Ғўза орасидаги соя фермер даромадига соя соладими?

186

Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитованинг «Соя қани?» дея фермерларни қистовга олгани акс этган аудио­ёзув кўпларнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Эслайлик: маҳаллий амалдор ҳосилнинг ҳисобини сўрар экан, гарчи пахта режасини 120 фоизга бажарган бўлса-да, «сояни 5 тоннадан 1 грамм ҳам кам топширган» фермерларнинг ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилган эди.
Ўтган йил октябрь ойида рўй берган воқелик жамоатчилик томонидан озмунча эътирозларга сабаб бўлмади ахир!

Хабарингиз бор, 2020 йил май ойида давлат раҳбарининг Андижонга ташрифи чоғида қатор лойиҳалар тақдимоти баробарида ғўза орасига соя экиш таж­рибасини яратиш, жумладан, янгиликни амалда синаб кўриш масаласи кун тартибига қўйилди. Шундан сўнг вилоятнинг қарийб барча ҳудудларида юзлаб хўжалик­ларда ғўза қатор ораларига соя экишга киришилди. Янги тажриба муваффақиятли рўёбга чиқиши учун пойтахтдан таклиф этилган қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова деҳқонларга йўл-йўриқ кўрсатиб турди. Чунки олима 2010-2011 йилларда Сирдарё вилоятида юқорида зикр этилган усулни амалиётда синаб, юқори самарадорликка эришган эди-да!
Хўш, соя қандай ўсимлик ўзи? Сўз бораётган тажриба натижалари хусусида гапиришдан аввал мазкур дуккакли экин ҳақида қисқача маълумот берсак.

* * *

Соя – дунё миқёсида бебаҳо ўсимлик сифатида қадрланади. Унинг бир қатор маҳаллий навларини яратган андижонлик олима, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Маъмура Маннопованинг қайд этишича, ривож­ланган мамлакатларда соя донидан озиқ-овқат саноатида, жумладан, оқсил тақчиллигини бартараф қилишда кенг фойдаланилади. Соя уни калорияси буғдой унига нисбатан бирмунча юқори. Таққос учун: 100 грамм соя унида 450 калория бўлса, шунча миқдордаги буғдой уни 360, мол гўшти 138, тухум 162, сут 66 калорияга эга. Соя сути турли хасталикларга даво экани баробарида чанқоқбосди парҳез ичимлик ҳамдир. Ушбу экиндан олинадиган мойни Ер юзи аҳолисининг 40 фоизи экологик жиҳатдан энг тоза ва яхши ҳазм бўлувчи ўсимлик мойи сифатида истеъмол қилади. АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Исроил каби мамлакатларда соя оқсили асосида донадорлаштирилган оқсил тайёрланиб, ундан колбаса, сарделка, ветчина, окорочка, конфет, торт, пишлоқ сингари юқори тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Хитойликлар унинг донидан 300 хилдан ортиқ таом тайёрлайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, масала бежиз кун тартибига чиқмагани аён бўлади.

* * *

Ана энди амалий ҳаракатлар-у ҳосилнинг чўғидан гаплашсак?
Андижон вилояти бўйича ўтган йили оз эмас, 15 минг гектар майдонга соя экилди. Яъни, ғўза қатор ораларининг 10 минг гектарига уруғ тушган бўлса, тағин 5 минг гектар ерга такрорий экин сифатида жойлаштирилди. Яна ҳам аниқроқ айтсак, 3 минг 608 нафар фермер янгиликни синаб кўрди. Тўрт ойлик саъй-ҳаракатлардан сўнг вилоят бўйлаб олинган якуний натижа эса кутилаётган ҳосилдорликнинг бор-йўғи 38,6 (!) фоизини ташкил этди, холос. Хусусан, режадаги 3 минг 26 тонна ўрнига 1 минг 169 тонна соя дони йиғиб-териб олинди. ­Бошқа ҳудудлар қатори юқорида зикр этилган Бўстон туманида ҳам 42,7 фоизлик кўрсаткич қайд этилгандики, ҳоким Садбархон Мамитованинг «Соя қани?» дея фермерларнинг бошида нега «қамчи ўйнатгани» аёнлашади.
Саратон офтобида шунча заҳмат-у риёзат (ахир ғўза орасига доналаб уруғ қадаб чиқишнинг ўзи бўладими?) чекиб, яна денг, сояшунос олиманинг тавсиялари асосида дала юмушларини ташкил этган деҳқонларнинг салкам ярим йиллик «тоат-ибодати» нега ҳавога учди? Камига аксарият фермерлар мазкур жараён ортидан даромад ўрнига нега зиён кўришди? Воқеликни бир фермер хўжалиги мисолида таҳлил қилиб кўрайлик-чи, қани?!

* * *

Олтинкўл туманидаги «Истиқлол» илмий экспериментал фермер хўжалиги раҳбари Тоҳиржон Режаповга ҳам 2 гектар ерга такрорий экин ўрнида соя етиштириш кўрсатмаси берилди. Тоҳиржон Режаповни наинки туманда, вилоятда ҳам яхши билишади: мустақилликнинг дастлабки йилларида бир муддат Олий Мажлисга депутат бўлган. Эллик йиллик деҳқон – фермерлик ҳаракатини биринчилардан бўлиб бош­лаб берган илғорлардан. Хўжалик ташкил топибдики, ғалла, пахта ва пилла етиштириш кўрсаткичлари анча-мунча ҳамкасблари ҳавас қилгулик даражада.
Хуллас, Тоҳиржон Режапов ғалладан бўшаган 2 гектар ерга соя экди ва кузда 1 минг 200 килограмм дон олди. Бу – ҳосилдорлик гектар ҳисобига 6 центнердан тўғри келди, дегани. Энди харажат ва даромаднинг мутаносиб­лигини фермернинг ҳисоб-китоби бўйича чўтга солсак!
Фермер барча учун бирдай тавсия этилган хориж селекциясига мансуб ­навдан 200 килограмм харид қилганини айтади. Бунинг учун ҳар килограмми 37 минг сўм бўлган уруғлик 7 миллион 400 минг сўмга тушади. Ерни экинга тайёрлаш мақсадида ҳайдов трактори ёлланиб, айни хизмат учун механизаторга 800 минг сўм ҳақ берилади. Бундан ташқари, ҳайдов жараёнида 80 литр дизел ёнилғиси сарфланади. Ҳайдовдан сўнг ер текислаш, эгат олиш ҳамда борона қилиш агротехник тадбирларига ҳам яна 80 литр ёнилғи ишлатилади. Ихтиёрида ерга уруғ қадовчи техника йўқлиги боис, қўл меҳнатига суянади: 5 киши ҳар бири кунига 80 минг сўмдан ҳақ олиб, икки кун давомида 800 минг сўм эвазига уруғни экиб беради. Лекин ўсимлик бўй кўрсатган паллада уруғликнинг 50-60 фоизи униб чиқади, холос. Ҳосилдорлик яхши бўлмаслигини кўз олдига келтирган фермер яккам-дуккам кўчатлар орасига иккинчи марта уруғ эктиради. Бунинг учун деҳқон аёллар 250 минг сўм хизмат ҳақи олишади. Ана шундан кейингина даланинг 85-90 фоиз қисмида кўчат униб чиқади.
Парвариш жараёни бошланишидан то ҳосил етилгунга қадар экинзорга 1 миллион сўмдан зиёд маб­лағ эвазига ўғит солинади. Тўрт бор суғорилади. Бунинг учун сувчи гектар ҳисобига 50 минг сўмдан жами 400 минг сўмни қуртдай санаб олади. Тўғри-да, мушук текинга офтобга чиқармиди? Экинзорни бегона ўтлардан тозалаш ва шу каби бошқа тадбирларга нақд пул сарф этилмайдики, бу юмушлар баҳонасида фермернинг оила аъзолари кеч кузгача даладан бери келмаганини таъкидлаш шарт бўлмаса керак?
Шу тариқа ҳосил пишиб етилади ва икки кун мобайнида беш нафар ўримчи 500 минг сўм хизмат ҳақи эвазига икки гектар ердаги сояни юлиб, хирмонга ғарамлайди. Комбайнчи эса 20 литр ёнилғи ва фермернинг қўлидаги 200 минг сўмни кўргач, соя донини бир зумда поясидан ажратиб беради. Умумий ҳосилдорлик эса, юқорида айтганимиздек, 1 минг 200 килограммни ташкил этади. Демак, икки гектарга экилган уруғ то пишиб етилиб, донга айланиб, хирмонга тўкилгунча фермер 13 миллион сўмнинг нари-берисида харажатга тушяпти.
Фермерлар етиштирган соя донини ёғ-мой корхонаси харид қилаётган экан: ҳар килограммига 8 минг сўмдан ҳақ тўлаб! Табиийки, Тоҳиржон Режапов сингари бош­­қа ҳамкасблари ҳам харидорни саволга тутишади: «Уруғликни 37 минг сўмдан олиб, ҳосилини 8 минг сўмдан сотамизми? Қани адолат?» Буюртмачи соянинг харид баҳосини айни нарх-наводан орттиролмаслигини очиқ-ойдин айтадики, гапнинг мазмунидан «Хоҳласанг – шу, бўлмаса – катта кўча!» деган оҳанг сезилганини илғаётган бўлсангиз керак. Айни вазиятда фермерларда «Сен бўлмасанг, бошқаси!» дея бош­­қа харидор излаш имконияти йўқ ҳисоби – маҳсулотини кўтарасига харид қилишга кимнинг ҳам кўзи учиб турибди дейсиз? Боз устига одамлар соя мойи ёки соя унини доимий истеъмол қилишга ўрганмаган бўлса?
Қисқаси, бошқа фермерлар қатори Тоҳиржон Режапов ҳам минг машаққатда етиштирган ҳосилини 9 миллион 600 минг сўмга ягона харидорнинг қўлига тутқазишга рози бўлади. Ҳолатнинг ҳисоб-китоби мактаб ўқувчисига ҳам аён: фермер шунча куйиб-пишиши эвазига ­бунёд бўлган ҳосилдан ўртача 3 миллион сўм зиён кўряпти.
Ана энди бир таққослаб кўринг: Олтинкўл томонларда ­такрорий экин ўрнида бир гектар ерда супурги парваришлаган деҳқон якунда камида 5 миллион сўм соф фойда олади. Шундай экан, икки гектар ерга соя экиб, якунда 3 миллион сўм зиён кўрган маъқулми ёки супурги парваришидан 10 миллион сўм соф даромад олишми? Ана энди 10 гектарлаб соя парвариш қилганларнинг кўрган зарар миқдорини хомчўт қилиб кўринг.

* * *

Ушбу жумлаларни ўқиган қиш­лоқ хўжалиги мутасаддилари орасида эътироз билдирувчилар топилиши мумкин: фермернинг ўзи нўноқдир-да, бор-йўғи 6 центнердан ҳам ҳосил оладими? Аммо келтирилаётган далил ягона эмас-да! Вилоят бўйлаб белгиланган режалар аро йўлда қолиб кетганини юқорида тилга олдик. Бундан аёнки, соя экиб зиён тортган юзлаб фермерларнинг аҳволи Тоҳир Режаповнинг ҳолатидан кам эмас!
Умумий манзара шундай экан, соя етиштиришнинг турган-битгани зиён демоқчимизми? Йўқ, асло! Қайтанга, мазкур экиннинг бебаҳолигини инкор этмаган ҳолда, янгиликни амалиётга жорий этишда илмий ёндашув етишмагани, хориждан келтирилган уруғликнинг маҳаллий навларга нисбатан бир неча баробар қиммат нархда экани-ю, катта-катта рақамларни қувиш ортидан кўплаб фермерларнинг «шўрига шўрва тўкилганини» таъкид этмоқчимиз, холос.
Аслида, соя парвариш қилиш андижонлик деҳқонлар учун янгилик эмас. Йигирма йиллар аввал ушбу экинга алоҳида эътибор берилиб, катта майдонларда етиштирилгани маълум. Айни кезларда Андижон ёғ-мой корхонаси таркибида соя сути ишлаб чиқарувчи технология жорий этилган, такрорий ҳолатда парвариш қилинган ўсимликдан гектар ҳисобига 20-24 центнердан ҳосил олинган эди. Ҳатто, соянинг дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтида яратилган маҳаллий навларини Асака тумани фермерлари синаб кўриб, эртаки экин ҳисобига ҳосилдорликни ҳар гектар майдондан 35-40 центнергача етказишаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Ҳозирги ҳолатда-чи? Хориждан келтирилган уруғлик бўйича фермер кимга даъво қилади? Дангал гапни айтсак, фермернинг арз-додига ким қулоқ солади?
Ҳар қандай янгилик, айниқса, турган-битгани меҳнат ва харажат билан боғлиқ бўлса, ­оммавий равишда эмас, балки бир нечта тор доираларда эксперимент қилиниши нодонгаям аён! Узоққа бормайлик, Андижонда жорий этилган чигитни плёнка остига экиш таж­рибаси ҳам саноқли хўжалик­ларда бир неча йил давомида олимларнинг узлуксиз назорати остида синовдан ўтказилиб, мавсумий натижалар таққосланиб, илмий тавсиялар умумлаштирилиб, янгича ёндашув яхши ўзлаштирилгандан сўнггина катта майдонларда қўллашга изн берилган эди-ку!
Зикр этилаётган ҳолатда эса деҳқонларнинг тушига ҳам кирмаган янги тажрибани биринчи йилиёқ минглаб фермер хўжалик­ларида – 10 минг гектар ғўза орасида оммавий синаб кўришга тушиб кетилди. Устига устак, ҳар бир фермер хўжалигига бажарилиши мажбурий ҳисобланмиш режа қўйилдики, деҳқончиликни уддалай олмаганларнинг вазиятдан қандай чиққанлиги ўзиларигагина маълум. Ахир ҳар бир ўсимликнинг ўз агротехникаси бор. Битта эгатда икки хил экинни парвариш қилиш ортидан келадиган даромад ва буромад ҳар қандай тарози палласини ўйнатиб юбориши янгилик эмас-ку. Шундай экан, ҳали ўзини оқлаб улгурмаган тажриба учун ҳар бир фермерга режа қўйилиши қай даражада адолатли?
Афтидан, бу йил ҳам ўтган мавсумдагидан-да каттароқ майдонларга соя экинини жойлаштириш масаласи ҳозирданоқ кун тартибига чиқмоқда. Бу гал ҳам «оғзим куйиб қолмасин» дея ўйланаётган фермерлар экин-тикин ишларида «бирор-бир экспертдан аниқ-тиниқ маслаҳат олайин» деса, йўл-йўриқ кўрсатадиган, масъулиятни бўйнига оладиган мард топилмаяпти. Бирдан-бир маслаҳатчи – Дилором Ёрматованинг сўз бораётган масалада 2010-2011 йилларда Сирдарёда ­тажриба ўтказиб, катта натижага эришгани ҳақидаги икки энли маълумот матбуотда қайта-қайта ёзилган бўлса-да, «Қандай қилиб? Қанақасига? Ниманинг эвазига?» сингари саволлар гирдобида ўйланаётган андижонлик аксарият деҳқонларда ҳозирча бу мавзуда бирор-бир тасаввурнинг ўзи йўқ.

Нурилло НЎЪМОНОВ