга ёрдамлашиш баҳонасида 20 йиллик танаффусдан сўнг, ҳар қалай дарсликлар ўзгаргандир, деган ишонч билан 1- синф «Она тили» дарслигини кўздан кечирдим. Тўғриси, хафа бўлиб кетдим. Дарсликлар ҳамон эски услубда тайёрланган. Табиатга оид «Атрофимиздаги олам» дарслиги ҳам шу аҳволда.
Демак, бизда ҳалигача бола билан «гаплашадиган», унинг ­миясини «қимирлатадиган» ва китобга қизиқиш уйғотадиган дарсликларни тайёрлаш йўлга қўйилмабди, деган фикрга келдим.
Мен 2020 йилнинг ёзида Халқ таълим вазирлигига бир неча йиллик илмий изланишларим натижаси ўлароқ тайёрлаганим «Бошланғич таълим даврида нутқ ўстириш ва ўқувчиларни ривожлантириш (Ўқиш, она тили. Табиий-илмий билимлар мазмуни бўйича) таянч ўқув дастури» лойиҳасини Халқ таълим вазирлигига тақдим этдим. Лекин, минг афсус, унга тегишли масъуллар муносабат билдирмади.
Узоқ изланишларим давомида, болаларимиз қийналмай ўқийди, қизиқиб таълим олади, китобдан безмайди, деган мақсадда 1-синфлар учун «Она тили ва нутқ ўстириш» ҳамда табиий-илмий билимларга оид «Табиат» дарслигини меҳримни бериб тайёрлаган эдим. Ниятим, уларни кейинги синфларга ҳам кетма-кетликда тайёрлаб бериш эди. Лекин «чучварани хом санабман». Тушундимки, мен тайёрлаган дарслик ёки менинг ғоя ва фикрларим РТМдагиларда қизиқиш уйғотмаган. Уёғини сўрасангиз, уларнинг ўзи шу номдаги дарсликларни тайёрлаш билан банд экан. Шунинг учунми, улар менга «маданиятли равишда» муқобил дарслик чоп этишни тавсия қилишди. Муқобиллик яхши нарса. Лекин уни ҳам адолат юзасидан амалга ошириш керак. Ҳозир муқобил дарслик­ларни нашр қилишни ҳеч қайси нашриёт бўйнига олмайди. Сабаби, тасдиқланган дарсликларга давлат пул ажратади, муқобилликга келганда бу мавҳум бўлиб қолмоқда. Минг сизнинг дарслигингиз яхши бўлсин, эртага тасдиқланган дарсликлар монопол бўлиб қолиши учун жойларга «юқоридан» қўнғироқлар бўлишидан одам хавотирланади.
Аслида, давлат томонидан маъқулланган ва тасдиқланган дарсликларгина эмас, барча дарсликларнинг ҳам бир-бирига муқобили бўлиши керак. Чунки танлов имконияти яратилса, педагоглар ўзларига маъқул бўлган дарсликдан фойдаланишади. Ана шундагина монополия бўлмайди, ўсиш, ривожланиш бўлади.
Аввал дарсликлар ўртасида, кейин нашриётлар ўртасида танлов ўтказилиши ҳам коррупцияни юзага келтириши мумкин. Менинг назаримда, дарслик тайёрлаш нашриётлар зиммасида бўлиши керак. Дарслик чоп этишдан ҳар бир нашриёт манфаатдор. Ана шу манфаатдорликдан фойдаланиб, нашриётнинг ўзи муаллифни топиб, улар билан бирга ишлаб, дарслик тайёрлаши мақсадга мувофиқ. Балки, шунда «энг яхши дарслик» пойгаси юзага келмас…
Фикримча, бу жараёнда энг муҳими, шаффофликдир. Шаффофлик бўлмаса, танлов ўтказилган тақдирда ҳам коррупция ишга тушиб кетиши ҳеч гап эмас.
Бундан анча олдин 4-синф «Ўқиш китоби»ни тайёрлаган эдик. Танловда энг юқори балл олишимизга қарамай, амалдаги «Қуённи қандай ўлдиришни ўргатадиган» дарслик ғолиб деб топилди. Шу дарслик 30 йил давомида нашр қилинди. Тўғри, бизнинг танқидларимиз туфайли, кейинги нашрларда айрим жумлалар олиб ташланди, бироқ…
Эшитишимча, Таълим маркази масъуллари чет эл тажрибасини ўрганишаётган экан. Бизга маълумки, Европадагина эмас, балки ривожланган Шарқ мамлакатларида ҳам бир неча хил дастур, бир неча хил дарс­ликлар яратилади. Шундай экан, бунга қандай эришилаётгани, нима учун у ерларда монополия ва коррупия йўқлиги, дарсликлар қандай йўллар билан болага тақдим этилиши масалаларини ҳам ўрганишса, яхши бўларди.