Омадли педагоглар формуласи

239

Охирги пайтларда мактаблар, педагогларнинг салоҳияти улар ўқитган ўқувчиларнинг қай даражада олий ўқув юртига кира олгани билан ўлчанмоқда. Чунки таълимдан кўзланган мақсад ҳам аслида билимдон ва комил, ўзгарувчан ҳаётга мослаша оладиган, мустақил фикр юритишга қобил ёшларни тарбиялаш. Илм ўрганишнинг игна билан қудуқ қазишга тенглаштирилгани эса бу вазифани уддалаш ва унга эришиш асло осон эмаслиги белгиси. Айниқса, болаларни таълимдан чалғитувчи воситалар ривожланиб кетган бугунги даврда…

Қувонарлиси, ўз устида тинимсиз ишлаётган, изланишдан чарчамаётган педагоглар, касбининг моҳир усталари кўп.

Хайрулло Мирзаев, Андижон шаҳридаги 35-давлат ихтисослаштирилган мактабнинг олий тоифали тарих фани ўқитувчиси.

У ишлаётган маскан тарих ва ҳуқуқ фанига ихтисослаштирилган бўлиб, 2019-2020 ўқув йилида ўқувчиларнинг 40 фоизи ОЎЮ талабаси бўлган. Педагогнинг ўзи тайёрлаган мактаб ва атрофдаги бошқа мактаблардан келиб таҳсил олган 25 нафар ўқувчининг 18 нафари талабалик бахтига эришган.

– Касбимни, фанимни, болалар билан ишлашни жуда севаман, – дейди асли пахтаободлик Хайрулло Мирзаев. – 2007 йилда Андижон Давлат университетининг тарих факультетини тамомлаб, Пахтаобод туманидаги тиббиёт коллежида фаолият бошладим. Бир неча йилдан сўнг директор ўринбосари лавозимига тайинлашди. Лекин кўп ўтмай, ўзимдан қониқиш ҳосил қилмайин, магистратурага кирдим. Битирганимдан сўнг, 2015 йилда ҳозирги ишлаётган махсус мактабимга ишга таклиф этишди ва 2 тоифали тарих ўқитувчиси бўлиб ишлай бошладим. Устозлардан бола билан ишлашнинг сир-синоатини ўзлаштириб, янги-янги методлар, таълим технологияларини қўллашни одат қилдим. Ҳар бир боб ёки 3-4 мавзудан иборат кичик бўлим тугагач, болаларнинг мусобақа, тест, “Заковат” ўйинлари орқали билимларини мустаҳкамлаш асосида ўзлаштиришини текшириб кўраман. Натижада ўзимнинг ҳам маҳоратим ошиб бормоқда, ўқувчиларимнинг кўрсаткичи ҳам.

2017 йилда ўтган педагоглар аттестациясида биринчи тоифага муносиб кўрилдим. Бу орада ўқувчиларим тарих фанидан олимпиаданинг вилоят ва шаҳар босқичида ғолибликка эришиб, Республикада совриндор бўлишди. Ўзим эса тренер ўқитувчига айландим. “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловида Республика босқичида бешинчи ўринни қўлга киритдим. Ҳар йили ўқувчиларим фан олимпиадасида мунтазам яхши натижаларга эришиб келаётганидан хурсандман. Навбатдан ташқари аттестациядан ўтиш тизими жорий этилгани мен каби педагогларга жуда қўл келди. Сабаби энди ўз билимига ишонган ўқитувчи тоифасини ошириш учун 5 йил кутиб ўтирмайди. Исталган пайтда ариза ёзиб, синовдан ўтиши мумкин. Мен ҳам ўтган йили олий тоифани олиш учун имтиҳон топширдим ва мақсадимга эришдим.

– “Педагоглар биринчи ва олий тоифани олиш жуда қийин, саволлари ниҳоятда мураккаб бўлади, – дейишади. Саволлар сизга қийин бўлмадими?”, – сўраймиз педагогдан. У эса “Йўқ, мунтазам изланишда бўлганимгами, фаолиятим юзасидан фанни чуқур такрорлашимга тўғри келгани учунми, қийналмадим”, – дейди.

2021 йили олий ўқув юртига 5 та фандан тест топширилиши эълон қилингач, тарих фани ҳам мажбурий фанлар таркибидан жой олди. Педагогнинг таъкидлашича, 35- махсус мактабда ўқувчилар мактабга қабул қилинишлари биланоқ ота-оналари иштирокида мажлис ўтказиб, болаларнинг касбга қизиқишлари ва қайси йўналишдаги олий ўқув юртига киришлари муҳокама қилинади.

– Бунда ўқувчиларнинг қизиқишлари энг муҳим жиҳат бўлиши керак, – дейди Х. Мирзаев. – Айрим ўқувчилар ижтимоий фанларни яхши ўзлаштирса, айримларда аниқ фанларга, айримларда эса техника йўналишига қизиқиш кучлироқ бўлади. Қолаверса, бу масала ўқувчи топширадиган йўналишда қайси фанлар биринчи блокда ёки иккинчи ва учинчи блокларда бўлишини аниқлаб, шунга қараб тайёргарлик кўриш имконини беради. Мутахассислик фанлари бўладиган асосий блокдаги фанларга бошқаларига қараганда кўпроқ куч сарфлашга, кўпроқ тайёргарлик кўришга тўғри келади. Шу боис бошиданоқ ўқувчининг мақсади ва қизиқишини аниқлаб олиш муҳим.

Кейинги суҳбатдошларимиз 2020 йилги кириш имтиҳонларида битирувчиларининг 91 фоизи ўқув юртларига кирган Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги 6-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаб интернатининг талабчан директори Улуғбек Темиров ва математика фани ўқитувчиси Наргиза Давуловадир. 2018-2019 ўқув йилида мактабнинг 31 нафар битирувчисидан 21 нафари олий ўқув юртига кирган бўлса, 2020 йилда 23 нафар битирувчидан 21 нафари талабалик бахтига эришди. Қолган икки нафари ҳам кейинроқ “супер контракт” асосида олий ўқув юртларига қабул қилинди.

 – Жамоанинг бундай муваффақиятларга эришиши сири нимада, – сўраймиз, таълим маскани директори Улуғбек Темировдан.

– Таълимда муваффақият омили кучли ва иқтидорли устозлар билан белгиланади, — дейди директор. — Мактабимиздаги 30 нафар педагогнинг 13 нафари олий тоифали, 11 нафари биринчи тоифали, қолган етти нафари иккинчи тоифа ва мутахассис даражасидаги кадрлардир. Қолаверса, ўқувчилар билан мунтазам ишлаб, уларга мотивация бера олиш, иқтидорини ривожлантириш, ўқувчи ва уларнинг ота-оналарини ҳам таълимга қизиқтира олишда ҳам ҳиммат кўп. Масалан, бизнинг мактабимизда ўқувчилардан ҳар ойда бир марта, 11-синф ўқувчиларидан ҳар икки ҳафтада бир ўтилган мавзулар бўйича тестлар олинади. Унда ҳар бир ўқувчининг натижалари таҳлил қилиниб, қайси мавзуни яхши ўзлаштирмагани, қайси фандан қийналаётгани аниқланади ва шунга қараб қўшимча тўгарак дарсларининг мавзулари шакллантирилади. Чорак давомида фаол бўлган ва яхши натижалар қайд қилган ўқувчиларнинг ота-оналарига “Ташаккурнома”лар юборамиз. Ўқитувчининг ўқувчини мақтагани яхши, аммо “Ташаккурнома” олган ота-онанинг қувончи ва фахр ҳисси болага ўқишда ўзгача иштиёқ бахш этади. Шу боис ота-оналар билан ҳамкорлигимиз мустаҳкам.

Мактабда ишлаётган ҳар бир педагогга изланиши учун шароат яратиб берамиз. Шунинг учун бўлса керак, барча педагогларимиз ана шу талабларга муносиб бўлиш учун интилади. Масалан, 2020 йилда 14 нафар ўқитувчиларимиз ўз хоҳишлари билан навбатдан ташқари аттестациядан ўтиб, 6 нафари олий тоифа, 8 нафари эса биринчи тоифани олди. Бу йил баҳорда ҳам 18 нафар педагогларимиз ўз тоифаларини оширишни мақсад қилган. Шу боис танаффус вақтларида ҳам улар қандайдир мураккаб масалалар, машқлар устида қизғин баҳс-мунозара ўтказаётганлигининг гувоҳи бўласиз.

Суҳбатимизга моҳир педагог Наргиза Давулова ҳам қўшилади.

– Бугун ишлайман, деган ўқитувчига имкониятлар кенг. Масалан, бизда ёш ва янги ишга келган педагоглар олий тоифали ўқитувчиларга бириктирилади. Улар ёш педагогнинг олий тоифали бўлиши учун ҳам методик ҳам руҳан ёрдам беради, ўргатади. Яна бир гап: илгарилари ўқитувчи ўз тоифасини ошириши учун китоб ва қўлланмалар қидириб юрарди. Ҳозирда бу муаммо эмас. Математика ўқитувчиларимиз математик, физика ўқитувчиларимиз илғор физик устозлар ва олимларнинг телеграмм каналлари ва гуруҳларига аъзо бўлиб, у ерда билимларини бойитиб боришади, янгиликлардан хабардор бўлишади. Интернетдан халқаро олимпиада саволларини юклаб, ўқувчилар билан биргаликда ечишади. Мураккаб фанларни ўтишда эса ютубда илғор ўқитувчиларнинг видеодарсларини кузатиб тажриба оширишади. Хуллас, малака ошириш йил бўйи давом этади.

Марҳаматлик 31-давлат ихтисослашган мактаб-интернатининг ёш физика фани ўқитувчиси Авазбек Собиров ҳам аллақачон олий тоифани олган, шижоатли ва зукко педагоглардан.

У ишлаётган даргоҳда 2020 йилда 24 нафар битирувчининг 19 нафари биринчи уринишдаёқ талабалик бахтига эришди. Қолган беш нафари эса кейинроқ имтиҳони бўлиб ўтган янги университетларга қабул қилинди. Авазбекнинг дарсдан бўш вақтларида ўзи ўқишга тайёрлаган маҳалласи ва яқин ҳудуддаги 26 нафар ёшларнинг 24 нафари талаба бўлгани эса янада юқори натижа. Бунга унинг фанни чуқур билишигина эмас, олий таълимдаги ўзгаришлар ва янгиликлар моҳиятини теран англаб бораётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

– Физика фанида муваффақиятга эришиш учун математикани ҳам яхши билиш зарур, – дейди педагог. – Шу боис мен математика фани ўқитувчиси билан ҳамкорликда ишлайман. Айрим мавзуларимиз математикадаги баъзи мавзулар ўтилмасдан ўргатилса, бола уларни яхши ўзлаштиролмайди. Яқинда дарсликлар мавзусида пойтахтда ўтган илғор физиклар йиғилишида ана шундай кетма-кетлиги бир-бирига боғлиқ, аммо бу жиҳатлар инобатга олинмаган мавзулар юзасидан таклифларимни айтдим. Келгусида чоп этиладиган дарсликларда улар инобатга олинадиган бўлди.

Авазбек ўз устида тинимсиз изланиши, ўқувчиларнинг қизиқишини тўғри йўналтириш билан бирга Давлат тест марказининг махсус хизматларидан ҳам оқилона фойдаланади. Бунда тест марказига белгиланган тўловларни амалга оширгач, гуруҳдаги ўқувчиларнинг олий ўқув юртига кириш йўналишидаги фанлар блогини белгилаб намунавий тест саволларига буюртма беради.

– Мактаб дарсликларидаги масала ва мисолларнинг мураккаблик даражаси 2-даражали мураккаб саволларга тўғри келади. Давлат тест марказининг имтиҳондаги саволлари эса айнан ўша мактаб дастуридаги мавзулар бўйича бўлишига қарамай, мураккаблик даражаси 3-4 даражалидир. Шу боис намунадаги буюртма тестлар ўқувчиларнинг айнан давлат имтиҳонларига пухта тайёргарлик кўришига, 3 ва 4 даражали мураккабликка эга саволлар устида пухта ишлашига йўналиш беради, – дейди у.

Шу билан биргаликда бу синовлар ўқувчилар томонидан мавзуларнинг ўзлаштирилиши ва уларнинг билими холис таҳлил қилинишига ҳам сабаб бўлади. Чунки тест жавобларини Давлат тест маркази юборади. Одатда таълим масканида сентябрь ойидан бошлаб мактабнинг ўзи тайёрлаган, феврал ойидан бошлаб ҳар ойда ДТМ тайёрлаган шундай намунали синовлар ўтказилади.

– Сўнгги икки йилдаги кириш имтиҳонларида бўлаётган шаффофлик ва ўзгаришлар “Билиминг кучли бўлса, ўқишга кира оласан” деган фикрнинг қатъийлашишига, таъсир кўрсатди. Шу боис қишлоғимизда ҳам, мактабимизда ҳам олий таълим олиш истагидаги ёшлар, билимга интилувчилар сони сезиларли даражада ошди. Бу эса барчамизнинг ютуғимиздир, – дейди педагог.

 Зебо НАМОЗОВА