ЭЛЕКТРОН КАДАСТР ХИЗМАТЛАРИ Фуқаролар учун ҳам, мутахассислар учун ҳам қулайлик яратади

484

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Жаҳон банки иштирокида «Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва кадастр тизимларини модернизациялаш» лойиҳасини амалга оширмоқда.
Лойиҳа ҳақида янада аниқ маълумотлар олиш мақсадида «Давергеодезкадастр» давлат қўмитаси мутахассиси Бекзод НИШОНОВ билан суҳбатлашдик.

– Биринчи мақсад шуки, – дей­ди суҳбатдошимиз, – бугунги кунгача қоғозда юритиладиган тизимни рақамли кўринишга олиб келиш. Бу бизга нима беради? Биринчи навбатда, фуқароларга кадастр хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқаради. Кейинчалик ушбу соддалаштирилиш жараёнлари давлат хизматлари нархининг тушишига ҳам олиб келиши мумкин. Иккинчи томондан давлат хизматларини кўрсатаётган соҳа мутахассислари учун қулайлик яратилади.
Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг мавжуд «қоғоз» тизимини модернизациялаш жараёнида унинг ахборот тизими электрон ҳукуматнинг таркибий қисми сифатида геоахборот ва web технологияларидан фойдаланилган ҳолда яратилади.
Лойиҳа амалга оширилишида кадастр ҳужжатлари, кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқлар давлат реестрлари, картографик материаллар рақамлаштирилади. Кадастр тизимидаги давлат хизматлари кўрсатиш, жумладан, кадастр съёмкалари, инвентаризациядан ўтказиш, кадастр йиғма жилдларини тайёрлаш, кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ер ресурсларини бошқариш, шунингдек, барча ваколатли ташкилот ва идораларнинг ахборот таъминоти жараёнлари компьютерлаштирилади. Қўмитанинг «Маълумотларни қайта ишлаш маркази» ҳамда 14 та ҳудудий кадастр давлат корхоналари ахборот тизимини жорий қилиш учун замонавий алоқа, компьютер ускуналари, дастурий таъминотлар ва рақамлаштириш учун самарадорлиги юқори бўлган сканерлар билан жиҳозланади.
Бугунги кунда ахборот тизимига киритиладиган маълумотларни рақамлаштириш бўйи­­ча методик қўлланма, йўриқномалар ишлаб чиқилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида синов тариқасида рақамлаштириш ишлари бажарилмоқда. Ахборот тизимининг техник хусусиятларини ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича замонавий услуб­ларда ўқув курслари ташкил этилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш давомида интерактив хизматлардан фойдаланиш ёрдамида ҳамда хизматлар турини кенгайтириш орқали кадастр ва рўйхатдан ўтказишда жаҳон стандартлари жорий қилиниб, давлат хизматлари сифати оширилади. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни фуқаролар ва соҳа мутахассислари учун ҳам соддалаштирилади. Бу билан «Бизнесни юритиш» халқаро рейтингининг «Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш» қисми бўйи­­ча Ўзбекис­тон кўрсаткичларининг ошишига, натижада хориж инвестицияларининг жалб қилинишига кенг йўл очилади.

Озода БЕКМУРОДОВА
суҳбатлашди

Бошқа хабарлар