Рақобат йўқ жойда коррупцияга йўл очилади

69

«Ishonch» газетасининг 2021 йил 4 февраль сонидаги «Сифат масаласими ёки монополия?» сарлавҳали мақолани ўқиб…

Монополия бор жойда рақобат ва ривожланиш бўлмаслиги исбот талаб этмайдиган аксиома. Барча соҳаларда рақобат муҳитини яратиш, холислик ва шаффофликни таъминлаш масаласи кун тартибига қўйилган бир пайтда Халқ таълими вазирлигининг дастур, дарслик ва қўлланмалар яратиш соҳасида амалга ошираётган ислоҳотларда, афсус­ки, бунинг аксини кўряпмиз.
Хўш, дарсликлар соҳасидаги монополияни ким назорат қилади? Ушбу соҳада монополия ўрнатишдан ким ёки қайси ташкилот манфаатдор?
Монополияга қарши курашиш қўмитаси республикамизнинг товар ва молия бозорларида рақобат муҳити ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устун мавқеини суиистеъмол қилиши, «картель» келишувлари ва тил бириктириш, инсофсиз рақобатни аниқлаш ва уларга чек қўйиш билан шуғулланади.
Интеллектуал мулк агентлиги эса интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлайди. Демак, дарсликлар масаласи ҳар икки ташкилотга ҳам тааллуқли эмас.
Халқ таълими вазирлиги ­дарслик ва қўлланмаларнинг ҳам яратувчиси, ҳам истеъмолчиси ҳисобланади ва ушбу жиҳат, бизнингча, мазкур соҳада монополияга кенг йўл очади. Ўрнатилган тартибга кўра, дарсликлар вазирлик ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан яратилади ва тажриба-синовдан ўтказилади. Дарслик­ларнинг санитария меъёрларига жавоб беришини Бош давлат санитария врачи тасдиқлайди.
Кўриниб турибдики, айрим ташкилотлар билан келишилишини ҳисобга олмаса, дарслик ва қўлланмаларни яратишдаги барча асосий жараёнларни Халқ таълими вазирлиги тасарруф этади.
Умумтаълим мактаблари учун дарслик ва қўлланмалар яратиш, чоп этиш ва қайта нашр этиш учун ҳар йили давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ ажратилиши назарда тутиладиган бўлса, ушбу йўналишдаги монополия қанчалар зарарли эканини англаш сира қийин эмас. Қолаверса, бу таълим-тарбия, ўз навбатида, дарслик ва қўлланмалар сифати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Президентнинг 2020 йил 6 ноябрдаги «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, барча фанлардан яратилаётган Миллий ўқув дастурини жорий қилиш бўйича тажриба-синов ишларини лозим даражада ўтказиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Рес­публика таълим марказига ­қуйидаги ваколатлар берилган:
– умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти, таянч ва вариатив ўқув режалари ҳамда ­дастурларини ишлаб чиқиш;
– Халқ таълими вазирлиги буюртмасига асосан муаллиф ва тузувчиларни танлаш ҳамда дарслик­лар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларнинг ягона макетларини яратиш;
– яратилган дарсликлар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларни экспертиза қилиш, уларни таълим тизимида қўллаш бўйича хулоса бериш;
– ўқув режа, дастурлар, яратилган дарслик ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларни тажриба-синовдан ўтказиш ишларига раҳбарлик қилиш.
Халқ таълими вазирлиги қарор лойиҳасини тайёрлаш жараёнида белгиланган вазифаларни ўз режасига мувофиқ шакллантирганлигини инкор этмаса керак. Лекин Миллий ўқув дастурлари ҳамда дарсликларга муаллиф ва тузувчиларни танлаб олиш жараёни қандай кечди? Муаллифлар ва тузувчиларни танлашда қайси мезонларга асосланилди?
Билишимизча, Республика таълим маркази новатор, деб тан олган ва Миллий дастурларни яратган жамоа ҳар бир фан бўйича барча синфлар учун дарсликлар яратишга ҳеч қандай танловларсиз жалб этилган. Гарчи муаллиф ва тузувчиларни танлаб олиш бўйича ижтимоий тармоқларда номига эълонлар берилган бўлса-да, ариза йўллаган номзодларнинг сўровлари бутунлай беэътибор қолдирилган, натижаси бўйича маълумот берилмаган.
Бу ўринда яна бир тушунарсиз ҳолат борки, изоҳ талаб этади. Бундан икки-уч йиллар аввал Халқ таълими вазирлиги таълим мазмуни ва сифатини яхшилаш учун муқобил дарсликларни яратиш ва таълим тизимига жорий этиш бўйича ташаббусларни зўр бериб тарғиб қилган эди. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 апрелдаги «Умумтаълим мактаб­лари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва шу қарор асосида «Умумий ўрта таълим мактаблари учун муқобил дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тақдим этувчи ижодий жамоаларга йўриқнома» ҳам ишлаб чиқилган эди (бу ҳақда Халқ таълими вазирига йўллаган очиқ хатимизда ҳам мулоҳаза юритган эдик). Республика таълим маркази танлаб олган гуруҳ дарсликлар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларнинг ягона макетларини яратишни муқобил дарсликлар яратилмаслигига ишора, деб тушуниш керакми?
Мақолада муаллиф қайд этганидек, дарсликлар давлат аҳамиятидаги товарлар рўйхатига киритилган бўлиб, шу пайтгача уларни яратиш жараёнида уч босқичли танловлар ўтказилар эди. Яъни, дастлаб дарс­ликни яратувчи энг яхши ижодий жамоалар, кейин энг яхши дарслик ва ниҳоят дарсликни чоп этиш ­бўйича мақбул нашриёт танлаб олинар эди. Тўғри, бу жараёнлар ҳамиша силлиқ, холис ва шаффоф ўтган, инсон омили аралашмаган, деб бўлмайди, лекин бир неча муаллифлар гуруҳлари ғолиблик учун рақобат олиб боргани рост.
Яқин-яқинларгача коррупция, манфаатлар тўқнашуви ҳамда турли гап-сўзларнинг олдини олиш мақсадида Республика таълим марказининг масъул ходимлари ёки раҳбарлари дарслик муаллифи ёки тузувчиси сифатида танловларда иштирок этиши мумкин эмас эди, аниқроғи, бунга йўл қўйилмасди. Эндиликда шу оддийгина этика қоидаларига ҳам амал қилинмаяпти – марказ директорининг фамилияси 5-синф «Она тили» ва «Тарбия» дарсликлари муқовасини безаб турибди.
Айтмоқчи бўлганимиз, дарслик ва қўлланмалар таълим мазмунини белгиловчи асосий манба экан, уни яратиш жараёнида ҳам рақобат муҳити, холислик ва шаффофлик таъминланиши, ушбу ишга қодир бўлган олим ва амалиётчиларга тенг имконият берилиши шарт. Акс ҳолда, ушбу соҳада монополия нафақат сифатга таъсир кўрсатади, балки таниш-билишчилик, коррупция ва манфаатлар тўқнашувига кенг йўл очади.

Шаҳноза ЭРГАШЕВА,
филология фанлари номзоди